Жаҳон | 12:09 / 08.04.2023
16730
3 дақиқада ўқилади

БАА чўллардаги юзлаб гектар майдонларда буғдой етиштиришни бошлади

Бирлашган Араб Амирликлари чўлларида юзлаб гектар ерларда буғдой етиштириш лойиҳаси бошланган. Ҳосил сунъий интеллект ёрдамида етиштирилади. Кунига 18 миллион тонна тоза сув билан суғориладиган далалар билан дунёдаги энг яхши буғдой етиштиришига даъвогарлик қилиняпти.

Фото: khaleejtimes

Бирлашган Араб Амирликларининг 3-энг катта амирлиги ҳисобланадиган Шаржанинг Млеиҳа туманида йирик миқдорда буғдой етиштириш лойиҳаси ишга тушган. Илк уруғлар 2022 йилнинг 30 ноябрида 400 гектар майдонга экилган. Ундан 15 минг тонна ҳосил олиш режа қилинган. Амирлик ҳар йили 1,7 миллион тонна буғдойни импорт қилади. Шундан 330 минг тоннаси Шаржанинг ўзига келтирилади. Амирлик янги лойиҳа орқали буғдой қарамлигини камайтирмоқчи.

Экин майдонларини кейинги босқич – 2024 йилгача 880 гектар, 2025 йилгача эса 1400 гектаргача кенгайтиришмоқчи. Кейинчалик 1900 гектар ёки ундан ҳам кўп ерга буғдой экилиши мумкин.

Далаларни суғориш сунъий интеллект ёрдамида бажарилади. У тупроқ ва об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни марказга узатади. Экинлар кунига 18 миллион тонна дистилланган сув ичади. Ҳосилни яхшироқ етиштирувчи кимёвий моддалар ва ҳашаротлардан ҳимоя қиладиган пестицидлар сепилмайди.

Шу билан бир қаторда амирлик ўз олдига дунёдаги энг яхши буғдой етиштириш миссиясини қўйган. Араблар буғдойларида оқсиллар (протеин) 18 фоизни ташкил қилганини айтишяпти, оқсиллар миқдори дунёдаги энг яхши буғдойда ҳам 14 фоиздан ошмайди.

Ҳозир далаларда буғдойнинг 35 навини экиб кўришяпти. Бундан мақсад – шуларнинг ичидан қайси нав амирлик иқлимига энг кўп мос эканини аниқлаш ва ўшани етиштиришни кўпайтириш.

Маълумот учун, озиқ-овқат хавфсизлиги БАА ҳукумати учун муҳим мақсадлардан бирига айланган. Айниқса пандемия, Россиянинг Украинага босқини амирликда озиқ-овқат импортида тақчилликларни келтириб чиқара бошлагач, маҳаллий маҳсулотни кўпроқ етиштириш учун бир нечта инновацион лойиҳалар йўлга қўйилган. Масалан, Дубайда дунёдаги энг йирик гидропоник ферма фаолияти йўлга қўйилган. Бу фермада тупроқдан фойдаланмасдан деҳқончилик қилиш усулида махсулот етиштирилади. Лойиҳа номи Bustanica бўлиб, 30 000 квадрат метрдан ортиқроқ майдонни эгаллаган. Йилига 1 миллион килограммдан ортиқ юқори сифатли баргли кўкатлар етиштирилади. Энг муҳим жиҳати – у анъанавий қишлоқ хўжалигига қараганда 95 фоизга камроқ сув талаб қилади.

Мавзуга оид