Ўзбекистон | 07:40 / 17.07.2024
2619
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади

Президент “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Маданият вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Бадиий академия ҳамда жамоатчилик вакилларининг Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини мамлакатда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита тузилади.

Ташкилий қўмита (А. Арипов) бир ҳафта муддатда Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини нишонлаш ҳамда унинг ижодий меросини кенг тарғиб қилиш бўйича қуйидаги вазифаларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини тасдиқлайди ҳамда унинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлайди:

  • шоирнинг “Танланган асарлар” тўпламини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб яратилган бадиий, илмий-оммабоп асарларни қайта чоп этиш ва тақдимотларини ўтказиш;
  • давлат буюртмасига биноан Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган саҳна асарлари ҳамда “Ажиниёз” бадиий-публицистик филмини яратиш ва уларнинг тақдимотларини уюштириш;
  • Нукус шаҳрида шоир ижодига бағишланган “Айт, сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан” мавзусида мамлакат ёш ижодкорларининг танловини, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳаёти ва ижодига бағишланган иншолар танловини ўтказиш;
  • 2024 йилнинг сентябр ойида Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмасини ўтказиш;
  • 2024 йилнинг октябр ойида Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ажиниёз Қўсибой ўғлининг адабий меросини ўрганиш мавзусида халқаро илмий-амалий конференциялар уюштириш;
  • Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида шоир музейини ташкил қилиш;
  • Ажиниёз Қўсибой ўғлининг Мўйноқ туманидаги қабрини ободонлаштириш ва унга ёдгорлик ўрнатиш, мазкур туманда Ажиниёз Қўсибой ўғли номидаги экопарк барпо этиш;
  • мамлакатдаги олий ва ўрта махсус, профессионал, умумий ўрта таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар иштирокида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган учрашув ва адабий кечалар уюштириш;
  • 2024 йилнинг ноябр ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрида Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаларини ташкил этиш.

Мавзуга оид