Ғазо секторида сулҳ бошланмаяпти, Исроил амалиётни давом эттирмоқда
Нетаняҳу армияга Ҳамас Исроилга озод этиладиганлар рўйхатини тақдим этмагунича ўт очишни тўхтатмасликни буюрган.

Фото: Reuters
Исроил ва Ҳамас ўртасида 19 январ куни маҳаллий вақт билан 8:30 да (Тошкент вақти билан соат 11:30) бошланиши керак бўлган ўт очишни тўхтатиш режими кечиктирилди. Ҳамас бунгача Исроилга якшанба куни озод этиладиган гаровдагилар рўйхатини бериши керак эди, аммо буни қилмаган. Исроил мудофаа армияси расмий вакили Даниэл Ҳагари «Ҳамас ўз мажбуриятларини бажармаётгани» туфайли армия Ғазо бўйлаб зарбалар йўллашда давом этаётганини билдирган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу озод этиладиган асирлар рўйхати келиб тушмагунича ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирмаслигини маълум қилган. 19 январ тонгида у миллий хавфсизлик соҳасида муҳим қарорларни қабул қиладиган ҳукумат комиссияси – ҳарбий-сиёсий кабинет йиғилишини чақирган.
Ҳамасдагилар кечикишни «техник сабаб» билан изоҳлаб, бу билан нима назарда тутилганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, гуруҳ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга содиқ эканига ишонтирган. «Ашарк» телеканали (Саудия Арабистони) маълумотига кўра, рўйхат «бир неча соат ичида» Исроилга юборилади.
Сулҳнинг биринчи босқичида (19 январдан кейинги олти ҳафта) Ҳамас гаровдаги 33 исроилликни озод этиши керак — аёллар, болалар, кекса кишилар, ярадорлар ҳамда беморлар. Умумий рўйхат аллақаон эълон қилинган. Улар бир неча гуруҳга бўлинган ҳолда қайтарилиши кўзда тутилган. Биринчи партия рўйхати йўқлиги сулҳ бошланиши кечикишига сабаб бўлди.

Dawoud Abu Alkas / Reuters / Scanpix / LETA
Исроил қўшини Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрини тарк этишга киришган. Бу ҳақда воқеа жойидан турли манбалар, жумладан CNN мухбири хабар бермоқда. Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув шартларига кўра, Исроил мудофаа армияси сулҳнинг биринчи босқичида секторнинг аҳоли тиғиз яшайдиган ҳудудларидан олиб чиқилиши, аммо чегара бўйлаб ташкил этилган буфер зоналар, жумладан, Ғазо ва Миср чегарасидаги Филаделфия йўлаги устидан назоратни сақлаб қолиши керак.
Ғазо секторининг шимолий қисмида яшовчи аҳоли ҳам жанубдан уйларига қайта бошлаган. Исроил мудофаа армиясининг матбуот хизматининг араб бўлими вакили Авихай Адраи ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳали кучга кирмагани туфайли бу хавфли бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Ilia Yefimovich / picture alliance / Getty Images
19 январ тонгида Исроил мудофаа армияси ШАБАК махсус хизмати билан қўшма амалиёт натижасида 2014 йилги уруш («Бузилмас қоя» амалиёти) чоғида ҳалок бўлган аскар Орон Шаулнинг жасади топилгани ва Исроилга қайтарилганини хабар қилди. Ўша урушда ҳалок бўлган яна бир аскар — Хадар Голдиннинг жасади ҳамон Ғазода қолмоқда. Исроил ва Ҳамас ўртасида Доҳада ўтказилган музокараларда унинг жасадини 2024 йил октябрида ҳалок бўлган Ҳамас етакчиси Яҳё Синварнинг жасадига алмашиш масаласи кўтарилган. Аммо келишувга эришилмаган.
Мавзуга оид

12:25 / 10.03.2025
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

21:58 / 09.03.2025
Исроил Ғазо бўйича музокараларни давом эттириш учун Доҳага делегация юборади

18:20 / 07.03.2025
ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳаракатлар бошласа, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилди

12:50 / 06.03.2025