Жамият | 11:20 / 26.03.2025
6054
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда йўлдаги кўлмакда чўмилган эркак 10 суткага қамалди

Ургутда эркак ёмғирдан сўнг йўлдаги “яма”да ҳосил бўлган кўлмакда чўмилди. Суд уни майда безорилик қилганликда айбли деб топган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Ургут туманида яшовчи эркак Д.Ў. йўл ўртасидаги кўлмакда чўмилгани акс этган видеолавҳа тарқалди. 

Видеода эркак йўллардаги “яма”лар бассейн каби бўлиб ётганлигини, чуқурларда ҳатто чўмилиш ҳам мумкинлигини айтган. Сўнгра ўзи буни кўрсатишини айтиб, кийимларини ечган ҳолда йўл ўртасидаги кўлмакка бориб ётиб олган ҳамда сузишга уринган. 

 Д.Ў. кўп ўтмай узр сўраб чиқди ва бу ҳаракати ёмон оқибатга олиб келишини билмаганлигини билдирди. У қилган ишидан пушаймонлигини айтган.  

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, фуқаро маъмурий жазога тортилган.

«Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиш ёки ахлоққа зид хатти-ҳаракатларни амалга ошириш сизга тенгдошларингиз орасида мана шундай „машҳурлик“ олиб келиши унча ёқимли бўлмаса керак?» дея савол қолдирган бошқарма ахборот хизмати. 

Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (Майда безорилик) содир қилишда айбли деб топилган. Эркакка 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.  

Мавзуга оид