Ўзбекистон | 08:23 / 02.05.2024
2011
2 дақиқада ўқилади

Ер майдонлари олиб беришни ваъда қилган юрисконсулт ва фуқаро ушланди

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида ерни ноқонуний олиб беришни ваъда қилган юрисконсулт ва фуқаро ушланди, деб хабар бермоқда прокуратура департаменти. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, Шовот туман ҳокимлигининг юрисконсулти М.С. “Ю.Қ.” фермер хўжалигига қарашли 70 гектар ер майдонини 3 000 АҚШ доллари эвазига фуқаро С.Ю.нинг номига  ўтказиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаро Ш.И. фуқаро З.Ж.га Юқори Чирчиқ туманидаги “С.Р.” МЧЖ томонидан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келаётган 260 гектар ер майдонини 400 000 АҚШ доллари эвазига унинг номига расмийлаштириб олиб беришини айтиб, олдиндан 40 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид