Кошта: Украинани ЕИга қабул қилиш бўйича музокаралар 2025 йилда бошланади
Европа Кенгашининг янги раҳбари Украинага Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларда тезкор ўзгаришлар ҳақида ваъда берди. Шунингдек, у Киевга Россия активлари ҳисобидан миллиардлаб евро ажратилишини маълум қилди.

Фото: Getty Images
Европа Кенгашининг янги раиси Антониу Кошта Украинага Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида тезкор ўзгаришлар ҳақида ваъда берди. Камида икки йўналиш бўйича музокаралар 2025 йилнинг биринчи ярмида бошланади, деди Кошта 1 декабр, якшанба куни Европа Иттифоқи янги раҳбариятининг Киевга ташрифи чоғида. «Биз келажакда сиз билан бирга бўламиз ва бу шунчаки сўзлар эмас, биз гуманитар, иқтисодий, ҳарбий ва энергия ёрдамини кўрсатишни давом эттирамиз», деди Кошта ўзининг янги лавозимидаги биринчи куни.
Украинанинг Европа Иттифоқига босқичма-босқич сиёсий ва иқтисодий интеграциялашувига мисол, Коштанинг фикрича, хориждаги украиналик фойдаланувчилар учун ҳамёнбоп роумингни жорий этишдир.
Кошта Киевга РФнинг музлатилган активлари ҳисобидан ёрдам ваъда қилди
Португалия ҳукуматининг собиқ раҳбари, шунингдек, йил охиригача Украина бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 4,2 миллиард евро ажратишга ваъда берди. Бундан ташқари, 2025 йилдан ЕИ Киевга ойига 1,5 миллиард евро ажратади. «Биз бу маблағларни музлатилган Россия активларидан оламиз, улар ҳарбий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкин», деди Кошта.
Европа Кенгашининг янги раиси, шунингдек, украиналикларни Брюссел томонидан Россия иқтисодиётига босим кучайишига ва Россия Федерациясига қарши 15-санкция пакетини қабул қилиш устида иш олиб борилаётганига ишонтирди. Москвага кейинги санкциялар босимидан мақсад Россиянинг Украинага қарши уруш олиб бориш қобилиятини заифлаштиришдир, деди Кошта.
ЕП Украинага ёрдамни ва РФга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди
Европарламент 28 ноябр куни Украина бўйича кенг кўламли резолюцияни қабул қилди, унда у «Украина ғалабасигача» Киевга сиёсий, ҳарбий, гуманитар, иқтисодий ва молиявий ёрдам кўрсатишни кучайтириш ва тезлаштиришга чақиради. Ҳужжатни 390 киши ёқлаб чиқди, 135 нафари қарши бўлди ва 52 нафари бетараф эканини билдирди.
Европарламент ўз резолюциясида, хусусан, Европа Иттифоқи ва унинг давлатларидан Украинани самолётлар, узоқ масофали ракеталар, шу жумладан TAURUS, замонавий ҳаво мудофаа тизимлари билан таъминлашни, шунингдек, талабларни қондириш учун ваъда қилинган техника етказиб беришни тезлаштиришни сўраган.
Европарламент депутатлари барча Европа Иттифоқи давлатлари ва НАТО иттифоқчилари биргаликда ва якка тартибда Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олишлари, ҳар йили ялпи ички маҳсулотининг камида 0,25 фоизини шу мақсадда сарфлашлари кераклигини таъкидладилар.
Европарламент Европа комиссиясидан Украина иқтисодиётини қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш ва сармоявий имкониятларни рағбатлантириш орқали қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни сўрайди. Европарламент депутатлари, шунингдек, Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, энергетикага мунтазам ҳужумлари натижасида миллионлаб украиналиклар асосий хизматларсиз қолишига жавобан ЕИнинг гуманитар ёрдамини сезиларли даражада ошириш зарур, деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид

15:38 / 26.04.2025
Трампнинг янги режаси, Путиннинг сулҳи, Киевнинг талаблари — Геосиёсий ҳафта таҳлили

13:54 / 26.04.2025
Ғарбий соҳилдаги қувғинлар, Фаластин учун курашаётган Ҳарвард ва портлатилган рус генерали — кун дайжести

11:31 / 26.04.2025
Трамп ўтган жума Россия-Украина музокаралари учун яхши кун бўлганини айтди

19:59 / 25.04.2025