Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўғирланаётган” мақсадли квота: ғозғонликларнинг “ҳақи” нега бошқаларга ўтиб кетди?
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри учун Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтида 6 та мақсадли квота ажратилганди. Аммо уларнинг иккитасини шаҳарда бир ой ҳам яшамаган, бошқа ҳудуддан келган абитуриентлар “илиб кетиб”, талаба бўлди. Ғозғонликлар бундан норози.

Фото: Reuters
Мақсадли қабул нима?
Мақсадли қабул – қайсидир ҳудуд ва йўналишларда кадрлар етишмовчилиги сабаб ажратиладиган квота ҳисобланади. Мисол учун, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида шифокорлар етишмовчилиги бор. Ана шу етишмовчиликни тўлдириш мақсадида тиббиёт йўналишидаги ОТМда айнан ғозғонлик абитуриентлар учун давлат гранти асосида мақсадли квота ажратилади.
Мақсадли квотага даъвогарлик қилиш ёки қилмаслик абитуриентнинг ўзига ҳавола: агар хоҳласа, ҳужжат топшираётган пайтда мақсадли қабулда иштирок этмоқчилигини белгилаши керак бўлади.
Мақсадли квотанинг умумий квотадан фарқли жиҳати, унда пастроқ балл билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга кириш имкони бор. Аммо кейинчалик талаба маълум муддат ўз ҳудудида ишлаб бериши керак ва шундан кейингина дипломини қўлига олади.
Рақобат камроқ, имкон кўпроқ
Мақсадли қабулда иштирок этган абитуриентнинг талаба бўлиш имкони умумий квотага қараганда анча юқори бўлади. Сабаби бунда рақобат анча кам.
Масалан, 2023/2024 ўқув йилида Самарқанд давлат тиббиёт университетида педиатрия йўналиши бўйича Ғозғон шаҳри учун 3 та мақсадли квота ажратилган. Ушбу ўринлар учун 22 нафар абитуриент даъвогарлик қилган. Бу ҳар бир ўринга 7-8 абитуриент рақобатлашди, дегани.
Умумий квота бўйича эса Самарқанд давлат тиббиёт университетининг педиатрия йўналишига 92 та ўрин учун (давлат гранти 22 та, тўлов шартнома асосида 70 та) 9 200 нафардан ортиқ абитуриент давлат имтиҳонига кирган. Яъни 1 ўрин учун 100 абитуриент рақобатлашган.
Нусратова ўрнига Хайриев
Мақсадли квотани “ўғирлаш” жуда оддий: абитуриент ОТМга ҳужжат топширишдан олдин ўша ҳудудда доимий яшаш учун бирор хонадонда рўйхатдан ўтади. Кейин ҳужжат топширганида ўша манзилни кўрсатиб, мақсадли қабулда иштирок этади.
Мандат натижаларига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт университетида педиатрия йўналиши бўйича Ғозғон шаҳри учун ажратилган 3 та мақсадли квотанинг биттасига 144,8 балл тўплаб Жаҳонгир Хайриев эга чиққан ҳамда давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган. У ушбу балл билан умумий квотада тўлов шартнома асосида ҳам ўқишга қабул қилинмас эди. Чунки бу йўналишда ўтиш балли давлат гранти учун 161,7 баллни, тўлов шартнома бўйича 150,8 баллни ташкил этган.
Агар мақсадли қабул талабларига риоя қилинса, бу ўринга имтиҳонда 99,9 балл тўплаган, Ғозғон шаҳри, Мармаробод маҳалласида яшовчи Озода Нусратова исмли қиз талаба сифатида қабул қилиниши керак эди.
Сабаби, Навоий вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, Жаҳонгир Хайриев Ғозғон шаҳрида 1 ой ҳам яшамаган. У жорий йилнинг 19 июль куни шаҳарнинг Мармаробод маҳалласи, Осиё кўчаси 36-уйга доимий рўйхатга қўйилган ҳамда 14 август куни ушбу манзилдан рўйхатдан чиқарилган. Kun.uz манбасининг аниқлик киритишича, Жаҳонгир Хайриев Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшаб келган.
Аслида, Самарқанд давлат тиббиёт университетида Хатирчи тумани учун ҳам педиатрия йўналишида 3 та мақсадли квота ажратилган. Унда нега бу абитуриент айнан Ғозғон шаҳрининг мақсадли квотасига даъвогар бўлди, деган савол туғилади. Бунинг жавоби оддий: Хатирчи туманида аҳоли ва мактаб кўплиги сабабли мақсадли квотанинг ўзида ҳам рақобат кучлироқ бўлади. Масалан, Ғозғон шаҳрида 3 ўрин учун 22 абитуриент курашган бўлса, Хатирчи туманида 3 ўрин учун 82 абитуриент рақобатлашган.
Сулаймонова ўрнига Жалилов
Ғозғон шаҳрига Бухоро давлат тиббиёт институтида ҳам даволаш иши йўналиши бўйича 3 та мақсадли квота ажратилган. Уларнинг бирини 150,7 балл тўплаб Жавоҳир Жалилов эгаллаган (умумий квотада ушбу йўналишга давлат гранти асосида ўтиш балли 167,3 бўлган).
Аслида эса бу ўринга 114,1 балл тўплаган асли ғозғонлик, Гулистон маҳалласида яшовчи Нуршода Сулаймонова исмли абитуриент қиз қабул қилиниши керак эди. Сабаби, Навоий вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг юқоридаги маълумотида келтирилишича, Жавоҳир Жалилов асли Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан бўлган. У жорий йилнинг 18 июль куни Ғозғон шаҳри, Гулистон маҳалласи Товоқсой кўчасидаги 86-уйга доимий рўйхатга қўйилган. Бироқ 29 июль куни ушбу манзилдан рўйхатдан чиқиб кетган.
Қизиғи, айнан ушбу институтда ва айни шу йўналишда Шофиркон туманига ҳам 3 та мақсадли квота ажратилган. Бироқ бу Шофикрондан Ғозғон шаҳри каби 24 абитуриент эмас, 107 абитуриент рақобатлашган. Агар Жавоҳир Жалилов ўз ҳудуди, яъни Шофиркон туманидан мақсадли квотага даъвогар бўлганида тўплаган 150,7 балли билан давлат гранти асосида талаба бўлолмас эди. Чунки бу ерда учинчи мақсадли квотага эга чиққан абитуриент 165,4 балл тўплаган.
Ғозғонликлар норози
Ҳолат юзасидан бир нечта масъул ташкилотларга мурожаат қилинган. Бироқ тайинли жавоб олинмаган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги агар абитуриентлар Ғозғон шаҳрида доимий рўйхатда турган бўлса, уларни мақсадли қабул квоталари асосида талабаликка тавсия этмасликка ҳуқуқий ваколати йўқлигини билдирган.
Ғозғонликлар бу ҳолат адолатсизлик эканлигини, шаҳар учун ажратилган мақсадли квотада шу ҳудуд ёшлари фойдаланиши кераклигини таъкидлашмоқда.
Энди ўйлаб кўрайлик, ғозғонликлар ҳисобига ОТМга кириб олган шофирконлик Жавоҳир Жалилов ёки хатирчилик Жаҳонгир Хайриев ўқишни битиргач, Ғозғонга келиб шифокорлик қилади, деб ким кафолат беради? Йўқолган мантиқни излашда давом этамиз.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:00
Лёв ёки Кападзе. Миллий жамоа бошқарувида ўзгариш қилиш керакми?
Спорт | 11:30
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

16:59 / 23.06.2025
“Ясалган” жиноят: Навоийда икки қиз ИИБ “резултати” учун қамоққа тиқилди

22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти

13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда

18:28 / 01.05.2025