Ўзбекистон | 14:00 / 28.10.2024
18578
2 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кўтарилади

Ўзбекистон бўйича 28 октябр - 1 ноябр кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Бугун Ўзбекистон ҳудуди совуқ ва нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади. 

"Ўзгидромет" хабарига кўра, куннинг биринчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, республиканинг қолган ҳудудларида ёмғир ёғиши эҳтимоли кам. Ҳаво ҳарорати кундузи +8...+13 даражадан кўтарилмайди, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 8-10 даражага пастдир.

Эртага Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикаси бўйича баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +0...+5 даражагача, баъзи жойларда -2 даражагача пасаяди, кундузи +10...+15 даражагача бироз кўтарилади.

Чоршанба куни фақат Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Совуқ ҳаво массаси мамлакат ҳудудидан чекина бошлайди, ҳарорат кечаси +2...+7  даражагача, кундузи +12...+17 даражагача кўтарилади.

Пайшанба ва жума кунлари Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши прогноз қилинмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари +2...+7 даража атрофида бўлади, кундуз кунлари +15...+20 даражагача кўтарилади.

28-30 октябрда республика бўйича баъзи жойларда туман тушиши кузатилади. 28-30 октябрда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Пойтахтда бугун куннинг биринчи ярмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кундузи +10...+12 даражадан кўтарилмайди.

Эртага ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +3...+5, кундузи +12...+14 даража бўлади.

30 октябрда кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +4...+6, кундузи +13...+15 даража бўлади.

31 октябрда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +4...+6, кундузи +16...+18 даража бўлади.

Мавзуга оид