Ўзбекистон | 19:05 / 19.03.2022
29464
4 дақиқада ўқилади

Кассада чипта йўқ, нархлар эса 2-3 баробар қимматлаган — Тошкент автовокзалидан репортаж

Наврўз байрами ва кетма-кет 5 кунлик дам муносабати билан пойтахтдан вилоятларга йўл олган фуқароларнинг йўлкира нархларидан норозиликлари акс этган постлар ижтимоий тармоқларни тўлдирмоқда. Kun.uz мухбири вазиятни ёритиш мақсадида Тошкент автовокзалида бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент автовокзалидан қарийб 300 метргача чўзилган йўловчилар оқимини кўриш мумкин. Пойтахтдан Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий вилоятларига йўл олган талабалар, шаҳримиз меҳмонлари ва шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг фикрлари билан қизиқдик.

Аббос Нормуродов, талаба:

“Институтда ўқийман. Байрам муносабати билан уйга қайтяпмиз. Автобусларга умуман чипта йўқ, икки кун аввал чипталар тугаган, онлайн сотиб олишнинг иложи бўлмади. Бу ерга келсак, кассада чипта йўқ, лекин автобуслар ташқарида 38 минглик йўлкира ўрнига 120-130 мингдан олиб кетишяпти. Таксилар ҳам шунга қараб йўлкирани 150 мингга чиқарган. Бу талабаларга оғирлик қилади”.

Дилбар Сулаймонова, йўловчи:

“Ўғлим Тошкентда яшайди, меҳмонга келиб энди қайтиш ниятида эдик. Автобус чипталари 32-33 мингдан эди. Келсак 150 мингга чиқиб кетибди, кетолмай турибмиз.

Кетолмай турган талабаларни жуда кўп кўряпман. Мен-ку майли, лекин уларга раҳмим келяпти. Қани энди шунақа байрам кунлари транспортлар қатнови кўпайтирилса, ҳамма бемалол кетарди”.

Санъат Шокиров, йўловчи:

“Одам кўпайгани ҳисобига транспорт етишмайди. Бугун йўлкира нархлари ошган, чунки қатнов бир томонлама – ҳайдовчилар вилоятдан Тошкентга бўш қайтишади. Бугунги вазиятда аҳолининг вилоятларга етиб боришини таъминлаш учун автобуслар ва поезд қатновлари камлиги учун одамлар таксида кетишга мажбур. Бу пайтда ҳайдовчилар ҳам хоҳлаган нархини қўяди. Чунки 10 кунлик ёмғирдан кейин йўллар илма-тешик бўлиб кетган, баллони йиртилса йўловчидан ундирмайди. Йўловчи сифатида айтишим мумкинки, ҳозир ҳайдовчида ҳам, йўловчида ҳам айб йўқ”.

Сардор Бўронов, йўловчи:

“50 минглик автобус 150 мингга чиқиб кетди. Байрамлар арафасида доим шунақа бўлади: янги йил байрамида, ҳайит байрамларида ҳам. Шундай кунларда транспорт сонини кўпайтириш керак”.

Такси ҳайдовчилари фикрини ҳам эшитиб кўришга уриниб кўрдик. Байрам муносабати билан берилаётган дам олиш кунларида йўловчилар кўпайишини билган ҳайдовчилар узоқ вилоятлардан пойтахтгача йўловчисиз келишганини айтишди.

“Ҳозирги вазиятда кўпчилик таксичилардан норози бўлишяпти. Лекин кўпчилик олис вилоятдан йўловчисиз келган. 360 километр масофадан 50 минг сўмга келишган. Энди улар қайтишлари шу харажатни қоплаб, бола-чақа боқишлари керак-ку”.

Йўловчиларнинг барчаси темирйўл қатнови ҳамда авиарейсларда ҳам чипта қолмаганини таъкидлашди. Автовокзалда ҳам шу аҳвол. Ваҳоланки, бу ердан жўнаб кетаётган автобуснинг кассадаги чипта нархидан бир неча баробар қимматга йўловчи олаётганини кўрдик.

Ўзини автобус эгаси деб таништирган шахс автобус учун чипта нархи кассада 66 минг сўм туришини, аммо ҳозир 130 мингдан йўловчиларни олиб кетаётганини айтди. Сабабларини эса асослаб беришни истамади.

Йўловчилар сони шу кунларда кескин ошиши натижасида бундай аянчли ҳолатларнинг юзага келаётгани ачинарли. Автовокзалдаги бу ҳолат бизни ажаблантирди.

Ҳилола Қобилова, йўловчи:

“Икки баравар қиммат йўлкира билан кетишга мажбурмиз. Ҳали қайтишимиз ҳам бор. Ўзимиз вилоятдан келиб, ижарада яшаб ишлаймиз”.

Шу кунга қадар тайёргарлик кўрилиши керак бўлган бу вазиятда кимга оғир-у, кимга енгил ва кимлардир фойдаланиб қолмоқда. Оқибатини эса кўриб турибмиз. Бу янгилик эмас аслида. Ҳар доим кетма-кет берилаётган дам олиш кунларида шу ҳолат такрорланаверади.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид