Ўзбекистон | 15:45 / 12.03.2022
27353
2 дақиқада ўқилади

Дрифт қимматга тушди: "Сквер"да Porshe ЙТҲга учради

Интернетда тарқалган видеоларда хорижда ишлаб чиқарилган автомобиль йўл четидаги дарахтга урилгани ва жиддий зарар кўргани акс этган. Kun.uz ушбу русумдаги, 2021 йилда ишлаб чиқарилган машиналар 150 – 170 минг доллар нарх билан сотувга қўйилганини аниқлади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Интернетда Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбони атрофидаги айланма йўлда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи турли манёврлар билан ўзи ва машина салонидаги бошқа йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалди.

Ҳалокатга учраган автомобилдаги йўловчилардан бири томонидан тасвирга туширилган видеода ҳайдовчи шерикларининг илтимосларига қарамай, турли хавфли “дрифт”лар қилгани кўринади.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг хабар беришича, ЙТҲ 9 март куни тунги соат 03:00 атрофида содир бўлган. Таъкидланишича, Porsche Taycan русумли машинада ҳаракатланиб кетаётган 26 ёшдаги ҳайдовчи бошқарувини йўқотиб, дарахтга урилган.

ЙТҲга учраган автомобилнинг қиймати ва ҳайдовчининг кимлиги маълум қилинмаган. Очиқ манбаларга кўра, 2021 йилда ишлаб чиқарилган, 5000 км йўл босган Porsche Taycan 4S русумли автомобиль Тошкентда 170 минг доллар нарх билан сотувга қўйилган. Olx’да 2021 йилда ишлаб чиқарилган Porsche Taycan русумли машина етказиб бериш ва божхона харажатлари билан биргаликда 150 минг долларга баҳоланган.

Расмий маълумотда ЙТҲ оқибатида вафот этганлар ёки жароҳатланганлар йўқлиги маълум қилинган.

Аввалроқ Тошкентда тунги дрифт уюштирган Mercedes ҳайдовчиси жавобгарликка тортилганди. Шунингдек, Самарқандда Регистон мажмуаси олдида «томоша кўрсатган» Lacetti ва Nexia ҳайдовчиларига ҳам қонунда белгиланган тартибда чора кўрилганди.

Мавзуга оид