Ким ғолиб: Исроил ёки Ҳамас?
Арабшунос Марианна Беленкая томонлар ўртасидаги келишув нимани англатиши ҳақида сўзлаб берди.

Amir Levy / Getty Images
Исроил ва Ҳамас 15 ойлик урушдан кейин сулҳ тузиш, гаровдаги исроилликларни фаластинлик маҳбусларга алмашиш ҳамда исроиллик ҳарбийларни Ғазо секторидан олиб чиқиш бўйича келишувга эришди. Келишув ҳали кучга кирмаган бўлса-да, бу урушнинг якуни бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда асосий фаза якуни сифатида кўрилмоқда. «Медуза» журналист Марианна Беленкаядан келишув бўйича дастлабки якунларни сарҳисоб қилишни сўради.
— Ким ғолиб?
— Мураккаб савол, чунки уруш ҳали якунланмади. Ва биз у қачон тугашини ҳам билмаймиз. Аммо бу раундда, менимча, Ҳамас ғолиб бўлмоқда. Камида у асаблар жангида ғолиб келди. Аслида, Ҳамаснинг йўқотадиган нарсаси йўқ, Исроилда эса бор.
— Бу ерда асимметрия бор: Исроил ғалаба қилиши учун урушнинг белгиланган мақсадларига эришиши лозим, Ҳамасдан эса шунчаки омон қолиши талаб этилади.
— Ҳа дейиш ҳам, йўқ дейиш ҳам мумкин. Ҳамас мавжудлигини сақлаб қолмоқда ва исталган паллада тикланиши мумкин, аммо унинг ҳарбий инфратузилмаси вайрон қилинган. Гап у қанчалик ишлай олиши ва Ғазо секторини назорат қила олишида.
Афтидан, ҳозирча унда бунинг учун имконият қолмоқда. Албатта, 7 октябрга қадар бўлгани каби эмас. Аммо ҳозирча Ҳамас Ғазо секторидаги ҳокимият бўлиб турибди. Исроил эса сектордаги вазиятни тубдан ўзгартирмоқчи эди.
— Нега ўхшамади?
— Чунки Ҳамаснинг ҳарбий инфратузилмасини яксон этиш ва уни сектордаги сиёсий куч сифатида тугатиш бўйича дастлабки қўйилган вазифа урушнинг бошқа бир мақсадига — гаровдагиларни озод этиш мақсадига терс келарди.
Бир қўл билан жанг қилиб, иккинчиси билан ўз одамларингни озод этишга уриниш имконсиз. Эҳтимол, бунга ҳарбий амалиёт ўтказиш орқали эришишдан умид қилингандир. Чиндан ҳам кимларнидир олиб чиқа олишди, аммо саноқли кишини.
Гаровдагилардан айримлари Исроил ҳарбийларининг хатолари туфайли ҳалок бўлишди. Қолаверса, Исроил қўшини яқинлашган ҳудудларда сақланган маҳбуслар ўлдирилиши хавфи бўларди. Бундай прецедент ҳам қайд этилган — гаровдагиларнинг олти нафари ҳалок бўлган.
Бундай шароитларда ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш жуда қийин. Гаровдагилар омили йўқ бўлган Ливанда барчаси анча тезроқ ва интенсивроқ кечди — ва у ерда ҳам Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни тўлиқ йўқ қила олмаган. Аммо бу ерда бундай мақсад қўйилмаганди ҳам.
— Яъни Ҳамас ғалаба қозонди, чунки Исроил ўз олдига мақсадларни нотўғри қўйгандими?
— Исроилда бошқа мақсадлар қўйиш имкони ҳам йўқ эди. Гаровдагиларни озод этиш мақсади қўйилмаслиги мумкин эмасди. Ва Ҳамас билан ҳам нимадир қилиш талаб этиларди. Бу зиддият аввалбошдан юзага келганди.
Бошқача стратегия танлаш мумкинлигини айтиб баҳслашиш мумкин. Исроил Ғазо секторида уруш охирига келиб нимага эришмоқчи бўлгани борасида аниқ стратегик қараш бўлиши керак бўлганини айтиш мумкин. Гуманитар масалаларни бошқачароқ ҳал қилиш мумкин эди. Аммо бирор иш ўхшамаганининг бирор сабаби бор эди: сиёсий, ҳарбий — бир вақтнинг ўзида ҳаммасининг аралашмаси.
Аммо Ҳамасга жиддий зарар етказилди: у энди олдингидек эмас. Унда, албатта, қайта туғилиш имконияти бўлади. Қолаверса, имиж нуқтайи назаридан улар бунинг барчасини ўз ғалабаси сифатида талқин этиши мумкин. Ҳамас ва шу каби гуруҳлар ҳеч қачон мағлубиятини тан олмайди, улар камдан кам ҳолларда буни мулоҳаза қилишади. Исроил жамияти эса доимо барчасини сарҳисоб қилади. Ва бу ҳам Ҳамас нима учун осонлик билан ўз ғалабасини эълон қилишидаги муҳим омилдир. Оғир йўқотишларга қарамай, у ўзини қайтадан тиклайди.
Исроил жамияти эса бу вақтда оғир аҳволда, у парчаланган ва тушкунликка тушган.
— Бу уруш бутун Яқин Шарқни қайтадан йиғишга туртки бўлади, дейиш мумкинми?
— Шубҳасиз, ҳа. Бу уруш занжирли реакцияни бошлаб берди. «Ҳизбуллоҳ»га улкан зарба берилди. Натижада, Эроннинг минтақа бўйича амбициялари анча пасайди. Минтақа Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан тўғри урушга тортилишига сал қолди. Ҳозирча бундан қочишга муваффақ бўлинди — аммо бутунлайгами деган савол очиқ қолмоқда. Ҳеч бўлмаганда, бир неча йил олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган воқеалар содир бўлди.
Қолаверса, дунё ҳусийчилар ҳақида билиб олди. Илгари улар қандайдир эътибордан четда қолгандек эди. Энди эса гуруҳ Қизил денгиз орқали ўтган глобал савдони деярли бутунлай тўсиб қўйишга муваффақ бўлди.
Сурия ҳам бор. «Ҳизбуллоҳ» Исроил билан уруш туфайли Асадга ёрдамга боролмади. Ироқ билан нима бўлишини ҳали билмаймиз. Кўп йиллар давомида Сурия ҳудудида бўлган ироқликларнинг гуруҳлари уйга қайтган — улар энди ўзини қандай тутади? Саволлар кўп.
— Бундан келиб чиқадики, Исроил, ютқазган бўлса ҳам, бир ярим йил олдингидан яхшироқ стратегик ҳолатдами?
— Аниқ шундай деб бўлмайди, минтақада барчаси жуда нозик. Эроннинг таъсири сусайди — лекин Туркиянинг таъсири кучайди ва биз бу ҳали нимага олиб боришини билмаймиз.
Эслатишни истардимки, америкаликлар Саддам Ҳусайнни ағдарганида ва Ироқ кўп йилларга минтақавий саҳнани тарк этганида, бу айнан Эрон таъсири кучайишига олиб келганди. Энди биз шунга ўхшаш нарсага гувоҳ бўляпмиз: янги ўйинчилар биринчи планга чиқмоқда. Нафақат Туркия, балки Саудия Арабистони ва Амирликлар ҳам фаоллашган.
Буларнинг барчаси, бир томондан, Исроилнинг фойдасига хизмат қилиши мумкин. Бу Эроннинг амбицияларини кичрайтириб, Авраам келишувлари кенгайтирилишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо акси бўлиши ҳам мумкин: араб давлатлари Фаластин давлатини тузишга эришиш учун Исроилга босимни кучайтириши мумкин.
Шундай экан, Исроил бу жангни Ҳамас шу қадар кучли бўлгани учун эмас, ўз қўллари боғлангани туфайли ютқазган бўлади. Урушга келадиган бўлсак — у ҳали якунланмади. Фаластин-Исроил можароси ҳам.
Мавзуга оид

12:25 / 10.03.2025
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

21:58 / 09.03.2025
Исроил Ғазо бўйича музокараларни давом эттириш учун Доҳага делегация юборади

18:20 / 07.03.2025
ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳаракатлар бошласа, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилди

12:50 / 06.03.2025