Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
71 ёшда 150 йил қамоқ жазоси ва қамоқхонадаги ўлим – америкалик машҳур фирибгарнинг аянчли ҳаёти
2009 йилда Ню-Йорк суди молиявий пирамида ташкил этганликда айбланган шахслардан бирига 150 йил қамоқ жазоси беради. Ўшанда унинг ёши 71 да эди ва АҚШда кекса ёшдагиларни қамоқдан олиб қоладиган истиснолар йўқ. Маҳкум 2021 йилда 83 ёшида Шимолий Каролинадаги қамоқхонада вафот этади. Мазкур шахс Бернард Мейдофф бўлиб, у Америка тарихидаги энг машҳур фирибгарлардан бири ҳисобланади.

Бундан бир неча кун олдин 2019 йилда йирик фирибгарлик туфайли айбланган ва «Авто 60 ой» иши доирасида суднинг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган Жамшид Баҳодиров очиқликка чиққани ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайрон қолдирди.
Аслида бу ҳайрон қоладиган иш эмас ва бошқа узоқ муддатларга қамалганлар ҳам жиноят кодексидаги бўшлиқлар туфайли катта эҳтимол билан озодликка чиқаётган бўлиши мумкин.
Яъни Жамшид Баҳодировнинг муддатидан анча аввал озод қилиниши биринчи ва охирги ҳолат эмас. Агар қонунлардаги бўшлиқлар тўғриланмаса бу иш давом этаверади, оқибатда фирибгарлик баттар урчийверади. Зеро, жазо муқаррар бўлмаган тизимда бошқача ҳолатни кутиб ҳам бўлмайди.
Бироқ дунёнинг бошқа давлатларида бундай эмас ва уларда фирибгарлик билан аёвсиз курашилади. Фирибгарлик содир этиб, одамларнинг пулларини ўзлаштирадиган шахслар узоқ муддатга қамалади. Ҳатто кексайиб қолганларга ҳам раҳм қилинмайди.
Ана шундай ишлардан бири америкалик машҳур фирибгар Бернад Мейдофф билан содир бўлган. У узоқ йиллар давомида молиявий пирамида ташкил этиб, одамларнинг йирик миқдордаги пулларини ўзлаштиргани учун 150 йилга (!) қамалган.
Бернард Мейдоффга ҳукм ўқиган судя ўша пайтда фирибгарнинг кексайиб қолганини ва ёши 71 да эканини ҳам инобатга олмаган. Бизда эса ...

www.alamy.com
Бернард Мейдофф ҳақида
1938 йилда туғилган Бернард Ню-Йоркдаги обрўли мактаблардан бирида таҳсил олади. 1956-1960 йилларда коллежлардан бирида ўқийди ва сиёсий фанлар бўйича бакалавр дипломини олади.
1960 йилда у Madoff Investment Securities компаниясини ташкил этади. Кейинроқ у компаниясига акаси ва жиянларини ҳам жалб қилади.
1970-йиллар бошида Ню-Йоркда NASDAQ (National Association of Securities Dealers Automated Quotation) фонд биржаси ташкил этилади ва Бернард унинг асосчиларидан бири бўлади.
NASDAQ иш бошлаганидан сўнг Бернард бир муддат ўз компанияси билан биржа савдоларида ҳам қатнашади ва қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланади.
1980-йиллар бошларида тадбиркор ўз компаниясини кенгайтиради ва унда директорлар кенгаши раиси бўлади. Шунингдек, у NASDAQ фонд биржаси директорлар кенгаши аъзоси, 1990-йиллар бошларида фонднинг раиси бўлади.

www.alamy.com
Бундан ташқари, Бернард 1980-йиллар ўрталарида ташкил этилган ва асосан давлат ҳамда турли компаниялар ўртасида нақдсиз ҳисоб-китоб ишларини бажариб берувчи International Securities Clearing директорлар кенгаши аъзоси бўлади.
Айбловлар ва ҳибс
2008 йилда Бернард Мейдоффга йирик молиявий пирамида ташкил этганлик айблови қўйилади. Шундан сўнг суриштирувлар бошлаб юборилади.
Маълум бўлишича, Бернард ўзига тегишли Madoff Investment Securities компанияси орқали молиявий пирамида ташкил этган ва у орқали одамларнинг пулларини ўзлаштирган.
Ўз даврида Madoff Investment Securities АҚШдаги энг истиқболли ва барқарор сармоя фонди ҳисобланган. У ўз сармоядорларига йиллик 12-13 фоиз фойда келтирган.

vlasti.net
Компания мижозлари орасида йирик банклар, инвестиция ва хайрия фондлари, турли таниқли шахслар (асосан бойлар) бор эди. Биргина 2008 йилда компания ўзига 17 миллиард доллар жалб эта олади.
Бироқ ўша йили Бернарднинг фирибгарлиги фош бўлиб, у қамоққа олинади ва суриштирувлар бошланади.
Бернарднинг иши ҳеч қачон шубҳа уйғотмаган. Шу сабабли унга тегишли компаниянинг фаолиятини жиддий текшириб кўриш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Бернард ҳибсга олингандан сўнг уни ўғиллари фош қилгани маълум бўлади.
2008 йилда у ўғиллари Марк ва Эндрю Мейдоффларга ўз бизнеси улкан ёлғондан иборат эканини айтади. Ўғиллар эса бу ҳақда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига маълум қилади.
Эртаси куни Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Бернард Мейдоффни ҳибсга олади. Орадан беш куни ўтиб, унинг барча активлари музлатиб қўйилади.

www.alamy.com
Бернард нега ўғилларига қилиб юрган ишлари улкан ёлғондан иборат эканини айтган?
Гап шундаки, 2008 йил ноябр-декабр ойларида дунё бўйлаб молиявий инқироз юз беради. Шунда Бернарднинг компанияси билан ҳамкорлик қилиб келаётганларнинг бир қисми ундан ўз пулларини сўрашади. Бироқ Бернард пул топиб бера олмайди.
Ана шу вазиятда Бернарднинг икки ўғлида отасига берадиган саволлар пайдо бўлади. Нега қарийб 100 миллиард маблағи бор дейилган инвестиция фонди қандайдир арзимаган 7-8 миллиард пулларни топиб бера олмаяпти?
Ўғилларининг бу саволига Бернард қилиб юрган ишлари улкан ёлғондан иборат эканини, шу сабабли пуллар йўқлигини гапиради. Шунда ўғиллар бу ҳақда органга хабар беришади.
Бернард қамоққа олингандан сўнг унинг компанияси текшириб кўрилганда умумий қарздорлик 50 миллиард доллар экани ойдинлашади.
Маълум бўлишича, Бернарднинг компанияси 1980-йиллардан бошлаб ҳеч қачон биржада қимматли қоғозлари савдосида қатнашмаган. Бу йўл билан пул топмаган. Асосан катта фоиз таклиф қилиб, одамларни чув тушириш билан шуғулланган.
2009 йил 12 март куни Мейдофф ўзига қўйилган 11 пунктдан иборат айбловлар бўйича кўрсатма беради ва пул ювиш, ёлғон гувоҳлик бериш ва фирибгарлик билан шуғулланиб келганини тан олади.
Ню-Йорк суди Бернард Мейдоффни молиявий пирамида ташкил этганликда ва фирибгарлик ортидан жуда катта маблағларни ўзлаштиришда айбдор топади. Унга 150 йил қамоқ жазоси берилади. Ўшанда Бернард 71 ёшга кирган эди.

news.yahoo.com
Бернард Мейдоффга чув тушган йирик компания ва банклар
Бернард Мейдофф ҳибсга олингач унинг фондига пул қўйганлардан жами 16 519 та даъво аризаси келиб тушади. Шундан 2 560 тасига Бернарднинг ҳисобида бўлган ва музлатилган пуллар қайтарилади.
2 700 та ариза уларнинг эгалари Мейдоффдан фоиз сифатида унинг фондига қўйган пулларидан кўп маблағ олишгани учун рад этилади.
Яна минглаб аризалар пуллар тўғридан тўғри эмас, учинчи шахслар орқали қўйилгани учун қайтарилади.
Ўшанда Bernard L. Madoff Investment Securities LLC компаниясига танлов асосида бошқарувчи этиб тайинланган Ирвинг Пикард қолган сармоядорларга 14,2 млрд долларни қайтаради.
Бернард Мейдофф ташкил этган молиявий пирамида қулагач кўп ўтмай унинг инвестиция фонди билан ҳамкорлик қилган йирик компаниялар қанчадан зарар кўргани маълум бўлади.
Улар орасида АҚШ, Франция, Испания, Италия, Нидерландия, Швейцария каби давлатларда фаолият олиб борган турли фондлар ва компаниялар бор эди.
Жумладан:
· «Fairfield Sentry Ltd» фонди — 7,3 млрд доллар;
· «Kingate Global Fund Ltd» — 2,8 млрд доллар;
· «Tremont Holdings Inc’s Rye Investment Management» — 3 млрд доллар атрофида;
· «Banco Santander» банк гуруҳи (Испания) — 3,1 млрд доллар;
· HSBC банк — 1 млрд доллар;
· «Royal Bank of Scotland» — 600 млн доллар;
· «BNP Paribas» банки (Франция) — 460 млн доллар;
· «Robert I. Lappin Charitable Foundation» хайрия фонди — барча маблағини йўқотиб, бутунлай банкрот бўлади;
· Жанубий Корея банки – 63 млн доллар.

actu.voila.fr
Суиқасдлар
Мейдоффнинг молиявий пирамидаси қулагач унга ишониб катта миқдордаги пулидан ажралиб қолганлардан бир неча нафари ўз жонига қасд қилади.
Рене-Тиерри Магон де ля Виллюше. Бу шахс Access International Advisors фонди раҳбари эди. Бернард ҳибсга олингандан кўп ўтмай 2008 йил 23 декабр куни уни Ню-Йоркдаги офисидан жонсиз ҳолда топишади.
Экспертиза текширувларида Ране-Тиерри ўз жонига қасд қилгани аниқланади. Суриштирувларда у ўз фондига жалб қилган жуда катта пулларни баланд фоиз ҳисобидан пул ишлаб олиш мақсадида доим Бернарднинг компаниясига топшириб келгани аниқланади.
Жумладан, Ране-Тиеррининг Access фонди 2002 йилда Мейдоффнинг фондига 1,2 млрд, 2008 йилда яна 3 млрд доллар ўтказган. Мейдофф ҳибсга олингандан сўнг батамом синган ва ўз инвесторларининг пулларини қайтара олишига кўзи етмаган француз ўз жонига қасд қилади.

www.palmbeachpost.com
Уилям Фокстон. 2009 йил 10 феврал куни Британия армиясининг собиқ зобити 65 ёшли Уилям Фокстон ўз жонига қасд қилади. У бор маблағини Herald USA Fund ва Herald Luxembourg Fund фондларига топширганди.
Ҳар иккала фонд Мейдоффнинг фонди билан ҳамкорлик қилган ва мижозлардан йиғилган пулларни баланд фоизлар ҳисобидан даромад қилиш учун унинг фондига ўтказишган.
Чарлз Мёрфи. Fairfield Greenwich Group фонди раҳбари бўлган Чарлз Мёрфи Мейдоффнинг фондига мижозлардан йиғган 7 млрд, шунингдек ўзининг 50 млн доллар маблағини қўйган эди.
Мейдофф қамалгандан сўнг узоқ йиллар ўз мижозларининг пулларини тўлаб беролмай келган Чарлз 2017 йил 27 март куни Ню-Йоркдаги меҳмонхонанинг тепа қаватидан ўзини ташлаб, жонига қасд қилади.
Марк Мейдофф. Бернарднинг тўнғич ўғли отасини ушлаб берганидан сўнг компаниянинг барча активлари музлатилади. Шунда пулсиз ва ишсиз қолган Марк иш қидириб кўради, бироқ уни ҳеч ким ишга олишни хоҳламайди.
Бунинг устига Бернард Мейдоффнинг яқин қариндошларига ноқонуний пул орттириш бўйича айблов эълон қилинади. Кейинроқ бу айблов олиб ташланади. Шундай бўлса ҳам Маркнинг молиявий аҳволи ёмонлигича қолаверади.

www.nydailynews.com
2010 йил 11 декабр куни, отасини ушлаб берганига икки йил бўлганда Маркнинг жасади Ню-Йоркдаги квартирасидан осилган ҳолда топилади. Полиция текшириб кўрганда қотиллик аломатларини тополмайди.
Марк ҳатто ҳеч қандай ёзув ҳам қолдирмаганди. Шундай бўлса ҳам ҳодиса ўз жонига қасд қилиш деб қайд этилади.
Қамоқдаги ўлим
Фирибгар қамалгани билан унинг оиласи бошига тушадиган кўргиликлар тугамаган эди. 2010 йилда Бернарднинг тўнғич ўғли Марк Мейдофф вафот этгандан сўнг ҳам оила ўз бошига тушган тавқи лаънатдан қутула олмайди.
2014 йилда Бернарднинг иккинчи ўғли Эндрю Мейдофф 48 ёшида саратон касаллигидан вафот этади.
2017 йилда Бернард Мейдоффнинг ҳаёти ҳақида телефилм суратга олинади. Унда Бернарднинг ролини Ҳолливуднинг машҳур актёри Роберт де Ниро ижро этади.
2020 йилда 82 ёшли Бернард соғлигида жиддий муаммолар кузатилаётганини сабаб қилиб, ўзини озод этишларини сўрайди. Унинг сўрови рад этилади.

mikeevidences.blogspot.ca
Орадан бир йил ўтиб, 2021 йил 14 апрел куни Бернард Мейдофф Шимолий Каролина штатидаги қамоқхонада вафот этади. Ўшанда у 83 ёшда эди.
Ҳа, айрим давлатларда халқнинг жуда катта пулини ўзлаштирган фирибгарлар тузук-қуруқ қамоқда ўтирмасидан озод қилинаётган бир паллада Америкада кексайиб мункиллаб қолган чолга ҳам раҳм қилишмайди ва у қамоқхонада вафот этади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Уруш тақдири Аляскада ҳал бўлади – ҳафта дайжести
Жаҳон | 17:31 / 10.08.2025
Корея: Гапирилмайдиган ҳақиқатлар (2-қисм) | SUBYEKTIV
Жамият | 18:07 / 09.08.2025
Лазизбек Муллажонов биринчиси эмас. Допинг сабаб дисквалификация қилинган машҳур ўзбек спортчилари
Спорт | 20:54 / 08.08.2025
«Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхати эълон қилинди
Спорт | 16:40 / 08.08.2025
Сўнгги янгиликлар
-
«Уч қаҳрамон» бозорида йирик ёнғин содир бўлди (видео)
Жамият | 05:42
-
Трамп уйсизларни Вашингтон ташқарисига чиқариб юбормоқчи
Жаҳон | 01:25
-
АҚШда Labubu қўғирчоқлари ўғрилар нишонига айланмоқда
Жаҳон | 01:11
-
Полшада ЕИ пуллари яхталар ва сауналар учун сарфлангани айтилмоқда - Брюссел изоҳ талаб қилди
Жаҳон | 00:48
Мавзуга оид

01:11
АҚШда Labubu қўғирчоқлари ўғрилар нишонига айланмоқда

22:33 / 10.08.2025
АҚШда энг бадбашара кучук эгасига 5000 доллар мукофот берилди

10:17 / 10.08.2025
Путин Донбасс эвазига Украинада ўт очишни тўхтатишини айтган. Зеленский жавоб қайтарди

22:29 / 09.08.2025