Ўзбекистон | 19:56 / 03.04.2025
8706
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда 9 апрелга қадар юк машиналари ҳаракати тўлиқ чекланади

Бу вақт давомида юк ташувчи транспорт воситалари фақат Тошкент ҳалқа автомобил йўлидан ҳаракатланиши мумкин.

Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида юк машиналари ҳаракати бир неча кунга тўлиқ чекланади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

2025 йил 4 апрелдан 9 апрелга қадар Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқининг 150-юбилей ассамблеяси тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Шу вақт ичида пойтахтнинг марказий кўчаларида юк транспорт воситалари ҳаракати тўлиқ чекланади.

«Қурилиш объектларида оғир ва енгил вазнли барча тоифадаги юк ташувчи транспорт ҳайдовчилари фақат Тошкент ҳалқа автомобил йўлидан ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

ЙҲХБ вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраб, ҳайдовчиларга ўз йўлларини олдиндан режалаштиришни тавсия қилди.

Аввалроқ Шайхонтоҳур туманидаги Шофайзи кўчаси 25 мартдан 1 майга қадар ёпилгани, Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасида эса 2 апрелдан сентябр ойигача транспорт воситалари ҳаракати чеклангани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид