Колумбия президенти муҳожирларни қуваётган АҚШга: «Уларга жиноятчидек муомала қилманг»
Кеча Америкада қизиқ иш бўлди, бу ҳақда сизга айтиб бермасак бўлмайди. Кўзингиз тушган бўлса керак, Трамп ноқонуний мигрантларни қувишни ваъда қилгани учун мамлакатга Мексика ёки денгиз орқали кириб борган ноқонуний муҳожирларга чинакам «ов» бошланган. Дастлабки уч куннинг ўзида 1,5 мингга яқин мигрант ушланиб, уларнинг бир қисми келган жойига учириб юборилган.
АҚШ ноқонуний мигрантларни яқинроқ мамлакатдан бўлса, самолётга солиб уйига олиб бориб қўймоқда. Худди шундай иккита АҚШ ҳарбий транспорт самолёти колумбиялик ноқонуний мигрантларни миндириб Богота томонга учиши керак эди. Учоқ парвозга шайланаётган вақтда эса Колумбия президенти Густаво Петро уларга мамлакатга қўнишга рухсат бермаслиги ҳақида эълон қилди.
Доналд Трамп бу ҳолатга тезда муносабат билдириб, агар Колумбия АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган фуқароларини қабул қилмаса, бу мамлакатдан Америкага кирадиган ҳар қандай маҳсулотга 25 фоиз қўшимча бож жорий қилиши, бир ҳафтадан кейин божлар 50 фоизга етишини айтиб таҳдид қилди. Шунингдек, Трамп Колумбия ҳукуматидаги барча одамлар, уларни қўлловчилар, партия вакиллари, уларнинг оила аъзоларининг визалари бекор қилинишини айтди.
Колумбия президенти Густаво Петро «Трамп бўлсанг ўзингга» қабилида иш тутиб, биз ҳам Америка маҳсулотларига 25 фоиз қўшимча бож қўямиз, деди.
Одамлар энди бодроқ ғамлаб вазиятни қизиқиш билан томоша қилаётган эдики, кечга бориб ҳаммаси тугаб қолди. Трамп ва Петро икки давлат ўртасида савдо уруши бошлаб юборишига сал қолганди, лекин можаро Колумбия сериаллари каби чўзилмади. Президентларнинг таҳдидомуз гапларидан ҳеч қанча ўтмай Оқ уй Колумбия чекингани, шу боис бу давлатга қарши чекловлар жорий этилмаслиги ҳақида баёнот берди.
«Колумбия ҳукумати президент Трампнинг барча шартларига рози бўлди. Хусусан, колумбиялик муҳожирларни чекланмаган миқдорда қабул қилиш ва уларни АҚШ ҳарбий самолётларида ташиш шартига ҳам», дейилади Оқ уй баёнотида.
Оқ уй хабарида айтилишича, Колумбияга қарши божлар ва санкция тўғрисида фармон тайёрлаб қўйилган, Колумбия келишувни бузган тақдирда улар кучга киради. «Бугунги воқеалар Американи яна ҳурмат қила бошлаганини кўрсатади. Президент Трамп бошқа давлатлар ҳам АҚШда ноқонуний бўлиб турган фуқаролари депортация қилиниши бўйича ҳамкорлик қилишига умид билдиради», дейилади Оқ уй хабарида.
Президент самолёти юборилади
Колумбия ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ва Богота кечга бориб бу борада тил топишгани ҳақида баёнот берди. Президент Петро АҚШдан ноқонуний мигрантларни олиб кетиш учун халқ пулига сотиб олинган ва унга хизмат қиладиган самолётини юборишини айтди. Колумбия президенти АҚШ ноқонуний мигрантларни айнан ҳарбий самолётда юбораётганидан норози бўлганди: «Биз фуқароларимизни фуқаролик самолётида қабул қиламиз. Уларга жиноятчилардек муомала қилманг», деган Петро.
Маълумот учун, АҚШ мамлакат импорт қиладиган қаҳванинг 20 фоизини Колумбиядан олади. Бу эса йилига 2 миллиард доллар дегани. Бундан ташқари, Колумбия АҚШга нефт, банан, авокадо, гул каби маҳсулотлар экспорт қилади.
Трамп ва Лотин Америка
Доналд Трамп президентлик кампанияси доирасида берган энг катта ваъдаларидан бири айнан мигрантларни қувиб солиш бўлганди. Лекин унинг жамоаси ҳозирча кутилганидек катта рейдларни амалга ошираётгани йўқ. Чунки охирги бир йилда Байден маъмурияти буйруғи билан ҳар куни ўртача 409 нафаргача ноқонуний мигрантлар ушланарди. Трамп вақтида кўрсаткичлар унчалик кескин фарқ қилмаяпти.
Трамп мигрантларни муваффақиятли депортация қилиши учун табиийки Лотин Америкаси давлатлари билан яхши муносабатда бўлиши керак. Ахир Америкага ноқонуний кириб келаётган мигрантларни асосан Лотин Америкаси давлатларидаги жиноий тўдалар чегарагача олиб келади. Маҳаллий ҳукуматлар қўлловисиз бу тизимни тўхтатиб бўлмайди. Аммо Трамп негадир ишни Жанубий Америкадаги давлат президенти билан можарога боришдан бошлади...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид

22:00 / 10.03.2025
Украина дунёдаги энг йирик қурол импортчисига айланди

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

19:40 / 10.03.2025
Bloomberg: Трампнинг маслаҳатчилари Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш режасини ишлаб чиқмоқда

16:37 / 10.03.2025