Жаҳон | 22:06 / 28.01.2025
2901
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 17 киши номаълум касалликдан вафот этди

Ўлим ҳолатлари чекка Бадхал қишлоғида қайд этилган. Ҳудуддаги 200 дан ортиқ инсон карантинга олинган.

Фото: Getty Images

Ҳиндистондаги Жамму ва Кашмир иттифоқ ҳудуди ҳукумати 17 кишининг ўлимига сабабчи бўлган номаълум касаллик бўйича тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда маҳаллий амалдорларга таяниб, Press Turust of India агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, чекка Бадхал қишлоғида декабр ойидан одамлар вафот этишни бошлаган — уларнинг 13 нафари болалардир. Ўтган ҳафта қишлоқ «алоҳида зонага» айлантирилган бўлиб, 200 дан ортиқ инсон карантинга олинган.

Ражпури давлат тиббиёт коллежи бошқарувчиси Амаржит Сингх Бхатиянинг маълум қилишича, ўлим ҳолатларининг барчасида мия ва асаб тизимига зарар етган. Ҳалок бўлганлар — уч оиланинг аъзолари.

«Қишки байрамларни ҳам кечиктиришга тўғри келди, биринчи навбатда тиббий муаммони ҳал қилиш керак», — дейди Бхатия.

Федерал ҳукумат соғлиқни сақлаш вазири Житендра Сингх билан биргаликда терговни бошлаб юборган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, ўлим ҳолати «инфекция, вирус ёки бактерия сабаб эмас, балки захарли модда туфайли» юзага келган.

«Токсинлар гуруҳи устида ўрганишлар олиб бориляпти. Тез орада ечим топилишига умид қиламан. Бундан ташқари, жиноят ёки қасддан амалга оширилган ҳаракатлар эҳтимоллиги ҳам текширилмоқда», — дейди Сингх.

Декабр бошларида ЖССТ Конгода 24 октябрдан бери 400 дан ортиқ инсонда номаълум вирус аниқлангани ва уларнинг 30 дан ортиғи вафот этгани тўғрисида хабар берганди. Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, бош оғриғи, тумов, йўтал ва танадаги оғриқлар каби белгилар билан кузатилган. Касалликка чалинганларнинг асосий қисмини беш ёшгача бўлган болалар ташкил этган. Кейинроқ бу оддий мавсумий касалликлар, безгакнинг оғир шакли ва етарлича тўйиб овқатланмаслик сабаб келиб чиққани маълум бўлганди.

Мавзуга оид