Ўзбекистон | 11:35 / 24.04.2021
38873
12 дақиқада ўқилади

«Бу ерда инсонга муносабат бошқача» — Финландияда яшаб келаётган ўзбек муҳожири ҳикояси

Uzbek.Life’нинг навбатдаги қаҳрамони Дания ва Финландия каби ривожланган давлатларда ўқиб, шу ерларда ўз касби ва ҳаёт йўлини топган ўзбекистонлик Камилла Султонова бўлди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда Дания ва Финландиядаги ҳаёти, волонтёрлик фаолияти, АҚШ собиқ президенти Барак Обама билан учрашуви, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари бўйича амалга ошираётган ишлари ҳақида сўз юритди.

«Шаҳарнинг ўнқир-чўнқир йўллари бўйлаб...»

Мен Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида инженерлар оиласида туғилиб ўсганман. 5-синфдан инглиз тилига қизиқар, доимо одамлар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилар эдим. Инглиз тилига қизиқишимга эса мен ўқиган мактабда инглиз тилидан дарс берган америкалик устозлар ва кейин Америкада ўқиган тенгдошларим сабаб бўлган. 1999 йили 15 ёшимда Техасдаги Америка мактабида (ACCELS) ўқиш учун стипендия ютиб олдим. Мана шу саёҳат кейинги ҳаёт йўлимга таъсир қилди.

Шаҳарнинг ўнқир-чўнқир йўллари бўйлаб «Дамас»да репетиторларга қатнаб юрарканман, ўша вақтларда Америка ёки бошқа чет давлатларда ўқиб юрган одамларга ҳавас қилардим ва бир кун келиб мен ҳам улар каби чет элда ўқишимга ишонардим. 2002 йилда Даниядаги коллежга ўқишга кирдим ва у ерда бакалавр ва магистратурада корпоратив алоқа бўйича таҳсил олдим.

Мен Ўзбекистондан чиқиб кетаётганимда 18 ёшли қизча эдим, бу мен учун ҳам, оилам учун ҳам жуда катта синов бўлган. Чет элда ота-онадан йироқда яшаш ва ўқиш қийин бўлган, лекин бошқа томондан буни табиий қабул қилиш керак, чет мамлакатга борган ҳар қандай инсон ҳаётини янгидан бошлайди.

Даниядаги ўқиш давомида устозларим менга кўп ёрдам беришди. Талабаликда ўқишдан ташқари фаррошлик, официантлик қилишимга тўғри келди, кейин газета ташувчи бўлиб ҳам ишладим. Ишлаб топган пулим билан Европа давлатларига сафар қилардим. Бу жуда завқли ва саргузаштларга бой эди.

Шунингдек, чет элдаги бутун ҳаётим стипендиялар ва грантлар атрофида ўтган десам хато бўлмайди, чунки ота-онам менга пул юборишмасди, бунга имкониятлари йўқ эди.

Муваффақиятли таълимдан сўнг 7 йил кема компанияларида ишладим, улар билан 28 мамлакатда савдо фаолияти олиб бордим, мен инглиз тилидан ташқари рус ва маҳаллий тилни билишим Даниядаги ушбу компанияларда ишлашимга имкон берди. Мен океан ва денгизларда сузаётган кемалар билан алоқам натижасида бутун глобал логистикани ўргандим.

Етти йилча аввал оилавий сабабларга кўра Финландияга кўчиб ўтдим. 2006 йилда таъсис этилган Global Dignity ташкилоти 80га яқин мамлакатдан 2 миллиондан ортиқ ёшларни қамраб олган. Мен 2014 йилдан бери Финландиядаги филиалнинг ходими бўлиб фин ёшларига қадр-қиммат тўғрисида ҳар хил тадбирлар ўтказдим. Бу менга мактаб тизимининг қандай ишлаши борасида жуда катта тажриба берди.

Волонтёрлик – беминнат хизмат

2018 йилда Ўзбекистонда Ёш ватандош фестивалида иштирок этдим, шундан кейин Финландиянинг таълим, волонтёрлик, устоз-шогирдлик маданияти ҳақида ўқитувчилар, давлат ходимлари ва ёшларга вебинарлар ўтказа бошладим.

Ҳозирги кунда волонтёрларнинг Ўзбекистондаги биринчи ва ягона нотижорат уюшмаси — Волонтёрлар ассоциацияси фаолият кўрсатмоқда. Кўп шогирдларим ўзини волонтёр сифатида синаб кўрди, бошқаларга ҳам имконият яратяпти. Шундай уюшмалар ҳар бир вилоятда керак. Келажакда Финландиядан ўқитувчилар, тренерлар ва волонтёрларни олиб келиш умидидаман. 

Ўзимнинг «ConnectUz» консалтинг компаниямнинг асосчиси сифатида раҳбарлар ва кадрлар бўйича ходимлар учун барқарор иш маданиятини шакллантириш, жамоалар ташкил этиш ва ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш стратегиялари бўйича маданиятлараро тренинг ўтказаман.

 

Демографик инқироз туфайли Финландия фақатгина ўқиш эмас, балки доимий яшаш учун кўчиб келишга рағбат билдирмоқда, чунки бу давлатда ҳозир қариш жараёни кечмоқда ва давлат ўз келажаги учун шундай сиёсат олиб бормоқда.

Мен шаҳар ходимлари, истеъдод марказлари, университетлар, ўрта мактаблар, касб-ҳунар коллежлари билан инноватив проектларда ишлаб, университетларнинг иш берувчилар билан алоқасини ривожлантириш, чет эллик талабалар ва муҳожирларни иш билан таъминлаш масалаларига ечим топиш ҳамда бу борада Финландиянинг иш берувчи обрўйини кўтариш бўйича консультант сифатида фаолият юритаман.

Ижтимоий ҳамжиҳатлик, иш бозорига кириш ва стереотипларни бузиш узоқ муддатли ишдир. Эртанги кун учун ўзида ва жамоада муваффақият қозониш учун ўзига ишонч, қизиқувчанлик, ҳар қандай ишни муносиб бажариш, глобал шароитда мулоқот қилишни ўрганиш, стратегиклик ва узоқни ўйлашни ўрганиш керак.

Финландия ва Ўзбекистондаги ҳаёт, дунёқараш, ишонч

Биласизми, қуёш ва булутлар Чироқчида ҳам, Ҳелсинкида ҳам бир, лекин далалар, табиатимиз, одамларнинг меҳри чуқур. Бу мен учун оилам, дўстларим, Шаҳрисабз табиати, тоғларни соғиниш.

Умримнинг ярмидан кўпини дунёдаги энг бахтли мамлакатлар – Дания ва Финландияда яшадим. Бу мамлакатлар кўп жиҳатлари билан биздан катта фарқ қилади. Бу ерларда инсонга муносабат бошқача. Масалан, уйимда панжара ҳам йўқ ва мен бундан хавфсирамайман, кўп хизматлар давлатдан бепул берилади, сифатли таълим, спорт билан шуғулланиш маданияти, малакали тиббий хизмат ва меҳнат бозорининг қулай шароитлари... 

Финлар ёшингизга эмас, қанчалик ишбилармонлигингизга қарайди. Кимнингдир таниши бўлгани учунгина ишга жойлаштириб қўйиш деган тушунча бўлса ҳам, бу ерда профессионализм, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.

Европа кезиб ва бу мамлакатларда яшаб, шунга амин бўлдимки, кимнингдир шахсий ҳаёти, болалари борми-йўқми – уларга бу қизиқмас, бу ҳақда ҳеч ким сўрамайди ҳатто. Биз эса танишувда тезда шахсий ҳаётга оид саволларга ўтамиз.

Иккала мамлакат ҳам гендер тенглиги, таълим, яшил энергия ечимлари бўйича етакчи ҳисобланади. Финландияда ота-оналар нафақаси 263 иш куни давомида тўпланиб боради. Илк 105 иш куни учун нафақани боланинг онаси олади. Ушбу давр декрет таътили деб аталади. Кейинги 158 кун ота-оналар таътилини ташкил этади ва унинг давомида нафақа боланинг ё онасига, ё отасига тўланади.

Бу ерда мен аёл сифатида ўзимни эркинликлари кафолатланган, тенг имкониятга эга тўлақонли шахс сифатида ҳис қиламан. Умр йўлдошим билан бирга ишлаймиз, бир-биримизга ёрдам берамиз, бир-биримизнинг ишимизни ҳурмат қиламиз. Демоқчиманки, аёлга, унинг қизиқишларига ҳурмат билан қаралади. Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик, стереотиплар бизга, оиламизга зарар келтиради. Ҳар бир аёл зўравонликсиз эркин ҳаёт кечириш, таълим олиш ва ўзининг потенциалига эришиш имконияти ва ҳуқуқига эгалиги шу мактабда ўқитилади.

Бу ерда ҳар қандай ёшда олинган билим, яъни умрбод таълим деб аталадиган тушунча қадрланади. Оддий мулоқот, вақтни ҳурмат қиладиган, айтган гапини бажарадиган, ростгўй феъл-атворли одамлар ҳам юқори баҳоланади. Ўз вақтида ишлаш, ташаббускорлик ва жамоада ишлаш қобилияти жуда қадрланади.

Финландия прагматизм ва сабр-тоқат тимсоли деса ҳам бўлади. Бу инновацияларга бой мамлакат, 1967 йилда давлатнинг иқтисодиёти рақобатбардош бўлиши учун Финландия мустақиллигининг 50 йиллигига бағишлаб «Ситра» келажакни ривожлантириш бўйича инвестиция жамғармасини тузган ва унинг бюджети 100 миллион фин маркасини ташкил қилган.

Ҳукумат давлатнинг 100 йиллигига атаб 2017 йилда 100 миллион евролик OODI — дунёдаги энг зўр кутубхонани аҳолисига совға қилди.

Бундан ташқари, Финландия талабалар яшаши ва ҳаёт сифати учун Америкага қараганда хавфсизроқ.

Тилни билиш. Бошқа мамлакатга кўчишдан аввал тилни ўрганишга вақт ажратиш лозим, инглиз тили ҳамма жойда ҳам ёрдам бермайди.

Волонтёрлик. Волонтёрлик нетворк, тармоқларни шакллантириш ва энг зўр ҳаётий тажрибага эга бўлишнинг ҳар тарафлама кучли усули. У тадбиркорлик учун энг осон йўл.

Спорт. Спорт билан шуғулланиш – бу Скандинавия жамиятига тез кириш, осон мослашиш кириш чиптаси! Югуриш, аэробика ёки бошқа спорт турларини барча ёшларга маслаҳат бераман. 

Обама билан учрашув

2019 йилда Барак Обама иштирокида Европадаги 300 нафар ёш лидерлар билан Берлинда маросим бўлиб ўтди, шу жумладан, мен ҳам учрашувга таклиф олдим. Америкаликлар жамоаларни йиғиш, сармоя киритиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ишлари билан мени ҳайратда қолдирди.

Европанинг 40 ёшгача лидерлар жамоасининг Обама билан учрашувида асосан ўзгаришлар олиб келган шахслар билан келажакдаги лидерлик, демократия ва жамоатчилик ҳақида қизиқарли суҳбат бўлди. Барак Обама суҳбат давомида президентлик даврида Ўзбекистонга кела олмаганини айтди.

Обама қизлари ва турмуш ўртоғи Мишел Обаманинг фаровонлиги ҳақида кўп гапиради. Обама фонди инклюзив етакчилик ва гендер тенглигини тарғиб қилади. Мен уни Ўзбекистонга таклиф қилдим.

Мен ҳозирда 5 тилда гаплаша оламан, 50 мамлакатга сафар қилганман, шунинг учунми, ўзимни дунё фуқаросидек ҳис қиламан, ўзбекистонлик эканимни биламан ва рус мактабда ўқиган бўлсам ҳам, мен барибир ўзбекман.

Ўзбекистон аёллар кўзи билан лойиҳаси

Коронавирус пандемияси қашшоқлик, камситиш, зўравонлик ва ирқчиликни кучайтирди. Ушбу ривожланиш бизнинг ўзбек ёшларимизга қандай таъсир қилишидан хавотирдаман, чунки глобал миқёсда ёшлар, аёллар ва ногирон одамлар коронавирус таъсирига дучор бўлишади.

Биз Зайнаб Муҳаммад Дўст ва Малика Шарипова билан “Буюк келажак” ташкилотида учрашганимизда, аёллар масаласига доир муаммолар кўламини кўриб, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш тўғрисида суҳбат ва баҳслар олиб бориш мумкин бўлган майдон яратишга қарор қилдик. Бу лойиҳамизда биз Ўзбекистон шароитида аёллар ҳуқуқи нимани англатади, умуман олганда, Ўзбекистонда аёллар имкониятларини кенгайтириш учун шароит борми ва у қандай амалга оширилади каби мавзулар атрофида фикр юритамиз.

Ўзбекистон аёллар кўзи билан лойиҳамизнинг вазифаси вебинарлар ташкил этиб, у ерда таълим, иш билан таъминлаш, маданият ва аёлларнинг жамиятдаги ўрни каби масалаларни ёритиб бериш, шунингдек, ушбу мунозараларга ўзбек диаспорасини ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш ҳисобланади.

Мунозараларда биз маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг билимлари билан бўлишишга, ғоялар алмашишга катта эътибор қаратамиз. Гендер тенглиги бу сифатли таълим, оила ва мамлакатда фаровонликка эришиш ва камбағалликдан қутулиш калити деган тушунчани тарғиб қилишга интиламиз.

Ўзбекистондаги шароит ва воқеаларни аёллар томонидан, яъни уларнинг кўзлари билан кузатувчиларимизга тақдим қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ижтимоий тармоқларимизда эса айрим тушунчаларни ва муаммоларни нафақат рус тилида, балки ўзбек тилида тушунтиришга ҳам уринамиз.

«Ёш қизлар ва ўғил болалар, қатъиятли бўлинг!»

Халқаро тажриба ҳаммани: талабаларни ҳам, қизлар ва аёлларни ҳам, раҳбарларни ҳам кучайтиради. Бу сизнинг кучли шахсиятингизни шакллантиради ва ҳаётий тажрибангиз учун жуда зарур.

Ҳаёт тиз чўктирганда ҳам, жасорат ва туриш учун доим имкониятлар топилади. Одам ўз хатоларига эга бўлиши керак. Финландияда хатолар куни бор, 13 октябр қилаётган хатоларидан фахрланиш куни сифатида нишонланади. Ҳаётингизни кимдир тузатишини кутманг, ўз қўлингизга олинг.

Ота-оналарга маслаҳатим шуки, фарзандларингиз ўз фикри бўлишини ўргансин, уларни чет элга юборишдан қўрқманг. Улар сизни фахрлантиради. Ўзбек талабаларининг барчаси иқтидорли, уларга ўз танловини танлаш, маҳорат ўрганиш, пул топиш ва ўзлари қарор қилишлари учун бироз эркинлик керак.

Хорижда яшаш характерни мустаҳкамлайди, ҳаёт имкониятларга бой эканини ўргатади. Ва бу тажриба бутун оилага таъсир этади. Мамлакатимизни қуриш учун бизга жаҳон тажрибаси ва бунда аёллар ва эркакларнинг тенг хизмати керак.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид