Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полосондан Германияга йўл: 16 ёшли ўзбек қизи олимпиада ғолиби бўлди
Андижон туманининг Полосон маҳалласида яшовчи, ўқитувчилар оиласида улғайган Райёна Иброҳимова Германиянинг Гёттинген шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Оддий ўқитувчилар оиласидан чиққан қиз шу давргача кўплаб мусобақаларда иштирок этган, бироқ омадсизликка учраганди. “Ота-онам маошидан орттириб, тил ўрганишим учун шароит қилиб берди, уларнинг ишончини оқладим”, дейди олтин медал соҳибаси.

15-22 июл кунлари Германиянинг Гёттинген шаҳрида Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда 62 та давлатдан 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. Уч йўналиш (А2, Б1 ва Б2)да ўтказилган беллашувда ўзбекистонлик – Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Райёна Иброҳимова Б1 даража йўналишида олтин медал соҳиби бўлди.

“Зулфия мукофотини ололмаганим оғир зарба бўлган”
Райёна Иброҳимова ўз кечинмаларини Kun.uz мухбирига сўзлаб берди.
“Онам она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Отам мусиқа мактабида актёрлик маҳоратидан дарс беради. Ўқитувчилар маошига кун кўрадиган оддий оиламиз. Ота-онам қийин вазиятда ҳам билим олишимиз учун барча шароитларни яратиб берди. Отамнинг хоҳишига қарши бормай бир муддат мусиқани ўргандим. Кейинроқ йўналишни ўзгартиришга мажбур бўлдим.
6-синфда Зулфия мукофотини олиш учун тайёргарлик кўра бошладим. Шеърлар ёзиб, газетага чиқардим. Қанча-қанча мағлубиятларга дуч келдим. Қайсидир вақтларда иштиёқларим ҳам синиб кетгани рост. Ёш китобхон танловида, Зулфия мукофоти учун бўлган беллашувларда муваффақиятсизлигим айниқса оғир зарба бўлган. Лекин мақсадимдан чекинмадим. Тушкунликка тушган пайтларимда ота-онам далда бўлди.
Олимпиада икки босқичда ўтказилди. 1-миллий саралаш босқичи. Бу Тошкентдаги Гёте институтида бўлиб ўтди. Ушбу босқичда 1-ўринни олдим ва бу ютуқ мени Германияда етаклади. Германиядаги олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилишим керак эди. Ҳаммаси яхшилик билан тугади.
Тўғриси ғолиб бўлишни кутмагандим. Лекин қайсидир ўринни олишимни кўнглим сезаётганди. Тан олиш керак, Германияга борганимда ғолибликка бўлган ишонч сўнди. Чунки олимпиада иштирокчиларининг тил билиш даражаси жуда юқори эди. Германиянинг 9 қўшни давлатидан келган иштирокчилар айниқса жуда кучли эди. Франция, Нидерландия вакилларининг немис тилида жуда равон гапиришига гувоҳи бўлдим.
Якуний натижани, ғолибларни эълон қилиш ҳолати жуда қизиқ бўлди. Телефон камераси ва сумкадаги байроқни 3-ўринни эълон қилишларидан аввал тайёр ҳолатга келтирган эдим. Ва ниҳоят ғолибни эълон қилишди. Не кўз билан кўрайки, ғолиб мен эдим. Ҳолатни тасвирлаб бериш жуда қийин”, дейди у.
Райёна икки йил аввал ҳам Германияда ёзги лагерда бўлган. Ўшанда ундан тенгдошлари қайси давлатдан келганини сўрашган. Ўзбекистонликман деганида эса атрофидагилар бу давлат ҳақида биринчи марта эшитишаётганини айтишган. Шу воқеадан сўнг у қачондир олимпиадада ғолиб бўлса, юртини танитишни дилига тугиб қўйган.
“Мақсадимга етдим. 3-ўрин ҳамма таниган Буюк Британия, 2-ўрин ҳамма билган Италия, 1-ўрин энди ҳамма таниётган Ўзбекистон бўлди”, дейди қувонч билан Райёна Иброҳимова.
“Санаторияга боришга ҳожат қолмади”
Райёнанинг отаси Нодирбек Жўраевнинг таъкидлашича, у қизининг инглиз тилини ўрганишини истаган. Бироқ Раёна немис тилини танлаган.

“Фарзандининг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Кенжа фарзандимиз Райёнанинг ютуғидан бошимиз осмонга етди. Тошкент халқаро аэропортида медаллар билан чиқаётган қизимни кўриб худди воқеалар тушимда бўлаётгандек эди.
Оддий ўқитувчининг қизи бундай ютуққа эришиши жуда қувонарли. Не машаққатлар билан 3 фарзандни вояга етказдик. Энди уларнинг роҳатини кўряпмиз.
Бир пайтлар турмуш ўртоғим немис тили курсига Райёнани бериб келдим деганида, инглиз тили дунё тили-ку, фақат инглиз тилини ўрганиш керак, деб қатьий туриб олгандим. Лекин қизим бирибир немис тили йўналишидан кетди. Бугунги ютуқларини кўриб эса қизимнинг қарори аслида тўғри бўлганини тушуниб етдим.
Асабларим чарчаганидан шу кунларда санаторияга боришни режа қилаётгандим. Тарихий кун, қувончли хабарни эшитиб, бу чарчоқдан асар қолмади. Санаторияга боришга ҳожат қолмади”, дейди Нодирбек Жўраев.
“Агар ният улуғ бўлса, унга эришиш мумкин”
Райёнанинг онаси Ирода Жўраеванинг айтишича, қизи Германияга кетишидан аввал байроқ сотиб олиб, уни руҳий томондан ғолибликка тайёрлашган.

“3 фарзандни вояга етказиш учун ўқитувчиликдан ташқари мен чеварчилик қилдим, Турмуш ўртоғим эса устачилик қилди. Инсон ниятни катта қилиши керак. Агар ният улуғ бўлса, чин қалбдан чиқса, албатта, эришиш мумкин экан. бунга мен қизим мисолидан амин бўлдим.
Қизим Райёна Германияга жўнаб кетишидан аввал миллий либос тикиб беришимни илтимос қилди. Олимпиадада 1-ўринни оламан, деб ниятни катта қилди. Байроқ сотиб олдик, миллий либос тикиб бердик. Мусобақагача оилавий қизимизни ғолиб бўлиши учун руҳан тайёрлаб бордик. Қизим байроқни елкасида кўтариб олиб, ғолиблик нашидасини ҳис қилиб машқлар қилди”, дейди она.
Ирода Жўраеванинг қўшимча қилишича, Райёна кўп китоб ўқиганидан, китобни камроқ ўқи, толиқиб қоласан деган кунлари кўп бўлган. Лекин у ниятидан қайтмаган ва охир-оқибат ўз ниятига эришган.
Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи: Сардор Мамиров
Тавсия этамиз
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:00
Лёв ёки Кападзе. Миллий жамоа бошқарувида ўзгариш қилиш керакми?
Спорт | 11:30
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Кўпайган сувда чўкишлар, руҳий «носоғлом» минтақа, шифокорларга ҳужум ва Роғун ГЭСидан 20 йиллик шартнома
Жаҳон | 14:06
-
Саудияда 20 йил комада ётган шаҳзода вафот этди
Жаҳон | 13:47
-
Ўзбекистонда 2026 йилдан АИ-80дан тўлиқ воз кечилади: бозорда дефицит юзага келмайдими?
Ўзбекистон | 12:22
-
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:00
Мавзуга оид

20:55 / 01.07.2025
Президент ҳузурида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди

17:01 / 30.05.2025
Грецияда биринчи марта роботлар олимпиадаси ўтказилади

20:59 / 16.04.2025
Ҳар йили декабрда «Президент Олимпиадаси» ўтказилади

12:02 / 24.02.2025