Жаҳон | 18:10 / 13.03.2024
4387
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Латвиядаги янги элчиси иш бошлади

46 ёшли Тимур Раҳмонов ушбу лавозимда Қадамбой Султонов ўрнига тайинланган эди.

Фото: kuzstu.ru

Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Тимур Раҳмонов 13 март Латвия пойтахти Рига шаҳрига ташриф буюрди. 

Янги тайинланган элчи 2021-2024 йилларда Россиянинг Новосибирск шаҳридаги бош консул лавозимида ишлаган. Унинг консуллик округига Россиянинг Сибир федерал округи кирган. 46 ёшли дипломат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Рус, инглиз, поляк, испан тилларини билади. 

Тимур Раҳмонов ТИВ тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Ўтган йиллар давомида у вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Полша, Италия ва Испаниядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлади. 2017–2018 йилларда эса Ташқи ишлар вазирлигининг Урганч шаҳри ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Хоразм вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 

Тимур Раҳмонов Ўзбекистоннинг Латвиядаги дипломатик миссияси раҳбари (2019–2024) ҳамда Литва (2021–2024), Эстония (2020–2024) ва Финляндиядаги (2020-2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Рига шаҳрида) сифатида ишлаган Қадамбой Султонов ўрнига тайинланди.

Мавзуга оид