Жамият | 20:25 / 15.12.2023
21691
7 дақиқада ўқилади

Аччиқ қисмат қаршисидаги ожиза: сирдарёлик Нигоранинг муаммосини ҳал қилувчи идора топиладими?

Янгиер шаҳрида яшовчи, болаликдан 1-гуруҳ ногирони бўлган Нигора Абдуназарова яқинларини йўқотгач, муаммолар гирдобида қолди: онаси ҳаётлигида олинган уйидан айрилиш арафасида. Уни қўллаб юбориши керак бўлган ижтимоий ҳимоя тизими эса ишламаяпти: кафилликка олган ҳокимлик ундан “юз ўгирган”.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукни бугун эътиборингизни Сирдарёнинг Янгиерида яшовчи ногиронлиги бўлган қиз қисматидаги битикларга қаратади.

Нигора Абдуназарова 32 ёшда. У анча йиллар олдин отасини, 2023 йил апрел ойида эса онасини йўқотган. Болалигидан 1-гуруҳ ногирони, 14 ёшгача оёқда тик юра олган, ундан кейин эса физиологик нуқсонлари сабаб умуман юрмай қўйган. Шифокорлар Нигорага мушакларнинг бўшашиб кетиши, илик қуриши ташхисини қўйишган.

“14 ёшимдан кейин бора-бора қўл-оёқларимнинг ҳаракати кучсизланиши бошланиб, бармоқларимнинг тортишиб қолишлари, бўйларимнинг ўсмай қолиши – ҳаммаси юролмай қолганимдан кейин бошланди. Ҳозирда касаллигим кучайиб боряпти, қўл-оёқларимда куч қолмаган, қаровчиларим менга овқатимни едириб қўйиб, ташқарига ҳам чиқариб қўйишяпти.

Шифокорлар менга доимий даволаниб туриш шартлигини айтишган, лекин ҳозирда даволанишга маблағим етмаяпти, ҳар 3 ойда шифокор кўригига бориб туришим керак. 1,5-2 млн сўмлик дори ёзиб беришади. Буларни тўхтатмай ичишим зарур, лекин ҳозирда шуларни ҳам ололмаганим сабаб касаллигим баттар ривожланиб боряпти”,– дейди у.

2018 йилда Нигоранинг онасига бошланғич бадали давлат томонидан тўланган ҳолда Ипотекабанкнинг 20 йиллик кредити эвазига уй берилган. Бу жараёнда ҳокимият кафилликни бўйнига олган, бу ҳатто нотариал тартибда расмийлаштирилган ҳам. Бу икки меҳнатга лаёқатсиз ва ногиронлиги бўлган она-бола йиллар давомида нафақаларидан тушадиган маблағга ҳам кун кўришган, ҳам уйнинг кредитини тўлашган. Онаси вафот этгач, ҳамма масъулият Нигоранинг бўйнида қолган.

“Ҳозир уй онамнинг номида қолиб кетган. Банк ходими менга телефон қилиб, энди кредит тўловини сиз давом эттирасиз, деди. Мен тўлолмаслигимни, нафақа пулларим бунга етмаслигини, қолаверса, олаётган пулимни қаровчига бераётганимни айтдим. Ҳозирда кредитнинг фоизи ёзилиб ётибди. Апрелдан бери умуман тўлолганим йўқ, бундан кейин ҳам тўлолмайман. Агар тўловини қила олмасам, банк уйни олиб қўйиб, бошқа кам таъминланганга бериб юбориши мумкин”,– дейди Нигора Абдуназарова.

Ноилож қолган Нигора бир нечта масъул ташкилотлар, хусусан, маҳаллий ҳокимлик ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилган. Аммо уларнинг ҳеч бири ҳолатга жиддий эътибор қаратмаган, ечим бермаган, аксинча унга нисбатан қўпол муносабатда бўлишган.

“Ўзимизнинг Янгиер шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдим, фойдаси бўлмади. Яқинда Оила ва хотин-қизлар қўмитасига бориб ёрдам сўрадим, Барно Бекназарова деган аёл менга уйимнинг пулини ўзим тўлашим кераклигини айтди. Уйимга ижарачи қўйиб тўлайманми ёки бошқа йўл билан, нима қилсам ҳам ўзимнинг кунимни ўзим кўрарканман.

Вилоят ҳокимининг қабулига ёздиргандим, бир ойдирки чақирамиз деб алдашди. Кейин президент виртуал қабулхонасига мурожаат юбордим. Шундан кейин келиб, нима ёрдам керак деб сўрашди. Муаммоларимни айтдим. Ёрдам берамиз, ҳомий топамиз, ҳокимга айтамиз дейишди. Кетишгандан кейин давлат томонидан бериладиган қаровчи хизматини 5 кун кунига 2 соатдан қарайдиган қилиб беришди. Қўлдан келганча ёрдам шу деб, қаровчига ҳам қўшимча пул чиқариб беролмасликларини айтишди”,– дейди у.

Нигора Абдуназарова Янгиер шаҳри, Сирдарё вилояти ҳокимликлари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилиб, эришган ягона чораси – қаровчилар соатини кўпайтира олиш бўлган.

Янгиер шаҳар ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 июлдаги тегишли қарори билан тасдиқланган вақтинчалик Низом асосида Раъно Абдуқодировага кафил бўлган. 2021 йилнинг 9 сентябр куни қарздор, кафил ҳамда банк ўртасида кафиллик шартномаси тузилган.

Шартномада келтирилишича, кафил сифатида Янгиер шаҳар ҳокимлиги қарздорнинг кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олган.

Юқоридаги вақтинчалик Низомга кўра, кафиллик берилган қарз олувчиларга ажратилган кредитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда ва кредит шартномаларига илова қилинадиган уларни қайтариш жадвалига риоя қилинмаганда, банк филиали ўттиз кун мобайнида ҳокимликларни бундан хабардор қилади. Ҳокимлик эса банк филиалининг мурожаатини беш иш куни мобайнида кўриб чиқиб, қарз олувчининг мавжуд муддати ўтказиб юборилган қарзини банк филиалига тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. 

Ҳукуматнинг юқоридаги қарорида ҳокимликларнинг кафил бўлиши тажриба тариқасида 2022 йилнинг 1 августигача амал қилиши кўрсатилган. Аммо бу Янгиер шаҳар ҳокимлиги ушбу санадан сўнг тузилган шартномалардаги кафилликни тўхтатиши кераклигини эмас, янги кафиллик шартномалари тузмаслигини англатади.

Демак, ушбу ҳолатда банк нима учундир осонгина йўлдан бориб, тўловни кафилдан эмас, гаровга қўйилган уй-жой ҳисобидан ундиришни кўзлаётгани тушунарсиз. 

Сирдарёдаги масъул идоралардан ҳолат бўйича “Юксалиш” жамоаси томонидан тузилган маълумотномани олдик. Унда уйнинг тўловлари ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 7 июлда 9 млн 305 минг сўм, 2022 йил 16 июнда эса вилоят хокимлиги томонидан 11 млн 675 сўм маблағ кредитни сўндириш учун тўлаб берилгани айтилади. Бироқ бу муаммо ҳал бўлди, дегани эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарорига кўра, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун ажратиладиган имтиёзли кредитларни қоплаш – талабгор кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда – у ишлаётган ташкилот (Нигора ишлолмайди), Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла”  хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Мамлакатда Нигоранинг вазияти ёки ундан ҳам оғирроқ ҳолатга тушиб қолган одамлар кўп. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кераклигини англатади. Хўш, аслида бу тизим қандай бўлиши керак ва ҳозирги тизимда қандай муаммолар бор?

Биз бу савол юзасидан мутахассислар фикрини ҳам эътиборингизга ҳавола қилиш ниятидамиз. Унгача эса Сирдарё вилояти масъулларидан ўз ваъдаси ҳамда нотариал тасдиқланган мажбуриятини бажариб, Нигоранинг муаммосини амалда ҳал қилиб беришларини сўраб қоламиз.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид