Фан-техника | 14:19 / 26.11.2023
55764
4 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қиммат брендлари, Cadillac Optiq ва Об-ҳавони олдиндан айтиб берадиган нейрон тармоқ – ҳафта технодайжести

Apple қаторасига ўн биринчи марта дунёдаги энг қиммат бренд деб топилди. Кейинги ўринларда Microsoft ва Amazon. Google томонидан яратилган GraphCast нейрон тармоғи об-ҳавони синоптикларга қараганда тезроқ ва аниқроқ прогноз қилди. БААда дунёдаги энг йирик қуёш электр станцияси қурилди. У 2 GW қувватга эга. Якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарлар Kun.uz технодайжестида.

Фото: AP

Дунёдаги энг йирик қуёш электр станцияси

БААда дунёдаги энг йирик қуёш электр станцияси – Ал-Дафра ишга туширилди. 2 гигаватт (GW) қувватга эга станция Абу-Дабидан 35 км узоқликда жойлашган ва деярли 4 млн дона икки юзли қуёш панеллари билан жиҳозланган.

Ал-Дафра 200 мингга яқин уйни қувват билан таъминлайди ва ҳар йили атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид чиқиндиларини 2,4 млн тоннадан ортиққа қисқартиради.

Маскур лойиҳа Abu Dhabi Future Energy Company (Masdar, улуши – 40 фоиз), Abu Dhabi National Energy Company (TAQA, улуши – 20 фоиз), Франциянинг EDF Renewables (улуши – 20 фоиз) компанияси ва Хитойнинг JinkoPower (улуши – 20 фоиз) компаниялари томонидан амалга оширилган.

Об-ҳавони олдиндан айтиб берадиган нейрон тармоқ

Google об-ҳавони башорат қиладиган янги нейрон тармоқ яратди. Буюк Британиядаги Google’га тегишли Deepmind компанияси томонидан ишлаб чиқилган GraphCast тармоғи об-ҳавони синоптикларга қараганда тезроқ ва аниқроқ прогноз қилиб берган. Хусусан, сунъий интеллект бир дақиқадан камроқ вақт ичида 10 кунлик об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни тақдим қилган.

Таъкидланишича, GraphCast нейрон тармоғи Европа ўрта масофали об-ҳаво прогнозлари марказидан (ECMWF) олинган 39 йиллик маълумотлар бўйича ўқитилган.

Cadillac Optiq

Cadillac Optiq кроссовери намойиш этилди. Автомобилнинг узунлиги 4,82 метр бўлиб, Хитойда ишлаб чиқариладиган версияси битта электромоторли бўлади. У комплектациясига қараб 204 ва 245 от кучини бера олади. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, умумий қуввати 287 от кучига эга бўлган иккита электромоторли версияни тайёрлаш устида ҳам иш олиб бориляпти.

Cadillac Optiq’ни ишлаб чиқариш 2024 йилда бошланиши кутилмоқда.

Дунёнинг энг қиммат брендлари

Interbrand дунёдаги энг қиммат брендларнинг анъанавий рейтингини эълон қилди. Apple кетма-кет ўн биринчи марта ушбу рўйхатда биринчи ўринни эгаллади. Компания қиймати 502,7 млрд долларга баҳоланган. 

Иккинчи ўринга Microsoft жойлашган. Ушбу бренд қиймати 316,7 млрд долларга баҳоланган. Жорий йилда компания баҳоси 14 фоизга ошган. 

Учинчи ўринда Amazon бренди қайд этилган. У 276,9 млрд долларга баҳоланган. Бренд жорий йилда 1 фоизга қимматлаган.

Шунингдек, рейтингнинг етакчи ўнталигидан Google (260,2 млрд доллар), Samsung (91,4 млрд доллар), Тoyota (64,5 млрд доллар), Mercedes-Benz (61,4 млрд доллар), Соса-Соlа (58 млрд доллар), Nike (53,7 млрд доллар) ва BMW(51,1 доллар) жой олган.

«Ақлли» бекатлар

Тошкент шаҳрида синов тариқасида «ақлли» бекатлар ташкил этилади. Уларда жамоат транспорти йўловчилари ва бошқалар ўз мобил қурилмаларини қувватлантириши, Wi-Fi тармоғидан фойдаланиши ҳамда электрон таблода кутилаётган автобус келишига қанча вақт қолганлигини кўришлари мумкин бўлади. 

Бекат видеокузатув тизими билан ҳам жиҳозланиб, янада кенгроқ бўлади.

Tesla’нинг соати

Тесла янги маҳсулоти - Tesla S3xy Time Glow Clock деб номланган соатни сотишни бошлади. Қурилма олтита рангли IPS дисплей билан жиҳозланган. Улардан бештасини ҳар хил режимларга ўзгартириш ва созлаш мумкин.

Стендда USB-C порти мавжуд бўлиб, у қурилмани қувватлантириш учун ишлатилади. Wi-Fi синхронизацияси қўллаб-қувватланади. Соатнинг ўлчамлари 204×68×70 мм. Нархи эса 116 доллар.

Мавзуга оид