Жаҳон | 01:00 / 26.01.2025
6062
2 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилда Исроил озод қилган фаластинликлар тантана билан кутиб олинди — видео

Исроил ҲАМАС билан тузилган сулҳ доирасида озод этган 114 нафар маҳбус учта автобусда Рамаллоҳ шаҳрига етиб келди. Қолган фаластинликлар Миср ва Ғазо секторида кутиб олинди.

Фото: Reuters

Исроил ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида озод этилган 114 нафар фаластинликни Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрига юборди, деб хабар беради Al Qahera.

Исроил қамоқхона хизматининг маълум қилишича, умумий ҳисобда 200 нафар фаластинлик маҳбус озод этилган. Рамаллоҳ шаҳрига юборилганлардан ташқари яна 70 киши Мисрга, 16 киши эса Ғазо секторига жўнатилган.

Ўз навбатида ҲАМАС Қизил хоч жамиятига гаровга олинган тўрт нафар исроиллик аёлни топширган. Наами Леви, Карина Ариев ва 20 ёшли Даниэл Гилбоа ва 19 ёшли Лири Албаг озодликка чиқди. Уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар бўлиб, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан Исроилга қилинган ҳужумда қўлга олинган.

Озод қилинган маҳбуслар автобуслардан чиқаётганда баланд ҳайқириқлар билан кутиб олинган. «Худога шукур! Бу ажойиб ҳиссиёт, мен буни тасвирлаб бера олмайман! Қамоқхонада 6 йил ва 2 ой ўтирдим», — дейди озод этилган Баккер Кваавиш.

Исроилда ҳибсда сақланган ва бугун озод этилган маҳбусларнинг энг ёши — 16 да, энг каттаси эса 69 ёшли Муҳаммад ал-Тоусудир. У 1985 йилда Исроил қўшинларига қарши кураш вақтида ҳибсга олинган 39 йилдан бери қамоқда ўтирган. Таъкидланишича, озод этилганларнинг 121 нафари умрбод қамоқ жазосини ўтаётган бўлган.

Название

19 январ куни исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга биринчи алмашиш бўлиб ўтганди. ҲАМАС исроиллик уч нафар аёлни озод қилган. Гуруҳ Ғазо шаҳридаги Сарая майдонида гаровга олинганларни Қизил Хоч жамиятига топширган. Келишув доирасида Исроил 20 январга ўтар кечаси 90 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилган эди.

Умумий ҳисобда ҲАМАС томонидан ушлаб турилган 97 нафар исроилликдан 33 нафари 6 ҳафта ичида озод этилиши керак. Гаровга олинган ҳар бир фуқаро учун Исроил 30 нафар фаластинликни, гаровга олинган ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафар фаластинликни озод қилади.

Мавзуга оид