Жаҳон | 22:34 / 14.10.2024
4960
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда тўй мавсуми иқтисодиётга 70 миллиард доллар даромад келтиради

Жорий мавсумда мамлакат бўйлаб 5 миллионга яқин тўй бўлади. Бу «қулай астрологик саналар» кўплиги билан боғлиқ

Фото: Getty Images

Ҳиндистонда навбатдаги тўй мавсуми бошланди, Савдо конфедерациясига кўра, бу мамлакат иқтисодиётига 70 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Ҳиндлар учун тўй ҳаётдаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, оилалар байрамдан анча олдин тайёргарлик кўришади ва фарзандлари туғилганиданоқ пул тўплашни бошлайди.

Одатда, тўй мавсуми қишлоқ хўжалиги ишларининг тугашига тўғри келади, чунки об-ҳаво катта очиқ тадбирлар учун қулайроқ бўлади. Декабр ойининг ўрталарига қадар давом этадиган, кейин эса январ ойида давом этадиган бу мавсумда кўплаб тўй маросимлари турли тадбирлар, рақслар ва таомлар билан ўтказилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу йил тўйлар сони 4,8 миллионга етади, бу ўтган йилги 3,5 миллионга нисбатан сезиларли ўсишдир. Бу ўсиш «қулай астрологик саналар» кўплиги билан боғлиқ, одатда айнан улар никоҳ санасини бегилашда муҳим аҳамият касб этади. Қайд қилинишича, бу мавсумда бир йил олдинги 11 кунга нисбатан 18 та шундай кун бўлади.

Ҳиндистонда тўйлар учун ҳаражатлар оддийдан ҳашаматлигача. Бадавлат оилалар орасида байрам ўтказишнинг ўртача нархи тахминан 30 миллион рупийни (360 минг доллар) ташкил қилади. Оддийроқ тўйлар учун бюджет 3,5 минг долларни ташкил қилади, ўрта даражадаги тўйлар эса ҳар бир оила учун тахминан 100-150 минг доллар туради.

Мавзуга оид