Жаҳон | 21:01 / 07.06.2021
26707
16 дақиқада ўқилади

Қадимий ҳудуднинг янги даврдаги муаммолари. Нега ҳануз Фаластин давлати ташкил этилмаган?

Исроилда анча йиллардан бери ҳукумат тепасига илк бор сўл марказлашган кучлар келиши мумкин. Ўтган ҳафтада Бинямин Нетаняҳунинг мухолифлари коалиция тузиш ҳақидаги келишувга эришишди. Энди янги шакллантирилган коалицияни Кнессет тасдиқлаши лозим ва амалдаги бош вазирда вазиятни ўзгартириш учун бир ҳафтача фурсат бор.

Фото: Mustafa Hassona/Anadolu Agency via Getty Images

Бу нафақат Исроил, балки Яқин Шарқ учун ҳам катта янгиликдир: ультраўнг қарашларга эга Бинямин Нетаняҳунинг 15 йиллик (1996-1999 ва 2009-2021) бошқаруви даврида Ариэл Шароннинг фаластинликлар билан чегарани делимитация қилиш ташаббуслари қарийб йўқ қилинди ва унутилди. Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудий манзилгоҳлари Фаластин ҳудудига анча кириб борди. Икки миллат учун икки давлат қуриш концепцияси ҳақида 2014 йилдан бери чурқ этилмайди.

Албатта, ҳозир ҳокимият тепасига сўл либераллар келиб, барчасини бирданига ўзгартириб ташлайди деб ўйлаш соддалик бўлади. Бош вазирликни дастлабки икки йилда ротация бўйича «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет эгаллайди. У мўътадил коалицияга ғоявий ҳамфикр бўлгани учун эмас, Нетаняҳуни ағдариш учун қўшилган.

Фаластин-Исроил масалаларини ҳал қилиш бўйича жараён 1993 йилдаёқ йўлга қўйилган, лекин шу вақтгача бирорта ҳам ҳукумат, ҳатто мўътадиллари ҳам энг бирламчи келишувлардан нарига ўта олишмаган.

Ўртакашлар норавоми?

Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёни 30 йил илгари АҚШ иштирокида амалга оширила бошланган, ўшандан буён расмий Вашингтон асосий ўртакаш ролини ўйнаб келади. АҚШ расман Евроиттифоқ, Россия ва БМТ билан бир қаторда Яқин Шарқ масаласи бўйича квартетга кирса-да, амалда бу функцияни мустақил равишда бажариб келяпти.

Жараён бошланиши ҳақидаги илк келишувга 1993 йил 9 сенябрда Ослода имзо чекилган ва бир неча кун ўтиб Вашингтонда, Оқ уй ҳовлисида Билл Клинтон иштирокида «Принциплар ҳақидаги декларация» билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Вашингтондаги бу тарихий келишувдан икки йил ўтиб Исроил бош вазири Ицхак Рабин тинчлик бўйича ташаббуси туфайли ультраўнг фанатик яҳудий томонидан ўлдирилади

Ўшанда томонлар бир-бирига хавфсизликни таъминлаш, Қуддуснинг мақоми ва бошқа мунозарали ҳудудлар бўйича келишувга эришиш ҳамда фаластинлик қочқинлар муаммосини ақалли қисман ҳал қилишга ваъда беришади. Буларга эришишга беш йил керак бўлиши кўзда тутилганди.

Орадан деярли 30 йил ўтди, бироқ ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Яқин Шарқ масаласи Америка дипломатиясининг энг ёрқин муваффақиятсизликларидан бирига айланди.

«Вашингтон орамиздаги муаммолардан биридир, унинг ечими эмас», деганди 2019 йил BBC билан суҳбатда Соиб Урайқот. У узоқ йиллар давомида фаластинликлар томонидан келишув жараёнига бошчилик қилган.

Ғарбдаги кўплаб мутахассислар унинг фикрига қўшилади. Фаластин-Исроил муаммоси АҚШнинг республикачи ва демократ сиёсатчилари бирдамлик кўрсатадиган кам сонли масалалардан биридир. АҚШнинг шу вақтгача ҳокимиятда бўлган барча маъмуриятлари Исроил томон бўлиб келган.

АҚШнинг ташқи сиёсати бўйича Карнеги Аарон фонди мутахассиси Дэвид Миллер Оқ уй фақат уч мартагина Яқин Шарқ масаласини ҳал қилиш бўйича сезиларли қадам ташлаганини эслатади – 1973-75, 1978-79 ва 1991 йиллар. Уч сафар ҳам америкаликлар барча тарафларнинг манфаатларини ҳисобга олишган.

«Ечим АҚШнинг хатти-ҳаракатлари тарафларнинг барчасида бирдек ишонч уйғота олишида. Қийин масалаларни ҳал қилишда бемалол бирга бўлиш мумкин бўлган холис ўртакаш обрўйини қайтариш зарур», деб ҳисоблайди Миллер.

Экспертнинг фикрича, Дональд Трамп маъмурияти кутилганнинг аксини қилган – Исроилнинг адвокати бўлиб олган.

Трамп маъмурияти ҳудуднинг бошқа томонлари билан бир неча тарихий келишувларга эришган, бироқ Фаластин-Исроил масаласига келганда фаластинликлар иштирокисиз аввалдан тайёрлаб қўйилган режани тақдим қилганди.

Economist нашрнинг фикрича, АҚШнинг янги президенти Жо Байден Яқин Шарқни ўз приоритетлари қаторида кўрмаётгани ҳақидаги сигналларни беряпти, холос.

Қуддусни бўлиб олиш

Яҳудийлар учун муқаддас ҳисобланган Йиғи девори мусулмонларнинг Ал Ақсо масжидидан бир неча қадам нарида. Томонлардан ҳеч бири Шарқий Қуддус учун даъвосидан воз кечмайди.

Ҳатто Фаластин давлати қурилиши ғоясини қўллаб-қувватловчи энг либерал исроилликлар ҳам Қуддус тақдири борасидаги саволларни ечими йўқ деб тан олади.

Исроил бирлашган Қуддуснинг тўла суверенитетини талаб қилса, фаластинликлар 1967 йилги уруш мобайнида Исроил томонидан босиб олинган шаҳарнинг қадимий қисми бўлган шарқий Қуддусни сўрашади.

Шарқий қисмдаги Муқаддас тоғда яҳудийлар ва мусулмонларнинг асосий ибодатхоналари жойлашган – Йиғи девори ва Масжид-ул Ақсо (Ислом динида аҳамияти жиҳатидан Макка ва Мадинадаги масжидлардан кейинги ўринда туради).

Фаластинликлар шаҳарга даъвосидан аввало диний эътиқод туфайли воз кечмайди. Исроилнинг эса, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида 700 минг аҳолиси яшайдиган манзилгоҳлари мавжуд бўлиб, уларнинг 200 минг нафари бевосита Қуддус яқинида истиқомат қилади.

Дастлабки келишувларга кўра, Фаластин давлати барпо этилгач, бу манзилгоҳларнинг бир нечтаси Исроил ихтиёрида қолади. Исроил учун Қуддус нафақат тарихий-диний балки, хавфсизлик масаласи назорати учун ҳам керак.

Иордан водийсидаги араб ва яҳудий чегарасидаги рамзий белгилар

«Бу икки давлатнинг эски парадигмаларига ёпишишда давом этаётганлар бизга шарқий Қуддус ва Ғарбий соҳилда 700 минг аҳоли яшайдиган жой икки миллат ўртасида қандай бўлинишини тушунтириб беришлари лозим бўлади», деди Иордания собиқ ташқи ишлар вазири Марвон Муашшир ўтган ҳафта Карнеги фонди тинчлик учун ташкиллаштирган форумда.

БМТ Бош ассамблеясининг 1947 йилда қабул қилган резолюциясига кўра, Қуддусга махсус халқаро мақом бериб, уни БМТ бошқарувига топшириш назарда тутилганди. 2009 йилда эса БМТ бош котиби Пан Ги Мун Қуддусни иккала давлатнинг пойтахти сифатида эълон қилиш таклифини берди. Икки вариантнинг бирортасини ҳам томонлар жиддий қабул қилишмаяпти.

Фаластинлик қочоқлар муаммоси

1949 йилда, 9 ёшлигида оиласи билан Тель-Авивга ёндош шаҳар Раффадан Сурияга кетган Раҳма Абдул Қодир паспортини кўрсатмоқда. Раҳма бутун умрини фаластинлик қочқин мақомида Дамашқда ўтказди.

Фаластинлик қочоқларнинг илк тўлқини янги барпо этилган Исроилни 1948 йилда тарк этган. Гап тахминан миллион киши ҳақида боради.

Уларнинг бир қисми сионистик давлат сарҳадларида яшашдан бош тортиб, ихтиёрий кетган бўлса, бир қисми ўша йили мустақиллик учун бўлган уруш даврида қочган, яна бир қисми эса, мамлакат ичида Исроилга қарши фаолият юритган дея баҳона билан мажбурий кўчирилган.

Қочоқларнинг иккинчи тўлқини Исроилни 1967 йилдаги «олти кунлик уруш»дан кейин тарк этган. Қочоқларнинг айримлари фаластинлик араблар учун ажратилган ҳудудларга ўрнашган бўлса, баъзилари Сурия, Ливан ва Иорданияга қочишган. Бугунги кунда БМТ маълумотларига кўра, дунёда 4,7 миллион фаластинлик қочоқ мавжуд. Бу мақом авлоддан авлодга ўтиб келяпти.

Қочоқларнинг аждодлар уйига қайтиш ҳуқуқи – Фаластин томонининг ҳар қандай музокараларда қўядиган асосий шартларидан биридир. Бироқ Исроилда бу шартни давлатни араблаштириш томон қўйилган қадам деб билишади ва унга ҳеч бир ҳукумат рози бўлмайди – на ўнглар ва на сўллар.

ФАТҲ ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчилик

Ғазо сектори ҲАМАСни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Фаластин парламентига сайловлар қолдирилганидан кейин Жебалия шаҳрида ташкилот тарафдорлари оммавий намойишлар ўтказишди.

Фаластин мухториятининг сиёсий тизимидаги бўлиниш 2006 йилда рўй беради. Ўша йилги парламент сайловида кутилмаганда ҲАМАС кўпчилик овоз олиб ғолиб чиқади. Бунгача, 2000-2005 йиллардаги Иккинчи Интифададан кейин Исроил Ғазо секторидан аҳолиси ва қўшинларини олиб чиқиб, ҳудудни ҲАМАСга қолдирганди ва ташкилот мавқейи кучайиб кетганди.

Халқаро ҳамжамият Маҳмуд Аббос ва унинг ФАТҲ партияси Фаластиннинг ягона легитим ҳукумати деб тан олади, 1987-1993 йиллардаги Биринчи Интифада даврида пайдо бўлган ҲАМАС ташкилоти 1995 йилда АҚШ, 2002 йилда Канада, 2003 йилда АҚШ босими остида Европа Иттифоқи томонидан террорчилик ташкилотлари рўйхатига қўшилган. 

Маҳмуд Аббос барча фаластинликлар номидан гапириш имкониятини бой берган. ҲАМАС Ғазо секторида ҳокимиятни қўлга олгач, ФАТҲнинг бошқарув лавозимларида фаолият юритадиган тарафдорларини қувиб чиқара бошлаган. Иш шунчаликка бориб етганки, Ғарбий соҳилдан келган делегацияларга Ғазога киришни тақиқлаб ҳам қўйишган.

Иорданнинг ғарбий соҳилидаги Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос 2006 йилдаёқ Ғазо сектори устидан назоратни йўқотганди

Ўшандан буён икки кучнинг муносабатлари бир неча босқични босиб ўтди – очиқчасига душманликдан тортиб то сулҳга бўлган заиф ҳаракатларгача. 2014 йилга келибгина ягона миллий ҳукумат тузилган. Маҳмуд Аббос ҳам, ҲАМАС етакчиси Исмоли Хония ҳам бу келишмовчиликларни холис самимий бартараф этиш эмас, шунчаки шартнома эканини яширмаган.

Ўша кунларда Маҳмуд Аббос АҚШ Бош котиби Жон Керрига қўнғироқ қилиб, ўйлаб кўриш учун салкам ялиниб ёлворган. Керри ҲАМАС иштирокида ҳукумат шакллантириш тинчлик жараёнини кунпаякун қилишга тенг эканини айтиб огоҳлантирган. Чунки Исроил радикаллар билан музокаралар столига ўтирмайди.

Шундай ҳам бўлди. Исроил ва Фаластин мухторияти ўртасидаги сўнгги бевосита музокаралар ўша 2014 йилда бўлиб ўтган ва «икки миллат учун икки давлат» концепцияси шу кунгача бошқа муҳокама қилинмади.

ФАТҲ эса, ҳатто ўз ҳудудида ҳам позицияларни бой беряпти. Иорданнинг Ғарбий соҳилида яшовчи ёшларнинг аксари борган сари ҲАМАСни кўпроқ қўллаб-қувватлашяпти. Уларнинг назарида пассив Аббос фонида ҲАМАС уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ягона куч бўлиб кўриняпти.

Томонлар буни исташмаяпти

Ушбу суратдаги фаластинлик бўйнидаги каби Исроил давлати контурлари шаклидаги Фаластин байроғи - Фаластин озодлик ҳаракатининг энг кенг тарқалган рамзларидан бири. Кўпчилик мустақил Фаластин давлатини Исроил билан ёнма-ён эмас, балки унинг ўрнида кўришни хоҳлайди.

Зиддиятнинг икки тарафида турган сиёсатчилар учун тинчлик жараёни тинчлик концепциясининг ўрнини эгаллаб бўлган. Муаммо ечимидан бир қадам берида туриш – қулай позиция. Бу позиция сайловолди шиорларида чиройли кўринади, лекин шошилиш шарт эмас. Ахир охирги қадам обдан ўйлаб олиниши шарт.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакатни 12 йилдан бери узлуксиз бошқаради, Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос эса, ҳукумат тепасига 16 йил муқаддам келган.

Исроил сиёсатининг асосини ташкил қилувчи партиялар сўнгги йилларда ёки икки давлат учун алоҳида давлат тузиш концепциясига қарши ё унга мутлақо лоқайд. Нетаняҳу ҳам музокараларни қайтадан бошлаш борасида ичкаридан ҳеч қандай босим ҳис қилгани йўқ.

Тинчлик жараёнини давом эттириш тарафдори бўлган «Авода» ультрасўл партияси эса, Кнессетда атиги етти ўринга эга ва амалда овоз бериш ҳуқуқи йўқ. Солиштириш учун – 1993 йилда Ослода келишув имзоланганда «Авода»да 44 мандат бор эди.

Исроилдаги алоҳида гуруҳларнинг ҳисоблашича, Нетаняҳу Аббос билан музокараларни қайтадан йўлга қўйишни режа ҳам қилмаган ва шу йўлда ҲАМАС билан келишмовчиликни қўллаб-қувватлаб келади.

Бироқ сўл-марказчилар ҳукумат тепасига келгач, мутлақо бошқача позицияда туришлари ҳам қийин масала. Ҳатто мўътадил исроилликлар ҳам Ослодаги келишув имзоланганидан 30 йил ўтса-да Фаластин томони асосий шартларни бажармаган деб ҳисоблайди. Бусиз эса, музокараларни давом эттиришдан маъно йўқ – ахир улар Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олишмаган.

Турли ҳарбийлашган ташкилотлар бирлашмаси бўлмиш Фаластин халқ қаршилик қўмитасининг жангчилари тинчлик музокараларига қарши чиқишади. Улар Исроил давлатини бутунлай яксон қилишни мақсад қилишган.

Тинчлик жараёнига Фаластин томонининг муносабатига келсак, ҲАМАС гуруҳи музокаралар жараёнининг биринчи босқичидан кўп ўтмай вужудга келган – 1987 йил.

Турли даврларда уни Сурия, Туркия, Эрон, Қатар ва Саудия молиялаштириб келган. Айрим маълумотларга қараганда, ҲАМАС Эрондан йилига 100 миллион долларгача маблағ олиб турган.

Фаластин мухториятининг расмий ҳукумати 2006 йилда то у расмий ҳукуматга айланмагунича ҲАМАСни тийиб туриш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.

Секторнинг икки миллионга яқин аҳолиси ушбу гуруҳни ўзига раҳбар этиб танлаган. Гуруҳнинг шиори - «Фаластинни денгиздан Иордан дарёсигача озод қиламиз». Харитага кўз югуртириб, гап Исроил давлатини йўқ қилиш ҳақида кетаётганини тушуниш қийин эмас.

Ўзгаришлар кутилган кўп йиллар аста-секин ҳар икки тарафни ҳам апатия ёки умидсизлик сари етаклаяпти. Economist нашри маълумотларига кўра, шу йилнинг март ойида ўтказилган сўровда фаластинликларнинг 40 фоизигина икки давлатнинг биргаликда мавжуд бўлиш концепциясини қўллаб-қувватлашган. Бу кўрсаткич 2016 йилда 51 фоиз, 2011 йилда эса 56 фоизни ташкил қилганди.

Ўтган йилги маълумотларга кўра, Исроилда бу кўрсаткич 2016 йилги 53 фоиздан 42 фоизга тушиб кетган. Исроил араблари орасида беш йил аввал бу ғояни 82 фоиз одам қўллаб-қувватлаган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 59 фоиз.

Мутахассислар бугун воқеалар ривожи бўйича икки хил сценарийни кўришмоқда. Боши берк бўлса-да энг яхшиси – статус-кво ҳолатини сақлаб қолиш.

Энг ёмони – «бир давлат – икки тизим» моделини яратиш. Бу вариантни агар Исроил ҳукуматига сўл-марказчилар келсагина амалга ошириш мумкин. Лекин бу ҳам унинг ижросини таъминлашга кафолат эмас.

«Вазият апертеид деб аталадиган бошқа томонга оғиб кетиши ҳам мумкин. Кўпчилик у бор деб айтяпти, лекин унда қонунийлаштирилади, холос. «Икки миллат учун икки давлат» энг яхши вариант, бироқ буни энди амалга оширишнинг имкони бўлмаса керак», дейди International Crisis Group’нинг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Йост Ҳилтерман.

«Ҳатто бу тарафда бу йўналиш бўйича қадам ташлашга тайёр одамлар бўлган тақдирда ҳам, Фаластин томонидан жараённи қўллаб-қувватловчи ким бўлади, деган савол пайдо бўлади», дейди исроиллик сиёсатшунос Тал Шнайдер.

Зиддиятнинг баҳоси қанча?

ҲАМАС ва Исроилнинг сўнгги қуролли тўқнашуви Ғазо секторининг инфратузилмаси учун охирги йиллардаги энг талафотлиси бўлди. Фаластин томони ҳисоб-китобларига кўра, инфратузилмани тиклаш учун камида 10 йил муддат ва ўртача 250 миллион доллар керак бўлади.

Фаластин саноат федерацияси маълумотларига кўра, энергия ва сув таъминоти каналлари сезиларли даражада шикастланган. 18 завод ва фабрика вайрон бўлган, уларнинг саккизтасини тиклаб бўлмайди. Юзлаб кишилар ишсиз қолган. Шунингдек, минглаб уй-жой, тижорат ва жамоат бинолари шикастланган ёки вайрон бўлган.

Бу Ғазодаги пластик қувурлар ишлаб чиқарилган завод харобалари

Исроилнинг таъкидлашича, ҲАМАС ўз объектларини атайин аҳоли зич жойлашган ҳудудларга яшириб, Ғазо инфратузилмасини хавф остига қўймоқда.

Ғазонинг зарарлари доим донор мамлакатлар томонидан қоплаб келинган. Улар асосан Миср ва Қатар. Ўтган ҳафта Яқин Шарққа ташриф буюрган АҚШ бош котиби Энтони Блинкен Конгресс ҳам Ғазо сектори заруратлари учун 75 миллион доллар ажратишини маълум қилди.

Ғазо секторидаги зиддият ортидан гуманитар ёрдам сифатида миллиардлаб доллар келиб тушган (алоҳида давлатларнинг террорчи гуруҳларни молиялаштиришини ҳисобга олмаганда). Бироқ жаҳон ҳамжамиятининг тоқати ва ҳамёни ўлчовсиз эмас ва Исроилдаги ҳукумат ўзгарганидан фойдаланиб, томонларни «икки миллат учун икки давлат» концепцияси муҳокамасига қайтариши мумкин.

Мавзуга оид