Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўзатом”: Жиззахда кам қувватли АЭС қурилиши шу йил ёздаёқ бошланади
Станция учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган. Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи бўлади, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади. Лойиҳа қиймати ва молиялаштириш манбаси ҳозирча маълум қилинмади.

Фото: “Ўзатом”
27 май куни, РФ президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Жиззахда атом электр станцияси қуришдаги ҳамкорликка оид ҳукуматлараро битимга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.
Шунингдек, “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “АЭС қурилиши дирекцияси” ДУК ва “Росатом” тузилмасидаги “Атомстройэкспорт” АЖ инжиниринг компанияси ўртасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича шартнома тузилди.
“Ўзатом” хабарига кўра, имзоланган келишувларга асосан, Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида 330 MW қувватга эга (ҳар бири 55 MW қувватли 6 та реактордан иборат) АЭС қурилади.
Станция қурилишида “Росатом” бош пудратчи бўлади, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади.

“Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган талаб 2050 йилга бориб деярли 2 баробарга ошиши тахмин қилиняпти.
“Энергетика тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодиёт ўсиши учун мамлакатимиз ўзини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ташқари, базавий энергия манбалари билан ҳам таъминлаши керак. Бутун дунёда биз янги ядро қувватларини яратишга – ҳам юқори қувватли атом электр станциялари, ҳам кичик модулли реакторлар лойиҳаларига қизиқиш ортиб бораётганини кўрмоқдамиз. “Росатом” билан ҳамкорликни кенгайтириш эса энергетика комплексимизни атом энергетикаси соҳасидаги илғор технологиялар билан мустаҳкамлаш имконини беради, деб ҳисоблаймиз”, – деди Аҳмадхўжаев.
“Росатом” директори Алексей Лихачевнинг сўзларига кўра, унинг раҳбарлигидаги корпорация кам қувватли АЭС лойиҳасини қуриш бўйича экпорт шартномасини тузган жаҳондаги биринчи компания бўлган.
“Ва бу шунчаки дастлабки келишув эмас, биз зудлик билан шу ёзда қурилишни бошлаймиз”, – деди Лихачев.
Расмий хабарда айтилишича, АЭС учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган, бу эса лойиҳани амалга ошириш вақтини сезиларли қисқартиради.
“Танланган майдонда қурилиш ишлари жорий йилнинг ёзидаёқ бошланади”, – дейилади “Ўзатом” ахборотида.
Қайд этилишича, қурилажак АЭС лойиҳасининг асосини Россиянинг энг сўнгги ишланмаси – РИТМ-200Н номли сувсувли атом реактори ташкил этади. Бу реактор кемаларда фойдаланиш учун мўлжалланган технологияни қуруқликда фойдаланишга мослаштириш натижасида кашф этилган.

РИТМ-200Ннинг иссиқлик қуввати – 190 MW, электр қуввати 55 MW, хизмат муддати 60 йилгача. РИТМ-200Н реактори Арктиканинг оғир шароитида Россиянинг энг янги музёрар кемаларида синовдан ўтказилган.
“Кам қувватли АЭСлар бир қатор афзалликларга эга. Аввало, ихчамлиги туфайли йирик атом электр станцияларига нисбатан қурилиш муддати қисқароқ бўлади. Бугунги кунда кам қувватли АЭСлар – жаҳон атом энергетикаси саноати ривожида кузатилаётган яққол тенденциядир. МАГАТЭ маълумотларига кўра, ҳозирда бутун дунё бўйлаб ишлаб чиқилиши турли босқичларда бўлган тахминан 50 га яқин кам қувватли АЭС лойиҳалари ва концепциялари мавжуд”, – дейилади “Ўзатом” ахборотида.
Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралардан кейин берган баёнотида кам қувватли АЭС қурилиши ҳақида тўхталиб ўтган эди.
“Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга”, – деди Мирзиёев.
Тавсия этамиз
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
20 июлдан бошлаб 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди
Иқтисодиёт | 19:31 / 15.07.2025
Болаларни итдек вовуллатган «дефектолог»га янги жиноий иш очилди
Жамият | 18:06 / 15.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Украина Россияга келаси ҳафта янги музокаралар ўтказишни таклиф қилди – Зеленский
Жаҳон | 23:10 / 19.07.2025
-
Хитой Тибетда дунёдаги энг йирик ГЭС қуришни бошлади
Жаҳон | 22:48 / 19.07.2025
-
Озарбойжон AZAL самолёти ҳалокати бўйича Россияга қарши халқаро даъво тайёрламоқда
Жаҳон | 22:12 / 19.07.2025
-
Кластерларнинг фермерлар олдида жуда катта қарздорлиги бор — Қудбиев
Иқтисодиёт | 21:56 / 19.07.2025
Мавзуга оид

23:10 / 19.07.2025
Украина Россияга келаси ҳафта янги музокаралар ўтказишни таклиф қилди – Зеленский

14:57 / 19.07.2025
Россия рэп ижрочи Face'ни қидирувга берди

12:41 / 19.07.2025
Россия Адлия вазирлиги Activatica порталини «чет эл агентлари» рўйхатига киритди

11:44 / 19.07.2025