Жаҳон | 19:52 / 19.02.2025
15573
2 дақиқада ўқилади

Австралияда 150 дан ортиқ косатка қирғоққа чиқиб қолди

90 жонивор тирик қолган — аммо уларни азобланишдан қутқариш учун ўлдиришади.

Фото: Jocelyn Flint / AP / Scanpix / LETA

Австралиянинг Тасмания штати шимоли-ғарбида 157 та кичик косатка қирғоққа чиқиб қолди. Маҳаллий ABC телеканалига кўра, бу каби ҳолат сўнгги 50 йил ичида (1974 йилдан буён) биринчи марта қайд этилмоқда.

Косаткалар 18 февралда топилган. Улар нима учун саёзликка тушиб қолгани номаълум.

19 феврал кунига келиб жониворларнинг 90 таси ҳамон тирик эди. Иккита косаткани сувга қайтаришга уринишлар об-ҳаво шароити туфайли муваффақиятсиз тугади. Шу сабабли, Тасмания боғлари ва ёввойи табиати хизмати вакилларининг айтишича, омон қолган барча косаткаларни азоб-уқубатдан қутқариш учун ўлдиришга қарор қилинган.

«Бу жониворлар қирғоқда қанча кўп қолса, шунча кўп азоб чекади. [Қутқаришнинг] барча муқобил вариантлари муваффақиятсиз бўлиб чиқди», – деб тушунтирди денгиз биологи Крис Карлион. Унинг сўзларига кўра, бундай йирик жониворларни ўлдириш «ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда» амалга оширилади.

«Бу мураккаб вазият, аммо бу жонивор учун унинг қийноқлардан қутулиши нуқтайи назаридан энг яхши натижа эканлигини тушунганимизда, биз буни албатта амалга оширамиз ва буни иложи борича тезроқ ва инсонийлик билан бажаришга ҳаракат қиламиз», – дея қўшимча қилди Карлион.

Тасмания Боғлар ва ёввойи табиат хизмати вакили Брендон Кларкнинг маълум қилишича, Тасманияда бу каби ҳолатлар учраб туради. 2020 йилда Маккуори кўрфази соҳилларига 470 га яқин қора делфин чиқиб қолган, 2020 йилда эса 200 та шу каби жонзот қирғоқда пайдо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Доғистоннинг Каспий денгизи қирғоқлари яқинидаги турли ҳудудларидан 2500 та ўлик тюленнинг жасади топилганди. Маҳаллий Табиий ресурслар вазирлиги уларнинг ўлими сабабини «табиий омиллар» деб атаган.

Мавзуга оид