Жаҳон | 11:06 / 15.01.2025
4435
3 дақиқада ўқилади

Россияда интернет тармоғида катта узилиш кузатилди

Бутун Россия бўйлаб браузерлар, видеохостинглар ва мессенжерлар очилмади. Бу охирги 10 кун ичида Рунет ишидаги иккинчи узилишдир. Аввалгиси 6 январ куни содир бўлган. Роскомнадзор бу муаммоларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.

Фото: Владимир Смирнов/ТАСС

14 январ, сешанба куни Россияда интернет тармоғида катта узилиш юз берди. Россиянинг барча йирик мобил ва стационар интернет операторлари, хусусан, «Билайн», «Мегафон», МТС, «Ростелеком» ва Tele 2 да трафик муаммолари кузатилди. Мамлакатнинг турли минтақаларидаги фойдаланувчилар браузерлар, видеохостинг хизматлари, қидирув тизимлари, банк сервислари ва мессенжерларни очишда муаммоларга дуч келди. Бошқа нарсалар қаторида Telegram, TikTok, Google, YouTube, Steam ва Twitch очилмади. Шу билан бирга, ru/рф доменига эга сайтлар узлуксиз юкланмоқда, дея хабар беради Россия доменларини мувофиқлаштириш маркази. Telegram ва "Вконтакте" ижтимоий тармоқлари ҳам ишлашда давом этди, деб ёзади E1 нашри.

Роскомнадзор узилишга алоқадор эмаслигини билдирди

Роскомнадзор (РКН) кенг кўламли носозликни тасдиқлади ва РКНнинг бунга алоқаси йўқлигини таъкидлади. «Барча операторлар бўйича носозликлар қайд этилмоқда, носозлик сабаблари аниқланмоқда», — дейилади идора матбуот хизмати хабарида.

Тахминан ярим соат ўтгач, сервислар иши тиклана бошлади ва бир соатдан кейин Роскомнадзор Тармоқ қайта тикланганини эълон қилди. «Уланишда қисқа муддатли узилиш аниқланди. Коммуникациялар тармоғини мониторинг қилиш ва бошқариш маркази навбатчилик хизматлари томонидан тармоқнинг ишлаши зудлик билан тикланди», — дейилади хабарда.

Йил бошидан бери иккинчи носозлик

Екатеринбургдаги NetAngels хостинги директори Антон Холиқовнинг фикрича, носозлик «ТҚТВ (таҳдидларга қарши туришнинг техник воситалари)га янгиланишнинг нотўғри юклаб олиниши» билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Янгиланиш барча провайдерларга етиб келмаган ёки у барча провайдерларга етиб боргунча тўхтатилган бўлиши мумкин», — дея унинг сўзларини келтиради E1. Бу фикрни соҳанинг бошқа бир қатор мутахассислари ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Бу Россияда 2025 йил бошидан бери интернет ишида иккинчи йирик узилишдир. Бундай узилиш бу йил биринчи марта 6 январ куни кузатилган. Ўшанда фойдаланувчилар онлайн ўйинлар, стриминг сервислари, банк иловалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва браузерларда муаммоларга дуч келган. Шикоятлар асосан МТС абонентларидан келган. Роскомнадзор носозликка алоқа операторларидан бирининг магистрал тармоғидаги авария сабаб бўлганини билдирди.

Мавзуга оид