Ўзбекистон | 09:18 / 05.10.2023
1691
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Италия шарқшунос олимлари клуби ташкил этилади

Италияда Амир Темур ва темурийлар меросига оид анжуманлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Фото: Дунё АА

Жорий йил 28 сентябр-2 октябр кунлари Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиёнинг Италияга амалий ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ташриф давомида Неапол шарқшунослик университети, La Sapienza университети олимлари ҳамда Италия Марказий давлат архиви ва Sandro Teti Publishing House нашриёт уйи мутасаддилари билан самарали учрашувлар ўтказилди.

Неапол шарқшунослик университети профессори Микеле Бернардини Италияда Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб тарихий манбалар мавжудлигини таъкидлаб, Генуя, Венеция ва Рим архивларидан жиддий изланишлар қилиш заруриятини билдирди. У Италияда мазкур даврга оид тарихий манбаларни ўрганиш ва уларнинг каталогини шакллантиришда амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва Неапол шарқшунослик университети ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, илмий академик алмашинувларни йўлга қўйиш, «Ўзбекистон ва Италия шарқшунос олимлар клуби»ни ташкил этиш, Италияда Амир Темур ва темурийлар меросига оид анжуманлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Азамат Зиёнинг La Sapienza университети профессори Магда Педачи билан кечган мулоқоти чоғида Амир Темур ҳаёти ва давлатчилиги, 20 асрда туркистонликларнинг Европадаги ҳаёти, шу жумладан Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик аскарларнинг Италия партизанлари билан биргаликда фашистларга қарши курашда иштироки тўғрисида фикр алмашилди. Магда Педаче қадимги Туркистон ҳудуди, Марказий Осиё ва Ўрта Ер денгизи бўйича маълумотлар сақланадиган Италия муассасалари ҳамда тадқиқотчилари билан ҳамкорлик ўрнатишда кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Тарих институти директори, шунингдек, Италия Марказий давлат архивига ташриф буюрди ва Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Антонио Фрерате билан суҳбатлашди. Учрашув давомида архив фаолияти, фонди, реставрация қилиш тажрибаси ҳамда ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари билан яқиндан танишилди. Архивга аъзо бўлиш, тегишли маълумотларни излаб топиш, томонлар ўртасида алоқа ўрнатиш масалалари, ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг архивда изланиш олиб бориши ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

https://dunyo.info/uzk/obrazovanie/ozbekiston-fanlar-akademiyasi-tarix-instituti-italiya-oliy-talim-muass

Мавзуга оид