Жаҳон | 11:30 / 08.06.2023
40676
15 дақиқада ўқилади

Каховка ГЭСда ўзи нима бўлди? Ва буларнинг барчаси қандай оқибатларга олиб келади?

6 июн куни эрталаб Херсон областининг Россия томонидан босиб олинган қисмидаги Каховка ГЭСнинг тўғони вайрон бўлди. Натижада сув Днипро дарёсига назоратсиз равишда оқиб чиқа бошлади. Украина ҳукумати маълумотларига кўра, тўғонни Россия ҳарбийлари портлатган. Москва эса тўғон «Украина қуролли тузилмаларининг жиноий ҳаракатлари натижасида» йўқ қилинганини айтган. Шу билан бирга, очиқ маълумотларни ўрганувчи таҳлилчилар тўғон сув омборидаги «мисли кўрилмаган даражадаги юқори» сув сатҳи туфайли ҳам ўз-ўзидан қулаши мумкин бўлганини қайд этишган.

Фото: Getty Images

«Медуза» нашри ушбу версиялар, шунингдек, содир бўлган воқеанинг эҳтимолий оқибатларини географ, Швейцариянинг Zoi Environment Network экологик нотижорат ташкилоти асосчиларидан бири Николай Денисов билан муҳокама қилди. Денисов ҳарбий можаролар ва табиат муаммолари ўртасидаги боғлиқликларни ўрганади. У 2014 йилдан бери Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларнинг экологик оқибатларини таҳлил қилади ва Россиянинг кенг кўламли босқини бошидан буён унинг Украина экологиясига ҳалокатли таъсирини баҳолайди.

— 6 июн куни эрталаб Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Каховка ГЭСдаги 28 тўғон бўлагидан 11 таси вайрон бўлганини маълум қилди. «Укргидроэнерго»нинг хабар беришича, Каховка ГЭС «машина зали портлаши натижасида ичкаридан бутунлай вайрон бўлган». ГЭС ва тўғон билан ҳозир нима бўлганини тушуниш мумкинми? У қандайдир тарзда бўлса ҳам сувни ушлаб тура оладими?

— Агар «Укргидроэнерго» ёзганидек, машина залида портлаш содир бўлган бўлса, демак ГЭС вайрон бўлган. Савол — қай даражада. Сув омборининг қанча «ишлаб туриши» яъни у ерда қанча сув қолиши айнан шунга боғлиқ. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, катта эҳтимол билан, омборда унчалик кўп сув қолмаган.

Тўғоннинг қолган (потенциал сақланиб қолган) қисми сувни ушлаб туришга ёрдам бериши сувнинг оқиб чиқиш тезлигига боғлиқ. Табиийки, агар бутун фронт бузилган бўлса, унда сув тезроқ оқади, агар унинг бир қисми вайрон бўлган бўлса, секинроқ. Бироқ барибир сув оқиб чиқади, чунки у ерда бирор чора кўришнинг иложи йўқ. Яъни, сув сатҳи сувни ушлаб қолиши мумкин бўлган табиий дарё туби ёки тўғон қолдиқлари даражасига тушмагунча сув оқиб чиқаверади.

Ҳозир мен кўрмоқдаманки, (сувнинг оқиб чиқиш) тезлиги соатига 15-16 сантиметрни ташкил этяпти, бу умуман олганда етарлича тез. Яъни, икки-тўрт кун ичида, кутилганидек, сув омборидаги сув сатҳи Днипро дарёсининг туби даражасига тушади ва кейин сув оқиб чиқиш тўхтайди.

— Яқин кунларда нима содир бўлади? Сув оқиб чиқиши сиз айтган тезликда давом этадими? Бу анча юқори тезликми?

— Ҳа, анча юқори. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, сув омборида жуда кўп сув бўлган, чунки ҳозир сув тошқини — унинг иккинчи тўлқини Каховка сув омборига етиб келди. Сув ҳақиқатан ҳам жуда кўп бўлган ва шубҳасиз, у пастга оқади.

Сув оқиши омбордаги ҳамма сув оқиб чиққунча шу тезликда давом этади. «Укргидроэнерго»нинг бундай «вилка» (икки-тўрт кун) бериши, ҳатто улар ҳам вазият қандай ривожланишини аниқ билмаслигидан далолат беради.

— Сиз сув тошқинига қараб сабаб омборда сув кўп бўлган дедингиз, яъни бу ерда ҳаммаси табиий сабабларга боғлиқми? Ёки Каховка ГЭСга техник хизмат кўрсатиш ва сувнинг керакли тезликда чиқарилмагани ҳажмга таъсир қилганми?

— Айтиш қийин. Қолаверса, Каховка сув омбори Днипро каскадидаги бир нечта сув омборларининг охиргиси эканини ҳисобга олиш керак. Уларнинг барчаси бир тизим сифатида ишлайди ва бир-бирига боғлиқ. Бу бир томондан. Бошқа томондан, ҳа, менинг ўйлашимча, «Укргидроэнерго» ГЭСни бирмунча вақт назорат қилмади ва у ерда иш қандай кетаётгани ҳам аниқ эмас.

Бироз вақт олдин вазият аксинча эди. Нима учун руслар сув омборидаги сув сатҳини оширишни бошлагани номаълум. Мен бу ҳалокат қанчалик кўп миқдордаги сувнинг оқибати экани ва улар қаердадир ниманидир хато қилганини айта олмайман. Менимча, буларнинг бари кўпроқ табиий ҳолат.

— Бундай вайронагарчилик ташқи таъсирсиз (портлаш ёки ракета ҳужумисиз) содир бўлиши мумкинми? Ёки шунчаки тўғон шундоқ ҳам юқори босим остида бўлгани ва оккупациядан сўнг руслар омборни ёмон сақлагани учун ҳалокат кўлами катта бўлдими?

— Менга айтишларича, тўғонлар, хусусан, Днипро тўғонлари мустаҳкамлик захираси билан ишлаб чиқилган ва шунчаки қулаб тушмайди. Айтишларича, ҳатто ракета ҳужуми ҳам тўғонга тешик ҳосил қиладиган ва у ердан сув оқиб чиқадиган даражада зарар етказа олмайди.

Ниҳоят, «Укргидроэнерго»нинг машина залидаги портлаш версиясига ишонмаслик учун менда ҳеч қандай асос йўқ. Мен ҳарбий эмасман, лекин менинг ўйлашимча, бу руслар томонидан Украина қўшинларининг олдинга силжишини тўхтатишга уриниш бўлган.

— Қайси ҳудудларни сув босиши мумкинлиги бўйича аллақачон бир неча тахминлар бор. Сув сатҳи қанчалик баланд кўтарилиши ва қанча вақт бу баландликни ушлаб туришини тахмин қилиш мумкинми?

— Муаллифлари бундай вазиятни моделлаштиришга ҳаракат қилган бир нечта тадқиқот мавжуд. Шубҳасиз, ҳукуматнинг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ўз режалари бор ва улар ёпиқ. Аммо вазият реалликда қандай ривожланишини аниқ тасвирлаш қийин.

Ҳозир биринчи навбатда дарёнинг ўзи ва унда жойлашган ороллар зарар кўришини айтиш мумкин. Шунингдек, шундоққина тўғон ёнидан (дарё бўйлаб) бошланувчи Нижнеднипровск миллий боғи ва чап, нисбатан паст қирғоқ ҳам сув тўлқини остида қолади. Баландроқда жойлашган ўнг қирғоқни ҳам сув босади, лекин фақатгина дарёга яқин жойларни. Чап қирғоқда эса сув узоққа боради.

Сув сатҳи баландлигига келсак, энг чўққига чиққан паллада у эҳтимол бир метргача етиши мумкин, бироқ айнан қанча бўлиши вазиятга боғлиқ. Аслида, буни моделлаштириш жуда қийин ва бу босқичда, афсуски, нима бўлишини шунчаки кузатиш керак. Сув оқиб чиқиши қанчалик секин бўлса, тўлқин шунчалик кам бўлади, яъни сув сатҳининг баландлиги чўққиси пастроқ бўлади. Ва оқиб чиқиш майдони қанчалик катта бўлса, сув босиш сатҳи шунчалик паст бўлади. Сув босган жойларда унинг ҳажми аҳолига кам кўринмаслиги аниқ. Нова Каховкада ҳайвонот боғини аллақачон сув босган ва кўплаб ҳайвонлар нобуд бўлган.

Баъзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра (уларнинг барчаси турли сценарийларни кўриб чиқади), тўлқин ҳатто кўтарилиши мумкин, масалан, Ингулец ирмоғи бўйлаб. Сув аллақачон у ерга етиб борган ва ҳозир сув яна олдинга оқадими, йўқми кузатиш лозим. Жанубий Буг борасида ҳам худди шундай баҳолар бор эди — ҳисоб-китобларга кўра, тўлқин Миколайивгача етиб бориши мумкин. Бу қанчалик реал эканини айтиш қийин, аммо ҳисоб-китоблар мавжуд.

— Днипронинг қуйи оқимидаги сув сатҳи қанча вақт давомида юқори даражада қолади? Эвакуация қилинганлар узоқ вақт ўз уйларига қайтиб келолмайдими? Ва умуман улар қайта оладими?

— Сув сатҳи, албатта, тушади, бу ҳудуд ва сувнинг кетишига қараб бир неча кундан ҳафталаргача давом этади. Яна бир нарса шуки, вайронагарчилик катта бўлади — электр тармоқлари, уйлар, томорқалар зарар кўради. Сув йўлларни ювиб ташлайди, ҳаракатланиш қийин бўлган лойгарчилик ҳосил қилади ва ниманидир таъмирлаш қийин бўлади. Яъни, одамлар қайтиши мумкин, лекин нимага? Асосий савол шуки, нормал инфратузилмани қайта тиклаш учун қанча вақт кетади ва у қандай шароитларда амалга оширилади. Ахир, бу ер фронт чизиғи ва у қандай ўзгаришини ҳеч ким билмайди.

—Каховка сув омборига нима бўлади? «Укргидроэнерго» маълумотларига кўра, икки-тўрт кундан кейин барча тўпланган сув оқиб кетади ва фақат Днипронинг табиий туби қолади. Бу нимани англатади ва вайронагарчилик (аниқроғи, сув камайиши) қандай оқибатларга олиб келади?

— У ерда муаммолар, вайронагарчиликлар ва сув камайиши бўлади. Сув омбори ўзи нима? Бу сунъий кўл. Яъни, дарё бор эди, унга тўғон қурилди, натижада кўл пайдо бўлди ва бир неча ўн йиллар давомида бутунлай янги экологик тизим шаклланди. У ерда ўсимликлар, балиқлар бошқача, сув бошқача оқади — бу бутунлай бошқа тизим, дарёдаги каби эмас. Ва ҳозир бу кўл амалда қуритилди ва кўл билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса йўқолди.

У ерда яшовчи балиқларнинг баъзилари, эҳтимол, дарё ўзанига тушиб кетган, аммо қаердадир улар бунга улгурмаган ва уларда яшаш учун жой бўлмайди. Барча кўл биоценозлари сувсиз қолди. Эҳтимол, нимадир омон қолар, лекин кўп эмас, чунки барча организмлар сув омборининг сувга тўла ҳолатига мослашган.

Аслида вазият бироз зиддиятли. Экологлар орасида сув омборлари борасида турли қарашлар мавжуд. Сув омборлари ёмон деб ҳисоблайдиган етарлича катта мактаб бор, уларнинг фикрича, тўғонларни бузиш ва дарё режимини қайта тиклаш керак.

Бироқ сув омборининг вайрон бўлиши ҳам иқтисодий ва ижтимоий муаммодир. Бу сувни тўғридан тўғри сув омборидан (масалан, қишлоқлардаги кичик сунъий қудуқлар орқали), шунингдек, сув омбори билан боғлиқ ер ости манбаларидан оладиган кўплаб аҳоли пунктларининг сув таъминотини бузиб қўяди. Бир неча областларнинг суғориш тизими Каховка сув омборидан юбориладиган сув таъминотига боғлиқ ва усиз бу суғориш тизимларидан фойдаланиб бўлмайди.

Вазият Қримнинг сув таъминотига ҳам таъсир қилади — Шимолий Қрим канали суви Каховка сув омборидан келади. Дарҳақиқат, урушнинг иккинчи кунида, Россия кучлари Херсонни босиб олиши биланоқ, сув омбори ва канал ўртасидаги алоқа тикланганди, бу алоқа 2014 йилдан кейин узилган эди.

Бироқ каналга сув кириши учун сув омбори керак, агар у бўлмаса, бошқа муҳандислик иншоотларини қуриш керак бўлади. Умуман олганда, ўрта келажакда Қримнинг сув таъминоти билан нима содир бўлиши жуда аниқ эмас. Ҳозир у ерда сув захира қилинганга ўхшайди, лекин кейин нима бўлади?

— Запорижжя атом электр станциясининг сув таъминоти ҳам таҳдид остида, тўғрими?

— Атом электр станциясининг ўзи эмас, у кўп сув истеъмол қилмайди. Ускуналарнинг ҳароратини бошқарадиган совитиш ҳовузига кўпроқ сув лозим. Сув у ерга Каховка сув омборидан келади. Ҳозир «Энергоатом», принципиал жиҳатдан, ҳамма нарса назорат остида экани, уларда сув таъминотининг захира вариантлари, жумладан, ер ости сувлари мавжудлигини ёзмоқда.

— Тўғон қайта тиклангунга қадар атрофдаги ҳудудларни сув билан таъминлаш учун қандайдир захира вариантларини топиш мумкинми?

— Агар сув тўғридан тўғри сув омборидан келадиган бўлса, барча сув олиш жойлари (бу сув, сув қувурларига, унинг асосий биносига борадиган тизим) омбордаги сув сатҳига қараб ҳисоблаб чиқилган. Агар сув омборида сув бўлмаса, унда сув олиш тизими ишламайди. Муқобил тизим керак — ё дарёга насослар ўрнатиб, қувурларга сув олиб чиқиш ёки ер ости сувларини интенсив равишда ишлатиш (қудуқларни қайта очиш ёки у ерга насослар ўрнатиш) лозим. Буларнинг барчасини ҳозир ҳал қилиш керак, бироқ у ерда фронт чизиғи жойлашган экан, бу унчалик ҳам осон эмас.

— Украина расмийларининг хабар беришича, Каховка ГЭСининг вайрон бўлиши натижасида Днипрога 150 тонна машина мойи оқиб кетган ва яна 300 тоннадан ортиқроқ мой сизиб кетиши хавфи бор. Бу ифлосланиш қанчалик жиддий? Бунинг оқибатлари қандай бўлади ва уларни қанчалик тез бартараф қилиш мумкин?

— Албатта, бу ёмон — бу нефтли парда. Бу ерда яна бошқа ҳудудлардан ҳам қандай ифлослантирувчи моддалар оқиб чиқишни ҳисобга олиш керак. 450 тонна — тўрт-бешта темирйўл цистернаси дегани, бу унчалик кам эмас. Ва агар бундай ҳажм тўлқин ёрдамида бир зарба билан Днипрога борса (ва у тез ҳаракат қилса), уларнинг барчаси дарҳол тарқалади.

Аммо бошқа томондан, сув йўлида нималар борлигига қараш керак: қанча ёнилғи қуйиш шохобчалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, нефть маҳсулотлари ва пестицидлар (хавфли касалликлар ташувчиларни йўқ қилиш учун ишлатиладиган заҳарли моддалар) омборлари ва бошқалар мавжуд. Биз, юқорида айтганимдек, айнан нималар ва қай даражада сув остида қолишини аниқ билмаймиз.

— Тўғон тикланмагунча бундай сув тошқини оқибатларини қандайдир тарзда бартараф этиш мумкинми? Нима қилиш мумкин? Сув оқими тезлигига таъсир қилишнинг иложи борми?

— Тезликка таъсир қилиш мумкин эмас — бу табиий жараён. Албатта, ниманидир сақлаб қолиш мумкин — бу сув босган ҳудудларга кириш, насослар ва электр энергияси мавжудлиги масаласи. Аммо агар сув тошқини майдони катта бўлса, буларнинг барчасини сақлаб қолиб бўлмайди. Шундай қилиб, фақатгина сув сатҳи тушишини кутиш қолади.

— «Укргидроэнерго» тўғонни қайта тиклаш мумкин эмаслигини маълум қилди. Демак, уни янгидан қуриш керак бўладими?

— «Қайта тиклаб бўлмайди» — бу уни тезда тузатиб бўлмайди деган маънода. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, тўғон ўрнига бирор нарса қуриш учун бир ярим йил керак бўлади. Қолаверса, бу стратегик, сиёсий ирода масаласи — одамлар ва давлат у ерда нимани кўришни хоҳлайди.

— Сиз бу Европадаги бир неча ўн йилликларда кузатилган энг йирик техноген экологик офат деган баҳога қўшиласизми?

— Бу, шубҳасиз, экологик фалокат. Йирик ёки йўқ? Яна, қандай ҳисоблашми? Чернобилдан кўпроқ зарарлими ёки камроқ? Ҳудудий қамров бўйича, эҳтимол, камроқ. Бошқа томондан, оқибатлар бутунлай бошқача, уларни тўғридан тўғри солиштириш қийин. Лекин ҳа, бу катта фалокат.

Мавзуга оид