Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Темур Малик кўчаси салкам 200 млрд сўмга реконструкция қилинмоқда
Қурилиш-монтаж ишлари икки босқичда амалга ошириляпти. 1-босқичда 28 метрли йўл ўтказгичини қуриш учун 128,6 млрд сўм, 2-босқичда 2 км йўл қисмининг қурилиш-монтаж ишларига 67,9 млрд сўм ажратилган. 2022 йил декабрида ушбу 2 км йўлни таъмирлаш лойиҳаси 41,2 млрд сўмга баҳоланганди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Мирзо Улуғбек туманининг Темур Малик кўчаси, аниқроғи М39б Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг 34-36 км қисми реконструкция қилинмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимияти таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи якунига етиб қолганини маълум қилди.
Таъкидланишича, лойиҳанинг дастлабки қисмида битта автомобил ўтказгич йўли ҳамда иккита пиёдалар учун ерости йўли барпо қилинади. Биринчи пиёдалар учун ерости йўли Темур Малик ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида, иккинчиси эса Темур Малик кўчасида янги қурилаётган масжид рўпарасида жойлашади.
“Бу ерда айни вақтда қурилиш ишлари якунланган, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Узунлиги 40 метр, эни 4,5 метрни, баландлиги 2,5 метрни ташкил этувчи пиёдалар ерости йўлида жараёнлар давом этмоқда. Бу ерда зиналар, эстакада ва лифт бўлади”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Темур Малик кўчасида таъмирланаётган 2 кмдаги йўлнинг ҳаракат тасмалари сони 4 тадан 6 тага кўпайтирилади. Унда велосипед учун ҳам йўлак, яшил ҳудуд ҳамда кўприк устида ортга қайрилиш учун йўл қилиниши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида қуриладиган йўл ўтказгичнинг узунлиги эса 28 метр, эни 55 метр бўлиши, унинг ҳаракат қатнови учун тасмалар 4 тага ажратилиши айтилди.
Маълумотларга кўра, ишларнинг 60 фоизи якунланган, тез орада бу йўллар аҳолига фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Лойиҳа қиймати 15,6 млн долларни ташкил этади
Автомобил йўллари қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, объектни 2025 йилнинг 1-чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 1 та йўл ўтказгич қуриш (Темур Малик ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасида) ва 2 та жойда ерости пиёдалар ўтиш йўлаклари қурилади, кейингисида 2 км йўл қисми (йўл тўшамасини қуриш, пиёда ва велойўлаклар, жиҳозлаш, маҳаллий йўл, автобекатлар, кўкаламзорлаштириш, ёритиш тизимини қурилади) таъмирланади.
Бунда 27 метрли йўл ўтказгичини қуриш учун 128,6 млрд сўм, 2 км йўл қисмининг қурилиш-монтаж ишлари учун 67,9 млрд сўм, жами қийматда лойиҳага 196,5 млрд сўм ажратилмоқда.
2 км йўлни таъмирлаш лойиҳаси қимматлаган
Президентнинг тегишли қарорига асосан М39б Тошкент ҳалқа йўли автомобил йўлининг 47-56 км қисмларини реконструкция қилиш белгиланган.
2022 йилда қўмита таркибидаги “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси М39б Тошкент ҳалқа йўли автомобил йўлининг 54-56 км қисмларини (2 км) реконструкция қилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатлари “Гео-проект” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилгани ҳамда 45,8 млрд сўмга экспертиза хулосаси берилганини маълум қилганди.
Лойиҳа учун ўтган тендерда 41,2 млрд сўм ва 500 кунлик қурилиш муддати билан “Автомагистрал” ИАЙҚТБ УК ғолиб деб топилган ва пудратчига айланган.
Таклиф этилган нарх ичида қуйидаги иш турларини бажариш инобатга олинган:
1 «б» тоифали 6 тасмага эга йўлнинг ер ишларини бажариш, йўл асоси ва қопламасини, сунъий иншоотларини, автобус тўхташ майдончасини, пиёдалар йўлакчасини, 37 та туташмалар ва кесишмаларни қуриш, дюкер, кожухлар, йўл ўртасига ажратувчи тўсиқ, сув қочириш новларини, металл қувурларни, йўл белгиларини ўрнатиш, ётиқ йўл чизиқларини чизиш ва бошқа иш турлари учун – 38,8 млрд сўм;
10 дона автобекат ўрнатиш учун – 155, 4 млн сўм;
тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш учун – 998,5 млн сўм;
электр таъминоти ва светофорларни қуриш ва бошқариш ишлари учун – 1,2 млрд сўм деб белгиланган бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Темур Малик кўчасини 6 тасмали этиб кенгайтиришнинг дастлабки таклифи 2022 йил январ ойида қурилиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва табиий газ таъминотига оид лойиҳалар билан танишганида берилганди.
Шу билан 2024 йил июн ойига келиб, бу кўча таъмирлаш учун 1 августгача ёпилди.
Тавсия этамиз
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:00
Лёв ёки Кападзе. Миллий жамоа бошқарувида ўзгариш қилиш керакми?
Спорт | 11:30
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

11:24 / 18.07.2025
Мустақиллик кўчасида рул бошқарувини йўқотган ҳайдовчи йўл иншоотларига урилди

09:57 / 17.07.2025
Мирзо Улуғбек туманидаги подстанцияда ёнғин содир бўлди

07:59 / 16.07.2025
Мирзо Улуғбек туманида автомобил ёниб кетди

10:52 / 11.07.2025