Жаҳон | 21:50 / 09.10.2024
4141
2 дақиқада ўқилади

Америкадаги довул туфайли “Рамштайн” форматидаги музокаралар бекор қилинди

Саммитга 20 га яқин давлат ёки уларнинг ҳукуматлари етакчилари келиши ва унда Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг “ғалаба режаси”ни тақдим этиши режалаштирилган эди.

Фото: AFP

10-13 октябр кунлари Германияда ўтказилиши керак бўлган Украина бўйича “Рамштайн” саммити қолдирилди.

“Радио Свобода” хабарига кўра, саммит Флоридага яқинлашиб келаётган “Милтон” тўфони сабаб АҚШ президенти Жо Байден иштирок эта олмагани учун бошқа санага қолдирилган.

Саммитга 20 га яқин давлат ёки уларнинг ҳукуматлари етакчилари келиши ва унда Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг “ғалаба режаси”ни тақдим этиши режалаштирилган эди. Шунингдек, Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини ажратиш муҳокама қилиниши лозим эди.

Аввалроқ, Жо Байден “Милтон” тўфонига тайёргарлик кўриш ва унга жавоб беришни назорат қилиш учун” саммитга боришдан бош тортган эди. Бу Америка президентининг қирқ йил ичида Германияга биринчи давлат ташрифи бўлиши керак эди.

Мексика кўрфазидан Флорида қирғоқларига яқинлашиб келаётган “Милтон” тўфони Саффир-Симпсон шкаласи бўйича бешинчи, максимал тоифага эга бўлади. Бу шуни англатадики, шамол тезлиги соатига 250 км дан ошади, бу эса катта миқёсда вайронагарчилик, ҳудудларнинг изоляциясига олиб келади. Зарарланган ҳудудда бир неча ой давомида аввалги ҳаётга қайтиш имкони бўлмайди.

Ҳозир штатда эвакуация ишлари олиб борилмоқда, рейслар бекор қилинмоқда, ёқилғи етказиб бериш тўхтатилмоқда. Довул Флоридага чоршанба куни кечқурун етиб бориши кутилмоқда.

Мавзуга оид