Жаҳон | 10:57 / 29.01.2025
4684
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди Трампнинг грантларни музлатиш ҳақидаги фармонини вақтинча тўхтатиб қўйди

Вашингтондаги судя Оқ уйнинг федерал грантларни тўхтатиш тўғрисидаги буйруғини вақтинча тўсиб қўйди, чунки бу ҳаракат «тузатиб бўлмайдиган зарар келтиради».

Фото: Getty Images

28 январ, сешанба куни Вашингтон суди Трамп маъмуриятининг барча федерал грантлар ва бошқа турдаги ҳукумат ёрдамларини музлатиш ҳақидаги буйруғини вақтинча блоклади, деб хабар бермоқда CNN. Бошқарув ва бюджет идорасининг (OMB) буйруғи кучга киришидан бироз олдин, судя Лорен Алихон нотижорат ташкилотлар, кичик бизнес эгалари ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари вакили бўлган бир нечта адвокатлик гуруҳлари томонидан берилган даъвони қондириб, фармонга вақтинчалик тақиқ қўйди.

Судя ўз қарорини Оқ уй буйруғи «тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши хавфи» билан асослади. «Ҳукумат музлатиб қўйиладиган дастурларнинг тўлиқ ҳажмини тушунмайди», деди судя.

Америка матбуотига кўра, Трампнинг қарори, жумладан, университет грантлари, кичик бизнес учун кредитлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва гендер хилма-хиллигини қўллаб-қувватлашга таъсир қилади. Оқ уй барча федерал ёрдам дастурлари тўхтатилишини ушбу дастурлар Трамп сиёсатидаги устувор йўналишларга қанчалик мос келишини текшириш зарурлиги билан изоҳлади.

Кейинги суд мажлиси 3 февралга белгиланган. Шу пайтгача Трамп маъмурияти АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган ҳукумат ёрдам дастурлари доирасидаги тўловларни тўхтата олмайди, дея қарор қилди судя.

Бошқа мамлакатларга ёрдамларни тўхтатиб туриш

Давлат котиби Марко Рубио 25 январ куни амалдаги аксарият хорижий ёрдам грантлари бўйича тўловларни 90 кунга музлатиш ва янги грантларни тўхтатиб туриш тўғрисида фармон чиқарди. Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу маблағларни тақсимлаш унинг ташқи сиёсатига мос келадими-йўқми, шу масалани текширишни буюрган эди.

Мавзуга оид