Жаҳон | 22:06 / 17.01.2025
9960
4 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС билан келишув матнини эълон қилди

15 январ куни Исроил ва ҲAМAС Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани маълум бўлганди. Бир кун ўтиб Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида яна ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлди. Исроил томони келишув ҳали имзоланмаганини иддао қилди, Нетаняҳу эса ҲAМAСни сулҳнинг баъзи бандларидан бўйин товлашда айблади.

16 январ куни Исроил томони ҲAМAС билан келишув матнини эълон қилди. Aфтидан, сулҳ имзоланишига шубҳа қолмади, лекин Исроил ҳукуматида Итамар бен Гвир ва Бецелел Смотрич деган радикал миллатчилар борлигини эътиборга олиб, барчаси ҳал дейишга шошмай турамиз-да, ҳозирча Исроил эълон қилган келишув матнидаги фактларни муҳокама қиламиз. Келишув матнига кўра, ўт очишни тўхтатишнинг биринчи босқичи 42 кун давом этади. Бу босқичда аввал айтилганидек 34 нафар эмас, 33 нафар исроиллик асир озод қилинади. Эвазига Исроил Ғазодан чекинишни бошлайди ва бир гуруҳ фаластинликларни қамоқдан чиқаради.

ҲAМAС биринчи гуруҳ асирларни озод этиши билан Исроил бўлганинг одам зич яшайдиган ҳудудларидан чиқишни бошлайди, хусусан, Ғазо водийсидан. Исроил ҳарбийлари Ғазодаги икки томон келишган махсус буфер зоналарда қолади. Уларнинг узунлиги 700 метр бўлади. Баъзи буфер зоналар эса яна 400 метргача узайтирилиши мумкин. Томонлар бу чекиниш харитасини ҳам келишган.

Aсирларни озод этиш

Келишувнинг асосий банди асирларни озод этиш билан боғлиқ. ҲAМAС биринчи босқичда 33 кишилик рўйхатдаги 9 нафар бемор ва ярадор исроилликларни энг аввал қўйиб юборади. Улар Исроилга етиб бориши билан Исроил қамоқхоналарида бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган 110 нафар фаластинлик озодликка чиқиб, Фаластинга қайтади.

Келишув якунида эса Исроил яна минг нафар 8 октябрдан бошлаб қўлга олинган ва 7 октябрдаги ҳужумга алоқадор бўлмаган фаластинликни озод қилади. Биринчи рўйхатдаги озод этилган ҳар бир 50 ёшдан ошган исроиллик асир учун 3 нафар бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган, 27 нафар бошқа айблар билан қамалган фаластинлик қўйиб юборилади. Баъзи фаластинликлар бошқа давлатга, баъзилари Ғазога қайтади. Томонлар уларнинг рўйхатини келишиб олган.

42-кунга келиб, биринчи босқичда келишилган асирларнинг барчаси ортга қайтарилиши билан Исроил қўшинларни олиб чиқишни бошлайди. Улар 50-кунга келиб Ғазодан чиқиб кетиши керак.

Келишувга кўра, Исроил “Рафаҳ” чегара пункти устидан назоратни сақлаб қолади. Бу Ғазодан Мисрга ўтадиган чегара пункти ҳисобланади. Ҳар куни 50 нафар ярадор ҳарбийларга чегарани кесиб ўтишга рухсат берилади. Ҳар бир ўтадиган одам Исроил ва Мисрнинг рухсатини олган бўлиши керак. Ҳарбий бўлмаган ярадор ва беморларга “Рафаҳ”дан чекловсиз ўтиб қайтишга рухсат берилади.

Келишув кучга киришининг еттинчи кунида ғазоликларга қурол-яроғсиз ҳолатда Рашид кўчаси бўйлаб шаҳар шимолига боришга рухсат берилади. 22-кунга келиб Салоҳиддин кўчасидан ҳам шимолга кетиш мумкин бўлади. 7-кунга келиб транспорт воситаларига Нецарим коридори бўйлаб шимолга кетишга рухсат берилади, лекин машиналар текширилади.

Келишув амалга ошаётган вақтда ҳуманитар ёрдам юклари одатий режимда Ғазога киришда давом этади.

Маълум бўлишича, ҲAМAС биринчи босқичда озод қиладиган асирлар орасида икки нафар Франция ва бир нафар Россия фуқаролари ҳам бор. Улар катта эҳтимол 7 октябрда ўтказилган мусиқа фестивалида иштирок этган ва ўша ерда ҲAМAС томонидан асир олинган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид