“Баъзи ногиронлар тўрт мучаси соғлардан яхши ишлашади” – бухоролик тадбиркор
Халқ банки томонидан ташкил қилинган пресс-тур доирасида Ғиждувонлик тадбиркор Содиқжон Беков ўзининг тадбиркорлик фаолиятидаги таъсирли ҳикоясини айтиб берди.

“Бизнес қилиш бу – шунчаки ишлаб чиқариш майдони ёки фақат пул топиш эмас. Жамоани бошқариш, ижтимоий адолатни таъминлаш, кўпчилик билан тил топишиш қийин масала.
Кўп йилдан бери турли хил сумкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, чарм ва бошқа турдаги сумкалар ишлаб чиқаришга мослашган цехлар очганмиз. Бозорда бунга талаб жуда катталигини кўриб ишни кенгайтирмоқчи бўлдим. Лекин имкониятимиз етмагани учун тўхтаб қолди.
Шу орада бир аёл иш сўраб келди. Ногиронлиги туфайли қўлида бир қизчаси билан эри ташлаб кетган. Боласи билан иш сўраб қаерга бормасин, рад жавобини олаётган экан. Синов муддати билан ишга олдик. Лекин шу муддат ичида шунақа ишладики, у ишга қабул қилинишни худди бир имкониятдай қабул қилди. Ўзини кўрсатишга, бошқалардан кам эмаслигини исботлашга, кўпроқ меҳнат қилишга уринарди. Бизда маош ишбай тўлангани учун шунга яраша ойлик ола бошлади.
Ўйлаб қолдим, унга ўхшаган аёллар, қизлар ҳам қаердадир ишласа, ўзини таъминласа, бировга оғирлиги тушиб муҳтож бўлмаса. Бундан ҳам уларнинг ўзлари, ҳам уларга иш берган корхона ютади.
Шундай кунларнинг бирида Халқ банкининг чарм саноатини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаси ҳақидаги рекламага кўзим тушди. Дарров банкнинг ҳудудий филиалига бордим, янги цех очиш режаси билан танишиб чиққандан сўнг Халқ банки томонидан бизга 100 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Банкнинг ёрдами билан бугун янги цехлар ишга тушган, хорижга маҳсулот экспортини йўлга қўйдик. Корхонамиз қошида “Ногиронлар саховат маркази” унитар корхонасини ишга туширдик ва бу ерда бир кунда 160 тадан 200 тагача йўл сумкалари тайёрланади.
Бугунги кунда 100 нафар ишчи-ходимларимизнинг тенг ярмини ногиронлардан иборат. Қандайдир нуқсони туфайли ўзларини ҳаётда кераксиздай ҳисоблаётганлар бугун тўрт мучаси соғ одамлардан яхши ишлашади, пул топишади.
Буни қарангки, шунақа ишчиларимизни тинимсиз самарали меҳнати билан маҳсулот ишлаб чиқариш қувватимиз каррасига ортиб, банкдан олинган қарзни бир ярим ой ичида қайтардик. Ҳозир яна шундай имтиёзли маблағлар эвазига янги ускуналар билан жиҳозланган цехларни ишга туширмоқчимиз. Мақсад – тадбиркорлигимизни ривожлантириш билан биргаликда эҳтиёжманд, ногиронлиги бор шахсларни ҳам ўз қобилиятларини очишларига ёрдам кўрсатишдан иборат”, - деди тадбиркор. У “Bek Bags” бренди остида турли сумкалар ишлаб чиқаради.
21-22 октябр кунлари банк томонидан Бухородаги тадбиркорлик объектларига қилинган ташрифлар доирасида маҳаллий ОАВ, жамоатчилик фаоллари ва банкнинг ҳудудий мутасаддилари учун “Халқ банкида коммуникациянинг ўзига хос хусусиятлари” бўйича махсус семинар-тренинг ташкил этилди.
Анъанавий тарзда ўтказилиб келинадиган семинарда банкнинг жамоатчилик билан мулоқот қилиш усуллари, хусусан, ижтимоий медиа ва тараққиёт стратегиялари муфассал муҳокама қилинди. Тадбиркорларнинг банк билан боғлиқ ҳикоялари ўзига хос яқин муҳит яратилишига сабаб бўлди.
Мавзуга оид

14:00 / 20.04.2025
Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

20:43 / 28.02.2025
Қўқонда банк ходимлари моддий ёрдам ва нафақа пулларини ўзлаштириб юборди

11:55 / 14.12.2024
Халқ банки коррупцияга қарши курашиш ва шаффофлик бўйича натижаларни эълон қилди

17:00 / 20.06.2024