Ўзбекистон | 11:38 / 25.01.2025
10745
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ҳокимининг амалдорларни мукофотлаш ҳақидаги фармойиши бекор қилинди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўзининг ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларини мукофотлаш учун 661 млн сўм ажратди. Аммо ҳокимнинг бу ҳақдаги фармойиши жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Шундан сўнг ҳужжат бекор қилиниб, маблағлар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига йўналтирилиши белгиланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларини мукофотлаш учун 661 млн сўм маблағ ажратди. Бу ҳақда 20 январ куни вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилинган. Аммо ҳужжат e-qaror.gov.uz платформасида “шахсга доир маълумот борлиги” важи билан яшириб қўйилган.

Daryo нашрининг хабар беришича, фармойишда вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг 2025 йил 14 январдаги билдиришномаси ҳамда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 14 январдаги хати инобатга олиниб, вилоят бюджетининг 2025 йил бошида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўз фаолиятларида эришаётган муваффақиятлари, ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан, сифатли ва ўз вақтида бажараётганликлари учун мукофотлаш белгиланган. Бунинг учун жами 661 млн 250 минг сўм ажратилган.

Жумладан, вилоят ҳокимининг 7 нафар ўринбосарини рағбатлантириш учун 201 млн 250 минг, вилоят ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари — вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғини рағбатлантириш учун 28 млн 750 минг сўм, шунингдек, Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш учун эса 431 млн 250 минг сўм ажратилган.

Улуғбек Қосимовнинг мазкур фармойиши жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Шундан сўнг ҳокимлик ахборот хизмати ушбу ҳужжат бекор қилинганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш тўғрисида қабул қилинган 2025 йил 20 январдаги 12−8−0-Ф/25-сонли фармойиши юзасидан турли постлар эълон қилинди. Мазкур фармойиш қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинди», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, маблағлар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига йўналтирилиши белгиланган.

Мавзуга оид