Жамият | 07:50 / 23.07.2024
5094
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада 13 ёшли ўгай қизига зўравонлик қилиб келган аёлга жазо тайинланди

Тошкент вилояти Зангиота туманида 2023 йилнинг декабр ойида 13 ёшли қиз ўгай онаси томонидан мунтазам зўравонликка учраб келаётгани аниқланганди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки терговда аниқланишича, Ш.С. 2010 йилда туғилган қиз С.Р.ни 2023 йил давомида муттасил равишда дўппослаб, унга нисбатан жисмоний ҳамда руҳий жиҳатдан азоб бериб, унда кучли қўрқув ҳосил қилиш йўли орқали ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, танасининг турли қисмларига тан жароҳатлари етказиб келган.

Болалар омбудсмани вакили бола манфаатлари нуқтайи назаридан мазкур ишнинг суд процессида кўрилишида иштирок этди. 

5 июн куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида мазкур жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукмга биноан, Ш.С. Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (қийнаш) ва 112-моддаси 3-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан айбдор деб топилиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди ва мазкур жазо билан боғлиқ тегишли чекловлар ўрнатилди.

Мавзуга оид