Запорижжяда Россия зарбасидан етти киши ҳалок бўлди
Зеленский яна ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмаётганидан шикоят қилди.

Фото: Reuters
Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров Запорижжя райони Волнянск шаҳри ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида етти нафарни ташкил этаётгани ҳақида маълум қилди.
«Душман Запорижжя области Волнянск шаҳрида 7 кишини ўлдирди. Қурбонларнинг икки нафари — болалар. Яраланганлар сони 10 нафарга ошди», — дея ёзган Федоров телеграм-каналида.
Россиянинг Волнянск бўйлаб зарбаси оқибатида 36 киши турли даражада тан жароҳатлари олган, улардан тўққиз нафари болалар.
Иккита кўп қаватли уй ва 12 та савдо биноси шикастланган, 7 та автомобил бутунлай ёниб кетган.
Федоровнинг маълумотига кўра, жароҳатланганлардан 12 нафари шифохонада қолмоқда.
«Тиббиёт ходимлари улардан олти нафарининг аҳволини оғир деб баҳолаган. Шифохонага ётқизилганлар орасида осколкадан жароҳатланганлар, контузияга учраганлар, тана қисмлари синганлар, травматик ампутация қилинганлар бор, — дея ёзган Федоров ўз телеграм-каналида. — Ярадорлардан бир нафари ҳомиладор аёл ва тўққиз нафари болалар».
Якшанба куни Запорижжя областида мотам куни бўлди.
Россия томони ҳодиса юзасидан муносабат билдирмаган, бу борада тасдиқланган бошқа маълумотлар йўқ.
Украина одамлар ҳалок бўлиши ва ҳудудлар бой берилишини ёрдам тақдим этишдаги кечикишлар туфайли юзага келган ўқ-дори ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар танқислиги билан боғлайди, Володимир Зеленский эса урушда ғолиб бўлиш учун бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирган.
«Бизга керак бўлган қарорларни тезлаштириш керак. Қарор қабул қилишдаги ҳар қандай кечикиш бу урушда одамлар ҳаётини йўқотиш демакдир», — деган украинлар етакчиси.
Зеленский яна бир бор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сўради
Украина президенти Володимир Зеленский ўтган ҳафтанинг ўзида Россия армияси Украинага қарши 800 дан ортиқ бошқарилувчи авиабомбалар қўллагани, шу туфайли Украина Россиянинг жанговар самолётларини доимий жойлашув базаларида йўқ қилиш учун замонавий воситаларга эҳтиёж сезаётганини айтган.
Украина тарафдорлари бир неча бор унинг ғарбдаги ҳамкорларини, биринчи навбатда АҚШни Украинага Россия ҳудудидаги объектларга зарба беришга қодир бўлган тизимларни етказиб беришни истамагани, шунингдек етказиб берилган қуроллардан бундай зарбалар беришни тақиқлагани учун танқид қилганди.

Зеленский ғарбдаги ҳукуматларни тўғридан тўғри танқид қилишдан тийилган, аммо Украина ушбу бомбаларни ташувчиларни, хусусан россияликларнинг жанговар самолётларини йўқ қила оладиган воситаларга жуда муҳтож эканини таъкидлаган.
«Бизга [ҳамкорлар томонидан ташланадиган] шундай қадам керак», — дея ёзган Зеленский ўз телеграм-каналида.
Унинг сўзларига кўра, «одамларни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган аниқ қарорлар керак».
«Катта масофадаги нишонларга зарба бериш ва замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими — Россиянинг ҳар кунги террорини тўхтатиш учун асосдир. Буни тушунадиган барча ҳамкорлардан миннатдор бўламан», — дея ёзган Зеленский.
Ғарблик ҳамкорлар Украинага узоқ масофага зарба берувчи айрим қуролларини етказиб берган, жумладан, французларнинг Scalp ракеталари, инглизларнинг Storm Shadow ракеталари ва америкаликларнинг ATACMS ракеталари аллақачон ҳарбий ҳаракатларда қўлланмоқда, шунингдек АҚШнинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шаҳарларни ракета зарбаларидан ҳимоялашда қўл келмоқда.
Аммо бундай етказмалар маълум чекловлар билан амалга оширилади, хусусан Украина чегараларидан ташқарида қўллашга доир чекловлар қўйилган.
Шу билан бирга, Украина учун қурол етказиб берувчи асосий мамлакат бўлган АҚШдан ёрдам оқими — 2024 йил бошида миллий хавфсизликка доир қонун лойиҳаси бўйича Оқ уй ва Конгресс ўртасида юзага келган баҳслар туфайли тўхтаб қолган ва қарийб тўрт ой давомида янги қуроллар келмаганди.
Якунда қонун апрел ойида қабул қилинди, майда эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда катта масофага ҳаракатланувчи ракеталар яна олдинги чизиқларга етиб бора бошлади, лекин бу миқдор украин ҳарбийлари эҳтиёжларини қоплай олмаяпти. 25 июн куни анонс қилинган навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети ҳозирча ажратилмади.
Мавзуга оид

10:25
Россия Украина шаҳарларини ўққа тутишни кучайтирди — фотолар

23:14 / 14.06.2025
АҚШ дронларга қарши мудофаа тизимларини Украинадан Яқин Шарққа кўчирди

18:00 / 14.06.2025
Зеленский Украина тинчлик учун қандай муросага тайёрлигини айтди

13:18 / 14.06.2025