Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖАРда авария юз берган ташландиқ шахтадан 153 киши олиб чиқилди. Уларнинг аксарияти ноқонуний мигрантлар
Полиция ва қутқарувчилар ҳамкорлигида, шунингдек, уч нафар кончининг жасади ҳам ер юзасига олиб чиқилган. Мигрантларнинг барчаси қўлга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти қўшни Мозамбик фуқароларидир.

Фото: Supplied/SAPS
ЖАР шарқида 150 нафардан ортиқ ноқонуний кончи полиция ва қутқарувчилар ҳамкорлигида тўрт кун олдин авария содир бўлган ташландиқ олтин шахтасидан олиб чиқилди, деб хабар беради BBC.
«Мпумаланга провинциясининг Саби шаҳри ҳудудида жойлашган, чуқурлиги 150 метрга етадиган шахтадан 153 киши чиқариб олинди. Шунингдек, уч нафар кончининг жасади ҳам ер юзасига олиб чиқилди. Ноқонуний мигрантларнинг барчаси қўлга олинган. Уларнинг аксарияти қўшни Мозамбик фуқароларидир», — дейилади хабарда.
Кончиларнинг маълум қилишича, улар қуролланган жиноятчилар томонидан ер остида зўравонлик билан ушлаб турилиб, олтин қазишга мажбурланган. Полиция ва ҳукумат кўрсатмаларни текшириш билан шуғулланмоқда.
Таъкидланишича, ЖАР шимолидаги Стилфонтейн шаҳрида жойлашган ташландиқ олтин конида инқирозли вазият сақланиб қолмоқда — у ерда ноқонуний ишчиларнинг катта гуруҳи ҳибсга олиниш ва депортациядан қўрқиб ер юзасига чиқмай келяпти. Полиция ва армия уч ойдан бери шахтани блоклаб қўйган. Айни вақтда у ердан 1387 нафар ноқонуний мигрант олиб чиқилган бўлиб, уларнинг барчаси қўлга олинган. Турли маълумотларга кўра, шахтада 300 нафардан 4 минг кишигача одам бўлиши мумкин. Ер остида ишчилар билан бирга қуролланган соқчилар ҳам борлиги айтилмоқда.