Ўзбекистон | 12:06 / 08.02.2022
17142
4 дақиқада ўқилади

«Ҳамма ўзи ҳал қилади» – Адлия вазири имом-домлаларнинг интернетдаги чиқишларига муносабат билдирди

Русланбек Давлетов ахлоқий масалалар бўйича жамиятда умумийликка эришиб бўлмаслиги, шунинг учун қонунларда ҳамма виждон эркинлигини ўзи ҳал қилиши белгиланганини айтиб ўтди.

7 февраль куни жамоатчиликка йиллик ҳисобот берган адлия вазири Русланбек Давлетов диний ташкилотлар, уларнинг баъзи ходимлари фаолияти борасида ўз фикрларини билдирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Имом-домлаларимизни жуда ҳурмат қиламиз. Ҳар хил фикрлар билдириб, у фикрлар жамиятда муҳокамаларга сабаб бўляпти. Биз ҳуқуқий томонига [қараймиз], чунки ҳуқуқшуносмиз. Ахлоқий масалалар бўйича ҳеч қачон чегара йўқ, ахлоқий стандартлар жамиятда турли-туман бўлади.

Ҳуқуқшунослар адашмайдиган виждон ўлчови бу қонун бўлади. Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб у ишни қилса бундай бўларкан, бу ишни қилса бундай бўларкан, маълум бир вилоятдагилар бундай деган гапларига ҳуқуқ нуқтайи назаридан чидаб туролмаймиз.

Бу мумкин эмас. Биринчидан, бу жамиятимизда бўлинишга олиб келади, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ.

Биласизларми нимага? Асосий сабаб мана ўша айтилаётган инсонлар кимларгадир ҳукм ўқиб… Мана, муфтий ҳазрат қандай тўғри тушунтириб берди, ҳаммада одамларга тамға босиш ҳуқуқи йўқ. У хоҳласа динга ишонади, хоҳламаса ишонмайди. Хоҳламаса, умуман тарки дунё қилиб яшайди. Яъни бу конституцион ҳуқуқи», - дейди Русланбек Давлетов.

Шунингдек, адлия вазири ҳеч ким, ижтимоий мақомидан қатъи назар, фуқароларни қонунда белгиланган ҳуқуқлари ва кафолатини инкор қилолмаслигини билдирди.

«Биз мана шу сигнал билан барча диний ташкилотларга, ҳамма домлаларимизга етказиб қўймоқчимизки, Адлия вазирлиги сифатида бу фаолиятни назорат қиламиз. Бу борада жуда фаол ишлаймиз, тақдимномалар ҳам киритиб…

Чунки жамиятимизни бу борада ҳеч қачон бир жойга олиб келиб бўлмайди, ҳамманинг ўз фикри бўлади, бу бўлинишга олиб келаверади. Шунинг учун қонунларда «ҳамма ўзи ҳал қилади», дейилган.

Мен ахлоқий нуқтайи назардан бир инсон сифатида фикримни айта оламан, лекин биз ҳуқуқшунос сифатида, давлат бошқарув органи сифатида шуни етказиб қўймоқчимиз.

Ҳар бир одам ҳар бир соҳада фундаментал мутахассис бўлолмайди, масалан, мен ҳам ўзимнинг бир-иккита соҳамни биламан. У ҳам бўлса, ҳуқуқ соҳаси ичидаги айрим йўналишларни биламан. Қолганлари бўйича биз ҳам индамай турамиз. Мана шундай ёндашув бўлиши керак.

Мавзуни Дэвид Фримен деган олимнинг фикри билан якунламоқчиман. У «Одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Буни жуда катта олимлар бекорга айтмаган, жамият ривожланиши учун жуда катта аҳамиятга эга.

Шунга ўзининг диний ўлчовлари, ўзининг уйидаги қарашлари билан жамиятга ўлчов қўйишга биз йўл қўймаймиз. Чунки қонун бор – тамом!» - дея Адлия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 20 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти Зангиота тумани «Фатҳ» жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаб келган Солихон Ортиқхўжаев ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.

Баёнотда Солихон домланинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани қайд этилган.

Адлия вазирлиги 2021 йил сентябрь ойида ҳам аёллар ҳуқуқларини чеклашни тарғиб қилиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотишни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, вазирлик диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат жавобгарлик келтириб чиқаришини қайд этган. 

Мавзуга оид