Жаҳон | 14:28 / 06.09.2024
3985
2 дақиқада ўқилади

Зеленский "Рамштайн" форматидаги учрашувда иштирок этади

Украина президенти Германияда Америка авиабазасидаги музокаралар чоғида иттифоқчилардан Россия Федерациясига қарши курашиш учун кўпроқ қурол беришни сўрайди, деб ёзади Der Spiegel.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский 6 сентябр куни Германияда бўлиб ўтадиган Украина мудофааси бўйича ("Рамштайн" формати) алоқа гуруҳининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда 5 сентябр, пайшанба куни Der Spiegel журнали хабар берди

Нашрнинг ёзишича, Зеленский АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Рейнланд-Пфалц федерал еридаги базасига ташрифи билан ҳозирги вазиятнинг жиддийлигини намойиш қилмоқчи. Украина давлати раҳбари шахсан иттифоқчилардан Россияга қарши туриш учун қўшимча қурол-яроғ етказиб беришни сўрамоқчи. Гап биринчи навбатда узоқ масофали ракеталар ва қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари ҳақида кетмоқда, дея қайд этади Der Spiegel.

"Рамштайн" форматидаги музокаралар

Украина мудофаа бўйича алоқа гуруҳи мамлакатга ҳарбий юкларни олиб кириш саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириб, уларни жўнатишни тезлаштириш йўлларини ўрганмоқда. Унга 50 га яқин давлат киради. Музокараларга НАТОга аъзо бўлмаган давлатлар ҳам таклиф қилинган. Бу гуруҳнинг 24-йиғилиши бўлади, музокараларнинг асосий қисми видеоконференция форматида ўтказилди.

Айни пайтда, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров бир неча кундан бери Киевнинг энг муҳим иттифоқчилари билан музокаралар олиб бормоқда. 5 сентябр оқшомида у Берлинда Германия мудофаа вазири Борис Писториус билан учрашади. Der Spiegel нашрининг ёзишича, асосий савол Германия бюджети чекланганига қарамай, яқин ойларда қўшимча қурол пакетларини тақдим эта оладими ёки йўқми, деган савол бўлиши мумкин.

Мавзуга оид