Ўзбекистон | 12:13 / 25.05.2023
4565
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти сайлови бўйича хорижда 56 та сайлов участкаси тузилади

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилади. Бу ҳақда 24 май куни Марказий сайлов комиссияси мажлисида маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Мажлисда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкаларини тузиш ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳларини тузишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.

Хусусан, Австрия, Афғонистон, Беларус, Белгия, Буюк Британия, Венгрия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Кувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбойжон, Покистон, Полша, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Уммон, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Швеция, Эрон ва Японияда — 1 тадан; АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Туркияда — 2 тадан; Қозоғистон ва Хитойда — 3 тадан; Россияда — 7 та сайлов участкалари тузилади.

Мажлисда шунингдек, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳлари тузилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид