Жаҳон | 13:18 / 21.08.2023
14926
1 дақиқада ўқилади

Эквадор президентлигига номзод сайловга зирҳли нимча ва дубулға кийиб келди

Аввалроқ, президентликка номзодлардан бири отиб ўлдирилган эди.

Фото: Jose Jacome/EPA/ТАСС

Ўлдирилган Фернандо Вилявисенсио ўрнига «Construye» ҳаракатидан Эквадор президентлигига янги номзод бўлган Кристиан Сурита сайлов участкасига ўқ ўтказмайдиган жилет ва дубулға кийган ҳолда келди.

Овоз бергач, сиёсатчи қуролланган полициячилар ҳамроҳлигида сайлов участкасини тарк этди.

Қолган номзодлар ҳам кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида овоз беришди, бироқ зирҳли кийимлардан фойдаланишмади.

20 август куни Эквадорда муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Олий давлат лавозимига саккиз номзод даъвогарлик қилмоқда.

Хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғир бўлса-да, сайлов участкалари очилганидан кейинги дастлабки уч соат ичида сайловчиларнинг 20 фоизи иштирок этгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Construye» ҳаракатидан Эквадор президентлигига номзод Фернандо Вилявисенсио 9 август куни пойтахт Кито шаҳрида бўлиб ўтган митингдан кейин отиб ўлдирилган, шундан сўнг, Эквадорнинг амалдаги президенти Гилермо Лассо давлат миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Мавзуга оид