Жаҳон | 18:48 / 09.01.2025
4375
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда президентни тергов қилишга қаратилган қонун лойиҳаси рад этилди

Парламент президент ва унинг турмуш ўртоғини тергов қилишга қаратилган қонун лойиҳаларини қабул қилмади. Мамлакатда сиёсий инқироз давом этмоқда.

Фото: AFP

Жанубий Корея Миллий ассамблеяси (парламент) ҳарбий ҳолат жорий этишга урингани учун импичментга дуч келган президент Юн Сок Ёлни тергов қилиш ва биринчи хоним Ким Кё Хига айблов эълон қилиш бўйича иккита қонун лойиҳасини рад этди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Юн терговига қаратилган қонун лойиҳаси қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этиши билан боғлиқ исён айбловларини текшириш учун махсус прокурорларни тайинлаши керак эди. Қонун лойиҳаси 198 овоз билан рад этилди, 101 киши бетараф қолди.

Миллий Ассамблея, шунингдек, биринчи хонимга қарши унинг биржаларни манипуляция қилиш схемасига алоқадорлиги ва нуфузли воситачи орқали сайловга номзодларни кўрсатишга аралашуви билан боғлиқ бўлган иккита асосий айбловни текшириш учун махсус прокурор тайинлайдиган бошқа қонун лойиҳасини ҳам рад этди. Қонун лойиҳаси 196 овоз билан рад этилди, 103 овоз қарши, бир киши бетараф қолди.

3 декабр куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Кейинчалик у парламент депутатлари қаршилиги туфайли, ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди. Мамлакатда ҳарбий ҳолат тахминан беш соат давом этди.

Шундан сўнг, парламент президентга импичмент эълон қилиб, лавозимидан вақтинча четлатди. Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши бўйича жиноят иши очилди.

Кейинроқ, Юн Сок Ёл президент қароргоҳи ёнида тўпланган ўз тарафдорларига ёзма мурожаат йўллаб, унда «Жанубий Кореяга таҳдид солаётган давлатга қарши кучларга» қарши курашни давом эттиришга ваъда берди.

Мавзуга оид