Ўзбекистон | 15:50 / 23.06.2024
7446
2 дақиқада ўқилади

Урганч халқаро аэропорти 20 июлдан вақтинча ёпилади

7 августгача таъмирлаш ишлари ўтказилади. Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади.

Фото: Uzbekistan Airports

Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан ёпилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Қайд қилинишича, таъмирлаш ишлари 20 июл Тошкент вақти билан соат 00:01 дан бошланади ва 7 август 23:59 гача давом этади.

Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади. Парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Таъмирлаш жараёнида узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.

Таъмирлаш ишлари якунлангач, аэропорт Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.

Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган эди.

Мавзуга оид