Жаҳон | 20:48 / 25.12.2024
7149
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «дафн этиш»га ваъда берди

Курдистон ишчилар партияси (КИП) ва ИШИД Туркиянинг мавжудлигига таҳдид солмоқда ва мамлакат уларни тор-мор этиш ниятида, деди Эрдўған.

Фото: AFP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған парламентда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси аъзолари билан мулоқот чоғида Суриядаги курд қуролли гуруҳлар ё қуролларини ташлайди ёки «кўмилади» деди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Унинг таъкидлашича, Анқара «Суриядаги террорчилик ташкилотларини», биринчи навбатда, ИШИД ва Курдистон ишчилар партиясини (КИП) йўқ қилишга қатъий қарор қилган. Бу иккала гуруҳ ҳам, Эрдўған сўзларига кўра, Туркия ва Суриянинг омон қолишига таҳдид солади.

«Бу айирмачи-жиноятчилар ё қуролларини ташлайди ёки қуроллари билан бирга Сурия тупроғида дафн этилади. Биз билан курд биродарларимиз орасига қонли девор қурмоқчи бўлган террор ташкилотини йўқ қиламиз», деди у.

Туркия АҚШ билан иттифоқдош Сурия демократик кучларининг (SDF) асосий таркибий қисми бўлган курд Халқ мудофааси бўлинмаларини (YPG) мамлакатга қарши исён олиб бораётган Курдистон ишчилар партиясининг бир бўлаги деб билади.

«На Сурия халқи, на янги маъмурият, на биз КИП/YPG террор ташкилотининг якка ўзи ҳаракат қилишига ва ўзи учун шароит яратишига йўл қўймаймиз», деди Туркия мудофаа вазири Ёшар Гулер. У YPG гуруҳининг йўқ қилинишини Туркия ҳукуматининг устувор вазифаси деб атади.

Башар Асад кетганидан бери Анқара Сурия келажагида YPG гуруҳига ўрин йўқлигини таъкидлаб, уни тарқатиб юборишни талаб қилиб келмоқда. КИП – Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террор ташкилоти деб топилган.

Мавзуга оид

Эълонлар