Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Йўқотадиган нарсамиз йўқ эди” — Россиялик икки қочоқ оддий қайиқда АҚШгача қандай етиб борганди?
2022 йил сентябрда икки нафар россиялик ноодатий тарзда мамлакатдан қочиб кетди. Улар кичик қайиқда Тинч океани бўйлаб сузиб, Америкага етиб боришган. Ўшанда уларни ҳар икки давлат чегарачилари сезмаган.

Фото: voicesevas.ru
Ўз вақтида мустабид тузум ҳукм сурган СССРдан хориж давлатларига чиқишга умуман рухсат берилмасди. Фақат давлат хизматчилари социалистик давлатларга, унда ҳам КГБнинг қатъий назорати остида бориб кела оларди.
Шу сабабли бу давлатдан хорижга кетишни хоҳлаган, бироқ иложини қила олмаган одамлар турли йўллар билан қочиб кетарди. Уларнинг орасида ноодатий йўллар билан қочганлар ҳам кўп бўлган.
Масалан, океаншунос Станислав Курилов ва Лилианна Гасинская круиз теплоходида саёҳатга чиқиб, бири Филиппин, иккинчиси Австралия қирғоқлари яқинида ўзини денгизга ташлаб, қирғоққача сузиб боришган.
Петр Патрушев эса Гуржистонга дам олишга боради ва Қора денгиз орқали сузиб Туркияга қочиб кетади. Яна бир қочоқ Борис Беленко советлар томонидан ясалган ва ҳали синовдан ўтказилмаган янги МиГ-29 ҳарбий самолёти билан Японияга қочиб кетади.
Шунингдек, СССРдан жуда кўплаб КГБ ва ташқи разведка хизмати ходимлари қочиб кетишган. Улардан бири сохта паспорт билан қочган бўлса, бошқаси дипломатик ваколатхонага тегишли машина юкхонасига яшириниб қочган.
1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг вазият кескин ўзгаради. Бошқа собиқ иттифоқ республикалари фуқаролари қатори россияликлар ҳам турли давлатларга бемалол бориб келиш ёки кўчиб кетиш имкониятига эга бўлишади.
Бироқ орадан 31 йил ўтиб, вазият бирдан ўзгарди. Бунга 2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб киргани сабаб бўлди. Россия Украинани қисқа муддатда босиб олиш учун жуда катта ҳарбий куч ташлади. Аммо режа амалга ошмади.
Гарчи Россия жуда кўп ҳарбий техникаларидан ва аскарларидан айрилса-да, Украинани қисқа муддатда эгаллашнинг имконияти бўлмади. Уруш бошланганидан сўнг орадан 7 ой ўтгач, 2022 йил 21 сентябр куни Россияда сафарбарлик эълон қилинди.
Сафарбарликни шахсан Россия президенти Путиннинг ўзи эълон қилди ва фақат захирадагилар, биринчи навбатда, ҳарбий хизмат ўтаган, ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган фуқаролар сафарбар этилишини айтди.
Бироқ жойларда бунга амал қилинмади ва муддатли ҳарбий хизматни ўтамаган шахсларга ҳам чақирув қоғозлари юборилди. Шундан сўнг кўплаб россияликлар мамлакатни тарк эта бошлади.
Ўшанда Финландия, Болтиқбўйи давлатлари, Гуржистон ва Қозоғистоннинг Россия билан чегараларида мамлакатни тарк этаётган россияликлардан иборат жуда катта навбатлар юзага келди.

Бундан ташқари, россиялик қочоқлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам ўтиб келишди. Сибирдагилар Мўғулистонга қочиб ўтишди.
Ўша пайтда Россиянинг энг узоқ ҳудуди бўлган Чукотка автоном вилоятида яшовчи икки киши мамлакатдан қочишда ноодатий йўлни танлайди. Қочоқлар оддий енгил қайиққа ўтириб, Америка томон сузиб кетишади. Улар Максим Теюнаут ва Сергей Нечаев эди.
Қочиш
2022 йил сентябр ойида, Россияда сафарбарликнинг биринчи тўлқини бўлиб ўтаётган пайтда, Чукотканинг Эгвекинот қишлоғида яшовчи 45 ёшли Максим Теюнаут ва 52 ёшли Сергей Нечаевга ҳам чақирув қоғозлари боради.
Шунда улар маҳаллий масъуллар ўзларини Украинага урушга юбормаслиги учун мамлакатдан қочишга қарор қилишади.
Ўша пайтда Россиянинг Европа ёки марказий қисмида яшовчилар Мўғулистон, Қозоғистон, Гуржистон ёки Болтиқбўйи давлатлари ва Финландияга осонгина ўтиб кетаётган эди.
Бироқ Россиянинг энг чекка ҳудудида жойлашган Чукоткада яшовчилар учун бундай имконият йўқ эди. Чунки автомобил ва темирйўллар тортилмагани учун Чукоткадан қуруқлик орқали Россиянинг бошқа ҳудудларига етиб олишнинг иложи йўқ.
Чукоткаликлар фақат ҳаво ва денгиз йўли орқали бошқа жойларга етиб олишлари мумкин. Сафарбарлик эълон қилингандан сўнг ҳар қадамда текшир-текшир кўпаяди.
Агар Сергей ва Максим Чукоткани ҳаво йўли орқали тарк этмоқчи бўлишса, уларни аэропортдаёқ тўхтатиб қолишлари аниқ эди. Ана шундай шароитда Сергей ва Максим таваккал қилиб Америкага қочиш режасини тузишади.
Улар танлаган йўл бироз хавфли бўлиб, чукоткаликларда оддий енгил қайиқ бор эди холос. Агар денгизда тўфон юз бериб қайиқ ағдарилса иккаласи ҳам ҳалок бўларди.
Қолаверса, Беринг бўғозида қўриқчилик қилаётган Россия ва Америка чегарачилари уларни тутиб олиши эҳтимоли бўлиб, бунда америкаликлар индашмаса ҳам россиялик чегарачилар қочоқларни кечирмаслиги аниқ эди.
Шу учун Сергей ва Максимда энг асосий хавотир россиялик чегарачиларнинг қўлига тушиб қолмаслик бўлган.
Эгвекинот қишлоғи Анадирдан шимоли-шарқда Беринг денгизи кўрфазининг қирғоғида жойлашган. Бу ердан фақат АҚШга қарашли Авлиё Лаврентий оролига яқин эди. Сергей ва Максим таваккал қилиб йўлга тадорик кўра бошлашади.
Улар бор пулларига қайиқ учун бензин сотиб олишади. Йўлда овқатланиш учун фақат тухум ва картошка қайнатиб олишади холос. Бошқа егуликка уларда пул йўқ эди.
“Бир йил аввал (2021 йилни назарда тутяпти) 2022 йил сентябрнинг охирида мен АҚШда бўламан деб ўйламаган эдим. Урушга борсам кимнидир ноҳақдан ўлдирардим ёки мурдам целлофанга ўралган ҳолда қайтарди. Мен муддатли ҳарбий хизматни ўтаганман, ҳарбий гувоҳномам бор. Сафарбарлик эълон қилингач Чукоткада ҳам одамларнинг уйларига чақирув қоғозлари кела бошлагач қочиб кетишнинг иложи бўлмай қолди. Айримлар қочмоқчи бўлганда уларни аэропортда тўхтатиб, мажбурий тарзда урушга олиб кетишди. Кунларнинг бирида эшигим тақиллади. Бориб қарасам бир аёл ва иккита ҳарбий формадаги одам турибди. Улар менга чақирув қоғози олиб келишганди. Мен урушга боришни хоҳламасдим. Шу учун қочишга қарор қилдим. Агар қочмасак мажбурлаб бўлса ҳам урушга жўнатишарди”, дейди Максим Теюнаут.
Ўшанда Сергей билан ҳам шундай бўлган ва у ҳам сафарбарлик эълон қилингач бир неча кунда чақирув қоғози олган. Шундан сўнг Максим у билан мамлакатдан қочиб кетишни муҳокама қилган. Охир-оқибат икки дўст мамлакатдан қочишни режалаштиришади.

“Биз қаерга қочишни билмасдик. Сергей билан мактабга бордик. Харитадан қочиш учун қулай жой қидира бошладик. Энг яқини Авлиё Лаврентий ороли экан. Ўша пайтда бу оролда одам яшашини билмасдик. Шундай бўлса ҳам об-ҳавоси яхши ва бизни у ердан мажбурлаб урушга жўната олишмайди деб ўйладик ва шу Авлиё Лаврентийга қочишга қарор қилдик”, дейди Максим.
Қочиш учун жой танлангандан сўнг Максим ва Сергей сафарга тайёргарлик кўра бошлаган. Улар уч кун давомида озиқ-овқат ғамлаган ва қайиқни тайёрлашган.
“Асосий пулимизга бензин сотиб олдик ва идишларга қўйиб захира қилдик. Ошиқча пул йўқлиги учун биз камтарона озиқ-овқат тайёрладик. Фақат картошка ва тухум қайнатдик. Яна пишган товуқ гўшти, сигарет, чой, қаҳва каби нарсаларни олдик. Охирида менда 10 минг рубл қолди, ҳар эҳтимолга қарши уни долларга алмаштиришга қарор қилдик. Ўша пайтда расмий курс 1 доллар 60 рубл эди. Лекин банкка борсам доллар 90 рублдан камига сотилмаслигини айтишди”, дейди Максим.
Икки дўст қочиш ҳақидаги режани ҳеч кимга айтмайди. Чунки Россия қонунларига кўра бу икки томонлама жиноят эди. Сафарбарликдан қочишга ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишга жиноий жавобгар қилишлари мумкин эди.
“Бизда шундай тартиб бор: денгизга чиқаётганинингизда бу ҳақда чегарачиларни хабардор қилиб қўйишингиз керак. Агар бундай қилмасангиз биринчи марта огоҳлантиришади, иккинчи марта жаримага тортиласиз. Биз қочаётганимиз учун бундай қилмадик. Биз аввал Провидения кўрфазига бордик ва қирғоқ ёқасида совет давридан қолиб кетган вайрона уйни кўриб қолдик. Ўша уйда тунаб қолдик. Эрталаб об-ҳаво яхши бўлди, нонушта қилиб орол томонга қараб сузиб кетдик. Бизда қўлга тушиб қолсак-чи, деган кучли хавотир бор эди. Бироқ йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқлиги учун қўрқув кучли эмасди. Чегарачилар бизни пайқамади. Балки эрталаб шарқдан чиққан қуёш нурлари уларни чалғитгандир”, дейди Максим.
Қочоқлар Чукотканинг Провидения кўрфазидан чиқиб, бир неча кун деганда қарийб 500 км масофани сузиб ўтиб, мўлжалланган манзилга етиб боришади. Авлиё Лаврентий оролига яқинлашгач кутилмаган ҳолга дуч келишади.

Улар ҳеч ким яшамайди деб ўйлаган оролда одамлар сайр қилиб юрарди. Ўшанда 2022 йил 5 октябр куни эди.
Қочоқларни Авлиё Лаврентий оролидаги Гэмбелл шаҳарчасига олиб боришади. Улар Google Translate орқали маҳаллий аҳоли ва полиция билан мулоқот қилишади ва Россиядан қочиб келганларини тушунтиришади.
“Биз Авлиё Лаврентий оролига яқинлашдик ва квадроциклларда сайр қилиб юрган одамларни кўрдик. Улар қайиғимизни булдозер билан қирғоққа тортиб олишди. Сўнг бизни полиция бўлимига олиб боришди ва овқатлантиришди. Мен овқатнинг кўплигидан ва хилма-хил мевалар борлигидан ҳайрон бўлдим. Бизни ҳатто лимонли чой билан меҳмон қилишди. Улар ҳам чукчаликларга ўхшаб туб жой аҳоли вакиллари экан, фақат америкаликлар”, дейди Максим.
Кейин Максим ва Сергейни аввалига Алясканинг энг катта шаҳри ва маъмурий маркази бўлган Анкорижга, у ердан эса самолёт билан Вашингтон штатига жўнатишади. Сергей ва Максим Тамока шаҳридаги иммиграция хизмати ҳибсхонасида уч ой ўтиришади.
Шундан сўнг қочоқларга гаров пули эвазига озод қилишларини айтишади. Максимга 3 минг, Сергейга 10 минг доллар гаров пули белгиланади.
Икки нафар россияликларнинг қайиқда қочиб келгани ва ҳибсда ўтиргани ҳақида эшитган нотаниш одам пулларни тўлайди ва улар 2023 йил январда озодликка чиқади.
Кейинчалик уларни қутқарган одам совет даврида ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетган украиналик руҳоний Роман Митин экани ойдинлашади. Маълум бўлишича, нотаниш бир шахс Сергей учун 10 минг доллар берган, Максим учун Митин пул тўлаган экан.
Роман Митин Сергей ва Максимни қамоқдан олиб чиққанидан сўнг уларни ўзи билан Вашингтон штатига олиб кетади ва Сиэтдаги вақтинчалик бошпанага жойлаштиради.
Кўп ўтмай россиялик икки нафар қочоқ Тинч океани орқали Америкага қочиб келгани АҚШдаги кўплаб ОАВда хабар берилади. Шундан сўнг телеканаллар ва нашрлар мухбирлари Сергей ва Максимдан интервью олишади.
Улар ўз интервюларида Россиянинг Украинага бостириб кириб, у ерда “махсус ҳарбий операция” ўтказаётганига қарши эканликларини айтишади. Бироқ Максим аввалроқ ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига Z ҳарфи ёзилган буғу билан тушган расмини жойлагани ойдинлашади.
Урушни қўллаб турганларнинг ўзи фронтга чақирилганда фикрини ўзгартириши ва мамлакатдан қочиши биргина Максим билан содир бўлмади. Россиядан қочганлар орасида бундайлар етарлича бор эди...
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
«Аэрофлот»га ҳужум. Бир кундан кейин нималар маълум?
Жаҳон | 21:16 / 29.07.2025
“Иш қилишга кучим йўқ”: қувватсизлик оддий чарчоқми ёки жиддий сигнал?
Соғлом ҳаёт | 16:45 / 29.07.2025
“Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос
Жаҳон | 18:20 / 28.07.2025
Украинада сиёсий инқироз. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
Жаҳон | 17:56 / 27.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хитой АҚШ таҳдидига қарамай, Россия нефтини сотиб олишдан воз кечмади
Жаҳон | 23:46 / 30.07.2025
-
Туркияда мигрантларнинг ноқонуний бандлигига қарши чоралар кучайтирилди
Жаҳон | 23:20 / 30.07.2025
-
Уй қурувчиларининг “қора” рўйхати, рус овчиларининг ўлжаси ва иссиқхоналарга қўллов – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 22:52 / 30.07.2025
-
Нозимахон Давлетова Президент Администрацияси раҳбарининг шартнома асосидаги консултанти бўлди
Ўзбекистон | 22:27 / 30.07.2025
Мавзуга оид

23:46 / 30.07.2025
Хитой АҚШ таҳдидига қарамай, Россия нефтини сотиб олишдан воз кечмади

11:39 / 30.07.2025
Россия Украина армиясининг ўқув бўлинмасига зарба берди: уч киши ҳалок бўлди

09:21 / 30.07.2025
Россияда шатдаунлар пайтида ҳам айрим ресурсларга кириш имкони яратилиши мумкин

23:22 / 29.07.2025