Исроил разведкаси дунёда энг яхшиларидан бири сифатида кўриларди. Нега у ҳужумнинг олдини ололмади?
Исроиллик ҳарбийлар қандай қилиб ғафлатда қолишди? Бу ҳақда ОАВ ва таҳлилчилар нима демоқда?

Фото: APA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати аъзолари 7 октябр куни Исроил бўйлаб минглаб ракеталар учирди, шунингдек, қуролланган бўлинмалар мамлакат ҳудудига бостириб кирди (жумладан, пикапларда, мотоциклларда ва паралетларда). Исроил расмийлари мамлакат урушга кирганини маълум қилди ва Ғазо бўйлаб ракета зарбалар билан жавоб йўллади. Улар катта эҳтимол билан Ғазода қуруқлик амалиёти ўтказишни режалаштирмоқда: сектор чегараларига зирҳли техникалар олиб келинган, чегарадаги шаҳарлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «урушда ютиб чиқиш»ни ваъда қилган — аммо унинг бошланиш фактининг ўзи Исроил разведкаси ва сиёсий раҳбариятига саволлар туғдирмоқда, деб ёзади маҳаллий ва ғарбдаги нашрлар, ҲАМАСнинг ҳозирги ҳужумини роппа-роса 50 йил муқаддам бўлиб ўтган Маҳшар куни уруши билан таққослаган ҳолда.
Исроилдагилар ҲАМАСнинг кутилмаган ҳужуми ҳақида нималар дейишмоқда?
Надав Эял, Ynet (Yedioth Ahronoth) шарҳловчиси
Афсуски, кеча биз ўзимиз ҳақида кўпроқ нарсани билиб олдик. Биз англадикки, юзлаб миллиард шекел сарфланган разведка корпусимиз давлатга энг муҳим паллада ҳал қилувчи огоҳлантиришни бера олмади — стратегик зарба ҳақида огоҳлантирмади. Октябр сюрпризидан 50 йил ўтиб разведкамиз яна муваффақиятсизликка учради.
Аншел Пфеффер, Haaretz шарҳловчиси
ҲАМАСнинг юзлаб жангарилари Ғазо секторидан Исроилга кириб келгани ҳақидаги дастлабки янгиликлардан атиги бир неча дақиқа ўтиб, «Йом-кипур» (1973 йил октябридаги Маҳшар уруши - таҳр) ижтимоий тармоқларда трендга чиқди. <…> Ўхшашлик яққол ва ҳайратланарли. Яна бутун Исроил бўйлаб сиреналар янгради. Яна — яқинлашиб келаётган ҳужум белгиларини аниқлашда ҳам, йиғилган маълумотларни талқин қилишда ҳам разведканинг йирик хатоси. <…> Аммо, октябр урушлари ўртасидаги битта асосий фарқ бор. Кеча бошланган уруш экзистенциал эмас. ҲАМАС ҳарбий рақиб сифатида Исроил билан тенглаша олмайди. Улар ҳатто бир лигада эмас.
Исроилга ҳужум ҳақида Ғарбда нималар ёзишмоқда?
Чак Фрейлих, Исроил миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг собиқ ўринбосари
Бу оператив разведка нуқтайи назаридан муваффақиятсизлик. Шубҳасиз, бизни ғафлатда қолдиришди. Ғазо сектори учун масъул бўлган дивизия штаби эгаллаб олинган, у ерда тартибсизлик ҳукмрон бўлган, шунинг учун жавоб кечикди. <…> [Бундай вазиятларда] ҳамиша барча қисқа муддатга бир байроқ атрофида бирлашади. Аммо барчаси босилиши билан жиддий сиёсий оқибатлар юзага келади.
Деннис Росс, Билл Клинтон маъмуриятида АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили
Бу стратегик кутилмаган ҳодисага ўхшайди: ортга қараб, сиз ўзингизда барча зарур маълумотлар бўлганини, аммо бошқа томон қандай ҳаракатланиши бўйича қатор [нотўғри] тахминлар қилганингизни кўрасиз. <…> Мен [бўлаётган ҳодисаларни Маҳшар уруши билан солиштирмайман, чунки] бунда араб давлатлари иштирок этмаяпти. Аммо мен ўйлайманки, бу Исроил учун ўзига хос зилзила. <…> Шундан кейин албатта, қандай қилиб бундай сюрприз қилинганини текширадиган давлат комиссияси тузилади.
Аарон Дэвид Миллер, АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими, араб-исроил музокараларида иштирок этган
Асосий муаммо шундаки, катта эҳтимол билан, исроилликлар шунчаки ҲАМАС чегара орқали кириб келади деб ўйлашмаган. Бу ҳудудда Исроил армиясининг етарлича кучлари бўлмагани жиддий муваффақиятсизлик эди.
Дэвид Фридман, Доналд Трамп маъмурияти даврида АҚШнинг Исроилдаги элчиси
Мен 40 йил нари-берисида Исроилни кузатиб келган одам сифатида ҳеч қачон бунақасига гувоҳ бўлмаганман. Мен ҳеч қачон чегара бу тариқа бузиб ўтилганини кўрмаганман. Одатда Ғазодан бирор киши чегарага яқинлашса ҳам, уни бирор ишга улгуришидан олдин тўхтатиб, зарарсизлантиришарди. Бу, албатта, разведканинг йирик муваффақиятсизлиги.
Давид Халфа, Франциядаги Жан Жорес фондининг Шимолий Африка ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси
Исроил Маҳшар урушидан буён ҳеч қачон бу каби қуруқликдан босқинга дучор бўлмаганди. <…> Исроил — таҳдидларни олдиндан билиш ва пайдо бўлишидан олдин уларни бартараф этиш учун ўз технологияларига эга мамлакатдир. Кутилмалар ва таҳдид даражасини баҳолаш бўйича муаммо бўлгани аниқ. Исроил махсус хизматлари кутган сценарий шимолдан [Ливан ҳудудидан] бўладиган босқинни назарда тутарди.
Ави Меламед, таҳлилчи, Исроил разведкасининг собиқ ходими
Бу кампания (гап Исроил ҳукуматининг суд ислоҳоти ўтказиш нияти ва унга қарши намойишлар ҳақида — таҳр) душманларимизга Исроил кучсизлашгани ҳақида аниқ сигнал берган. Улар биз иккига бўлинганимизни ҳис қилишган.
Ронен Бергман, The New York Times нашрининг Тел-Авивдаги журналисти
Исроил разведкаси анъанавий равишда Ғазо секторида кенг имкониятларга эга, минтақадаги энг кучлиси ҳисобланарди. Сўнгги ойларда у бир неча марта ҳарбий можаро авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирганди, чунки Эрон ва у билан алоқадор тузилмаларнинг Исроил суд тизими ислоҳоти бўйича келишмовчиликлар туфайли заифлашганига ишончи комил эди, деган [The New York Times нашрига] Исроил мудофаа вазирлигидаги тўрт нафар юқори мартабали мулозим.
Ҳужумга тайёргарлик кўрилаётганига оид далиллар мавжудлигига қарамай, Исроил разведкасида аниқ картина бўлмаган, дея қўшимча қилган амалдорлардан бири. <…> Америка расмий шахслари ҳам Исроил ҳам, АҚШ ҳам ҲАМАС ҳужум қилиши мумкинлиги ва бунинг эҳтимоли юқори эканини билишган. Аммо, Исроил 7 октябр кунги зарбалар ҳақида ҳеч қандай тактик огоҳлантириш, Исроилга аниқ чора-тадбирлар кўриш имконини берадиган белгилар бўлмаган, дейди улар.
BBC шарҳловчиси Пол Адамс: «Разведка хизматларининг 1973 йилдан буён энг жиддий муваффақиятсизлиги»
Бу воқеалар қанчалик мисли кўрилмаган даражада бўлганини тасвирлаш қийин. Гап фақат разведка хизматларининг 1973 йилги Маҳшар урушидан буён (бу ҳужум учун айнан шу сана танланган бўлиши мумкин, уруш роппа-роса 50 йил муқаддам бўлганди) энг ёмон муваффақиятсизлигида ҳам эмас. Асосийси, Исроил ўз шаҳарлари устидан назоратни ҳеч қачон йўқотмаганди.
Биз Сдерот ва Ғазо сектори билан чегарадаги бошқа жойларда қуролланган фаластинликлар бемалол ҳаракатланганини, маҳаллий аҳолини ўлдиргани ва ўғирлаб кетганини кўрдик ва бу шок ҳолати Исроилда узоқ вақтгача сақланиб қолади.
Аслида, ҳужум қилувчиларнинг ҳам мақсади шу бўлган. Сўнгги йилларда ҲАМАС кўп усулларни синаб кўрди — ракеталар, бомба кўтарган худкушлар, Исроил ҳудудига туннел қазиш ва ҳатто ёнувчи суюқлик ўрнатилган варракларни ҳам.
Аммо фаластинликлар ҳалигача бу қадар «қўполлик» қилишмаганди. Ва уларнинг ўлчовлари бўйича шанба кунги ҳужум —жуда синчковлик билан мувофиқлаштирилган ва ҳа, гибрид урушининг шафқатсиз актидир: юзлаб ракеталар учирилди, унинг ортидан бузилмасдек кўрилган чегаранинг бир қанча нуқталари орқали бостириб кирилди.
Энди тинч аҳоли Исроилнинг муқаррар жавобига тайёрланмоқда. Ғазо бўйлаб ҳаво зарбалари — фақат бошланиши. Ҳудуд аҳолиси нима бўлишини билиб турибди, улар буни аввал ҳам кўп бор кўришган.
Аммо энди Исроилдагилар ҲАМАСни бутунлай йўқ қилишга аҳд қилишган ва олдиндаги кунлар ва ҳафталар жуда оғир бўлишини барча тушуниб турибди.
Исроил армиясидагилар ҳужумга тайёр бўлмагани ҳақидаги саволларга қандай жавоб беради?
Ричард Хехт, Исроил мудофаа армияси расмий вакили
Илтимос, ҲАМАСнинг ҳаракатларини Маҳшар урушининг мураккабликлари билан боғламанг. Мен разведка иши бўйича саволлар кўплигидан хабардорман. Илтимос, уларни бермай туринг. Биз ҳозир уруш ҳолатидамиз. Ишончим комилки, келгусида разведка бўйича муҳокамалар кўп бўлади.
Давид Генделман: «Армия бўшашганди»
BBC: ҲАМАС қандай қилиб қўққисдан ҳужум қилди?
Давид Генделман: Исроил разведкасининг баҳолашларига кўра, ҳозир эскалация ҲАМАС учун фойдасиз эди, сўнгги ҳафталардаги тортишувлардан кейин Ғазо аҳолисига Исроилда ишлаш учун кўпроқ рухсатнома берилган, Ғазога Қатар пулларининг навбатдаги транши кирган ва ҳоказо эди. Демак, уларнинг ҳозирги талаблари қондирилди, улар ҳозир урушишмайди, машғулотлар эса олдин ҳам бўлгани каби мавсумий машғулотлар деб тахмин қилинган.
Ва разведка ҳам амалиётга тайёргарликни фош эта олмаган.
Шунинг учун армия бўшашган, чегарадаги кучлар жанговар шай ҳолатида бўлмаган, ҲАМАС эса мутлақо қўққисдан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлди ва натижа ҳам шунга яраша.
Бу яна бир бор ниятни баҳолаш имкониятларни баҳолашни тўлиқ алмаштирмаслиги кераклигини, ва душманнинг эҳтимолий ҳаракатларини ўзи учун фойдали ёки фойдасиз бўлишига қараб баҳолаш ҳалокатли оқибатларга олиб келишини кўрсатди.
BBC: Исроил бу ёғига нима қилади?
Давид Генделман: Айни вақтда эълон қилинган «Темир қиличлар» амалиёти Исроил аҳоли яшаш манзилларини у ерларда қолган ҲАМАС жангариларидан тўлиқ тозалаш ва Ғазо сектори бўйлаб ҳаво зарбаларини кўзда тутади.
Параллел равишда захирадагиларни сафарбар қилиш ва ердан амалиёт бошлаш доирасида қуруқлик қўшинларини чегарага олиб бориш ишлари кетмоқда.
BBC: ҲАМАС кўп миқдорда одамларни гаровга олди. Исроил бу муаммони қандай ҳал қилади?
Давид Генделман: Исроилликлар орасида қурбонлар кўплиги ва ҲАМАС томонидан эскалация планкаси «одатдаги»дан кескин кўтарилиши Исроилнинг янада кучлироқ жавоб қайтариши ва ўтмишдаги фақат «авиация» зарбаларидан иборат босқичлардан фарқли ўлароқ қуруқлик амалиёти ўтказиши эҳтимолини оширади.
Бу ҳолатда Ғазодаги гаровга олинган исроилликлар сони кўплиги масаласи диалектика: бир томондан бу ҳам қуруқлик амалиёти эҳтимолини оширади, бошқа томондан унинг ўтказилишини қийинлаштиради, чунки асирлар бундан жабрланиши мумкин.
Тавсия этамиз
Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди
Ўзбекистон | 23:03 / 07.04.2025
Хитойлик тадқиқотчилар Осиёда янги зилзилалар кузатилишидан огоҳлантирди
Жаҳон | 21:46 / 06.04.2025
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
Ўзбекистон | 14:32 / 06.04.2025
100 минг долларлик “ўйин”: Марғилондаги бир жиноят тафсилоти
Жамият | 17:21 / 05.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
АҚШ Ўзбекистонга ноқонуний иммиграцияга қарши курашдаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди
Ўзбекистон | 17:07
-
Чорсудаги бешик бозорида дўконлардан бири ёниб кетди
Жамият | 17:05
-
Эрдўған мухолифат партияси етакчисини судга берди
Жаҳон | 17:01
-
Самарқанд иқлим форумида қандай натижаларга эришилди?
Ўзбекистон | 17:01
Мавзуга оид

15:55
АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинлашув. Теҳронда қандай вариантлар бор?

11:14
Минглаб исроилликлар ҳукуматга қарши намойишга чиқди

21:42 / 07.04.2025
Ливан Исроил билан чегарага 4,5 минг ҳарбий хизматчисини жойлаштиради

10:47 / 07.04.2025