Ўзбекистон ҳукумати аъзолари Доналд Трампнинг инаугурациясини АҚШ элчихонасида кузатди
20 январь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник қароргоҳида Доналд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига киришиши шарафига Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мансабдор шахслари учун расмий зиёфат уюштирилди.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси
«Йиғилган меҳмонлар дунё бўйлаб миллионлаб одамлар иштирокида ушбу тарихий воқеа гувоҳи бўлди ва мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ва узоқ муддатли шериклик ҳақида фикр юритди. Биз Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлигимизни Трамп маъмурияти остида давом эттиришни интиқлик билан кутамиз», — дейилади элчихона матбуот хизмати хабарида.
АҚШ элчихонасидаги расмий зиёфатда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Комилов, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори ва Олий мажлис депутати Акмал Саидов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Жавлон Ваҳобов ва бошқалар кўриниш берган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 20 январь куни ўз лавозимини расман эгаллади ва қасамёд қилди.