Жаҳон | 17:31 / 07.04.2025
1499
2 дақиқада ўқилади

Германияда мактаб ўқувчиларини уруш ҳолатига тайёрлаш тавсия қилинди

Федерал ҳукумат бу борада мактабларни тегишли материаллар билан таъминлашга ёрдам беришга тайёр.

Фото: picture alliance / Jochen Tack

Германия Ички ишлар вазирлиги мактаб ўқувчиларини «инқирозли ва ҳарбий ҳаракатлар»га тайёрлаш керак дея ҳисобламоқда. Бу ҳақда идора вакилларига таяниб маҳаллий Handelsblatt газетаси хабар берди. Бундай тайёргарлик ўз ичига нималарни олишига аниқлик киритилмаган.

ИИВнинг маълум қилишича, Германия федерал ерлари мактаблардаги «таълим шакли»ни алоҳида белгилайди. Шунга қарамай, федерал ҳукумат Фуқаролик мудофааси ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш федерал бошқармаси билан бирга, «ёшлар ва ўқувчилар учун материаллар борасида» ёрдам беришга тайёр.

«Хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгараётгани боис фуқаролик ҳимояси учун, ҳатто мактаб таълимида ҳам кўпроқ эътибор қаратиш керак», — дейди ИИВ вакили.

Вазирлик, шунингдек, Европа Иттифоқи учун умумий бўлган тавсияларга ҳам риоя этиш кераклигини таъкидлаган. Унга кўра, фуқаролар камида уч кунга етадиган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи зарур товарлар захирасини ғамлаб қўйишлари керак. Тавсиялар орасидан ичимликлар (20 литр), дон маҳсулотлари (3,5 килограмм), сабзавотлар (4 килограмм), мева ва ёнғоқлар (2,5 килограмм), сут ва сут маҳсулотлари (2,6 килограмм), балиқ, гўшт ва тухум (1,5 килограмм) ўрин олган.

2024 йил ноябр ойида Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри Германия ҳукумати Россия билан кенг кўламли можарога тайёргарлик кўришга қаратилган тезкор режани тайёрлагани тўғрисида хабар берганди. 2025 йил февралда эса «Германия учун муқобил» ўта ўнг партияси мамлакатда мажбурий ҳарбий хизматни қайтариш таклифини илгари сурди.

Мавзуга оид