Россияда ҳибсга олинган америкалик аскар айбини тан олди
АҚШ ҳарбий хизматчиси Гордон Блэк ўғирликда айбланмоқда. Аввалроқ Россия ТИВ унинг иши сиёсат ёки жосуслик билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган эди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Май ойи бошида Владивосток суди томонидан ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган америкалик аскар Гордон Блэк «айбини тан олди ва тергов билан ҳамкорлик қилмоқда». Бу ҳақда 16 май, пайшанба куни Россиянинг РИА «Новости» ахборот агентлиги хабар берди.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлигининг Владивосток бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабар қилганидек, Гордон Блэк Жанубий Кореяда танишган владивостоклик қизни кўргани келган. «Аризачи уйида таниши билан жанжаллашиб қолган, у кетганидан кейин қиз пул йўқолганини билиб, ёрдам сўраб полицияга мурожаат қилган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Россия оммавий ахборот воситалари америкалик ўз севгилисини калтаклаб, ундан икки минг евро ва спиртли ичимликларни ўғирлаганини таъкидлади. Ўз навбатида, Россия ТИВ Блэкнинг иши сиёсат ёки жосуслик билан боғлиқ эмаслигини, балки маиший жиноят эканлигини таъкидлади. Россия Блэк қўлга олингани ҳақида Давлат департаментини хабардор қилди.
7 май куни «Известия» газетаси Блэк катта зарар етказилган ўғирликда айбланганини ёзди (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 158-моддаси 2-қисмининг «в» банди). Ушбу моддада беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Россияда америкаликларнинг ушланиши
Reuters агентлиги Гордон Блэк билан боғланиб, ундан иши ҳақида изоҳ олишга ҳаракат қилди, бироқ хабар эълон қилинган пайтда журналистларнинг уринишлари муваффақиятсиз бўлган.
Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, АҚШ ҳукумати ўз фуқаролари учун Россияга сафар қилишдан сақланиш ҳақида бир неча бор огоҳлантиришларни эълон қилди. 2022 йил февралида Украинада уруш бошланганидан бери бир неча америкалик Россияда қўлга олинди, деб эслатади Reuters.
Улардан бири Россия расмийлари томонидан жосусликда айбланаётган The Wall Street Journal интернет нашри мухбири Эван Гершковичдир.
Маҳбуслар алмашинуви
Россия ҳукумати бир неча бор Россия судлари томонидан турли жазо муддатларига ҳукм қилинган хорижликларни чет элда судланган Россия фуқаролари билан алмаштирган. Ўз навбатида, Қўшма Штатлар Россия Федерацияси билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида Россияда қўлга олинган хорижликлар сони ортиб бораётганини маълум қилиб, Москвани ҳибсдагилардан сиёсий савдолашиш воситаси сифатида фойдаланаётганликда айблади.
2022 йил апрел ойида Россия колониясида жазо муддатини ўтаган америкалик Тревор Рид АҚШда катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни ташишда айбланиб, 20 йилга қамалган учувчи Константин Ярошенкога алмаштирилди. Россия Федерациясида сайёҳлик визаси билан бўлган Рид 2019 йил август ойида Москвада икки қиз билан жанжаллашиб, полиция томонидан қўлга олинишига қаршилик кўрсатган. 2020 йилда у 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Рид ўз айбини тан олмади ва маст бўлгани учун ҳеч нарсани эслай олмаслигини айтди.
Мавзуга оид

16:59 / 14.04.2025
«Крокус» терактида айбланаётган тожикистонликлар ақли расо деб топилди

14:07 / 14.04.2025
Россияда мушкул аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди

10:30 / 14.04.2025
Шолц Россиянинг Суми шаҳрига зарбасини «ваҳшиёна ҳужум» деб атади

22:54 / 13.04.2025