Ўзбекистон | 17:27 / 07.08.2024
3395
4 дақиқада ўқилади

Пробация назоратидаги шахсга электрон браслет қўлланади

Электрон браслет озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қўлланади. Уни қўллаш туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида амалга оширилади.

Фото: Reuters

Президент Шавкат Мирзиёев “Пробация тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Huquqiy axborot канали хабар берди.

Қонунга кўра, пробация – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлашга, маҳкумларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тарбиявий таъсир кўрсатишга, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси пробацияни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Қайд этилишича, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг пробация хизмати пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Меҳнат органлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар сифатида белгиланган. Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади.

Шунингдек, қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади. Электрон браслет озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётганлиги тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланади.

Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори белгиланган мезонлар асосида ҳар 3 ойда баҳоланади ва уларнинг ижтимоий-психологик қиёфаларида акс эттирилади.

Электрон кузатув воситаси 18 ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, тиббий кўрсатмаларга кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга қўлланилиши мумкин эмас. Бу ҳақда қонуннинг Сенатдаги муҳокамасида маълум қилинганди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

2022 йилнинг июл ойида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ва маҳкумлар қочиш ҳолати олдини олиш мақсадида электрон браслетдан фойдаланиш тизими жорий этилиши айтилганди. Ўшанда 2024 йил 1 декабрга кадар ички ишлар органлари конвой бўлинмалари электрон браслетлар билан тўлиқ таъминланиши таъкидланган.

2023 йилнинг бошида Сирдарё, Наманган ва Жиззах вилоятларида яшаш жойидан чиқиши чекланган шахсларни назорат қилувчи электрон браслетлар синовдан ўтказилган. Синов натижаларига кўра, маҳкумлардан қурилмани тақиб юриш билан боғлиқ ноқулайликлар, унинг соғлиқларига ножўя таъсири ва бошқа техник ҳолатлари бўйича аниқланган камчиликлар бартараф этиш белгиланган.

Мавзуга оид